Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

6,2 млн. ўқувчи талабини бажара олмаган Kundalik.com Халқ таълими вазирлиги ниҳоят муаммони тан олди

Пандемия бошланганидан буён таълим тизимида анчайин беқарорлик юзага келди. Бир онлайнга ўтилади, кейин анъанавийга, кейин эса яна онлайн таълим...

6,2 млн. ўқувчи талабини  бажара олмаган Kundalik.com  Халқ таълими вазирлиги ниҳоят муаммони тан олди

Дарсни олиб боришдаги чалкашликлар эса ўқитувчиларнинг ҳам, ўқувчию ота-оналарнинг ҳам ҳиқилдоғига келди. Биров телеэфирлар орқали ўтилаётган дарсларда қатнашиш керак деса, бошқа бир ўқитувчи ўзи телеграм ижтимоий тармоғи орқали жўнатган дарс­ларни бажаришни талаб қилади. Мактаб маъмурияти эса шу вақтгача Kundalik.com орқали дарсларни ўтиш, уйга вазифаларни жойлашни талаб қилавериб чарчади. Kundalik.com эса кимдадир ишлайди, кимдадир бўлса узоқ ўйланиб-ўйланиб ишлайди. Кимдир Kundalik.com учун тўлов қилмаган, оқибатда фарзанди аълочи бўлса-да, уйга вазифани жойлай олмагани учун қолоқлар сафига тушиб қолган. Хуллас, бу муаммолардан бутун тизим чарчагани рост.

Қишки таътилдан кейин мамлакатимиздаги ўрта таълим мактаблари ва олий таълим муассаларида таълим шакли яна онлайнга ўтқизилган эди. Ва шу билан Kundalik.com платформасидаги чексиз муаммолар яна бошланди. Ота-оналар, ўқитувчилар, мактаб ўқувчилари ярим тунгача платформага кира олмасдан хуноб бўлишмоқда. Ҳозирги кунда юртимизда 6,2 миллион ўқувчи бор. Албатта, уларнинг барчаси ҳам бу платформага уланмаган. Шунга қарамасдан Kundalik.com’даги узилишлар ота-оналарнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлди. Ахир ишдан чарчаб келиб битта уй вазифасини платформага жойлаш учун ярим тунгача овора бўлиш тўғрими?

Шундай муаммолар ортидан 1 февраль куни онлайн таълим даври якунига қадар Kundalik.com платформаси билан боғлиқ бир қатор чеклов ва талаблар бекор қилиниши ҳақида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Бунга сабаб эса сўнгги кунларда масофавий таълим олаётган ўқувчиларнинг ота-оналари ва ўқитувчилардан электрон кундалик интернет платформаси билан боғлиқ кўплаб саволлар ва мурожаатлар келиб тушганлигидир.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова брифингда бу ҳақида батафсил маълумот берди.

Энди онлайн таълим жараёнида ҳам анъанавий мактабдаги сингари баҳолаш тизимини қўллаш мумкин. Яъни, ўқитувчилар ҳар кунлик уйга вазифаларни белгиланган иш меъёрлари ва вақтлари доирасида, бир кунда кўпи билан 20 (йигирма) фоизини баҳолаши мумкин. Масалан, синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, бир кунда 7 нафар ўқувчи уйга вазифа топшириб баҳоланади, кейинги дарс учун кейинги 7 киши баҳоланади ва ҳоказо, ушбу меъёрдан ортиқ ўқувчини баҳолаш ўқитувчининг ўз ихтиёрига кўра, ўқувчи ва ота-оналар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, ўқитувчиларга масофавий, яъни онлайн шаклдаги таълим даври мобайнида Kundalik.com статис­тик ҳисоботида «дарсларни ўз вақтида қайд этиш» ва «режалаштириш» кўрсаткичлари ҳисобга олинмаслиги маълум қилинди.

Бўлар экан-ку мана, муаммони тан олишса. Ўтган йилнинг ноябрь ойида ушбу платформа ҳақида Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати қуйидагича хабар берган эди: «Аввалгидек, мактаб­лар учун бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган қоғоз муқобилида бўлгани каби, ўқитувчилар учун электрон журналдан фойдаланиш бепул тақдим этилади. Кўп йиллар давомида электрон журнал ва кундалик қўлланилаётган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ўқитувчилар унинг ёрдами билан ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежайди. Мазкур тежалган вақтни эса ўқитувчи болалар билан ижодий шуғулланишга ёки қўшимча ўқув материалларини ўзлаштиришга сарфлаши мумкин».

Аммо платформа афсуски вақтни тежаш эмас, уни зое кетказишга, асаббузарликларга, ўқитувчи ва ота-оналар ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Чунки, охиригача мукаммал ишлаб чиқилмаган, бирваракайига миллионлаб фойдаланувчилар кириш имконияти бўлмаган, чала бир лойиҳани татбиқ этиш, таълим тизимидан «тажриба қуёнчаси» ясашнинг оқибати яхши бўлмаслиги аниқ эди аслида.

Бунинг устига электрон кундаликка кириш учун ҳар бир ўқувчидан 8600 сўмдан тўлов ундирилиши белгилаб қўйилган. Энди юртимизда 6 млн. 200 мингдан ошиқ ўқувчи борлигини ва уларнинг ҳеч бўлмаганда 60 фоизи ушбу платформага аъзо бўлишга мажбурланаётганлигини ҳисобга олсак, ҳазилакам пул йиғилаётгани йўқ.

Наҳотки шу маб­лағнинг маълум бир қисмини сарфлаб платформа мукаммал ишлашини йўлга қўйишнинг имкони бўлмаса?!

Қачонгача бир ишни чала, «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида бажараверамиз? Қачонгача ўзимизда йўқ имкониятлар, ўзимизда мавжуд бўлмаган ёлғон нарсалар ҳақида оғиз кўпиртирамиз? Қачонгача инсонларга, халққа енгиллик берадиган эмас, уни руҳий чарчоққа, тушкунликка олиб борадиган услубларни, йўлларни топишда ва қўллашда давом этамиз? (Масалан, IMEI код учун тўлов, Kundalik.com учун тўлов...)

– Фарзандларимиз саломатлиги ҳақида қайғураётган масъулларимиздан ўз зурриёдининг бугуни ва келажагига бефарқ қарамайдиган она сифатида миннатдорман, – дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Садоқат Содиқова. – Умумтаълим мактабларимизда шундоқ ҳам таълим сифати ҳаминқадар бўлиб турган пайтда бир-бирини инкор этувчи кундалик тизими ва онлайн дарслардаги номувофиқликлар келажагимиз эгаларининг тақдирига, (қўпол бўлса ҳам айтаман) иштиёқига тупуриб қўйиш билан баробардир. Электрон кундаликда бошқа вазифа, онлайн дарсларда бутунлай бошқа мавзу ва вазифалар… Асабни янада таранглаштирадигани шундаки, кундаликка уй вазифаларини юклаш ва ўқитувчиларига йўллаш интернетимиз тезлиги ҳаминқадар шароитда қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.

Ачинарлиси (устозларга нисбатан ҳурматим чексизлигини таъкидлаган ҳолда), ўқитувчилар ҳам ноодатий вазиятда қандай ҳаракат қилиш бўйича кўникмага эга эмас. Иш бошида камчилик бўлиши табиий, албатта, лекин таълим соҳасида адашишга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлайман. Илтимосим, бир қарашда майда кўринадиган, лекин аслида ҳаёт-мамот масаласига дахлдор халқ таълими тизимидаги камчиликлардан бир сония ҳам кўз юммаслик зарур.

Ижтимоий тармоқларни кузатганимизда бир сутка ичида ушбу платформа манзилига йўлланган 900 тадан зиёд салбий фикрларга гувоҳ бўлдик. Энди савол туғилади, шу тизим бизга ростдан ҳам керакмиди? Агар керак бўлса уни нега ҳамма учун қулай, ҳатто 5-синф ўқувчиси ҳам бемалол кириб видеоёзув, аудиоёзув жойлай оладиган шаклда қилинмаган? Нега менга ўхшаган 2, 3, 4 фарзанди онлайн ўқиётган ота-оналарнинг вақт кетказиши, асаббузарлик­лари, чарчоқларини ҳисобга олмасдан бу тизим жорий қилинган? Битта видеоёзувни жойлаш учун камида учта дастур орқали унга ишлов беришим кераклигини айтсам тилим, айтмасам ўзим куйиб кетаман.

Хуллас, бу лойиҳа ё мукаммаллаштирилиши керак, ё бутунлай тугатилиши мақсадга мувофиқ. Чунки охирига етказилмаган, чала лойиҳалар ортидан доим шундай норозиликлар, асаббузарликлар келиб чиқаверади.

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Биоқароқчиликнинг янги қиёфаси:  битта чумоли  220 доллар

Биоқароқчиликнинг янги қиёфаси: битта чумоли 220 доллар

🕔15:39, 13.04.2026 ✔35

Замонавий дунёда экзотик жониворларга бўлган қизиқиш нафақат ноёб қушлар ёки судралиб юрувчиларни, балки ҳашаротлар оламини ҳам қамраб олди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб «formikary» (сунъий чумоли уялари)  трендининг авж олиши кутилмаган экологик муаммони – чумолилар контрабандасини юзага келтирди. Хўш, бу ўзи қандай тенденция? Одамлар нима учун чумоли боқяпти?

Батафсил
Тоғлар орасидаги  Қорачакияда  янги йўллар бўлади

Тоғлар орасидаги Қорачакияда янги йўллар бўлади

🕔15:59, 02.04.2026 ✔137

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўшработ туманининг энг олис нуқталаридан бири – Қорачакия қишлоғида бўлди.

Батафсил
Давлат идоралари  «қоғозсиз иш  тартиби»га ўтади

Давлат идоралари «қоғозсиз иш тартиби»га ўтади

🕔15:31, 26.03.2026 ✔186

Мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги қарори билан давлат идораларида қоғоз сарфини кескин қисқартириш ва иш жараёнларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш чоралари белгиланди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Биоқароқчиликнинг янги қиёфаси:  битта чумоли  220 доллар

    Биоқароқчиликнинг янги қиёфаси: битта чумоли 220 доллар

    Замонавий дунёда экзотик жониворларга бўлган қизиқиш нафақат ноёб қушлар ёки судралиб юрувчиларни, балки ҳашаротлар оламини ҳам қамраб олди. Сўнгги йилларда дунё бўйлаб «formikary» (сунъий чумоли уялари)  трендининг авж олиши кутилмаган экологик муаммони – чумолилар контрабандасини юзага келтирди. Хўш, бу ўзи қандай тенденция? Одамлар нима учун чумоли боқяпти?

    ✔ 35    🕔 15:39, 13.04.2026
  • Тоғлар орасидаги  Қорачакияда  янги йўллар бўлади

    Тоғлар орасидаги Қорачакияда янги йўллар бўлади

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўшработ туманининг энг олис нуқталаридан бири – Қорачакия қишлоғида бўлди.

    ✔ 137    🕔 15:59, 02.04.2026
  • Давлат идоралари  «қоғозсиз иш  тартиби»га ўтади

    Давлат идоралари «қоғозсиз иш тартиби»га ўтади

    Мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги қарори билан давлат идораларида қоғоз сарфини кескин қисқартириш ва иш жараёнларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш чоралари белгиланди.

    ✔ 186    🕔 15:31, 26.03.2026
  • Ҳар кунинг  наврўз  бўлсин!

    Ҳар кунинг наврўз бўлсин!

    Баҳор насимига сумалакнинг муаттар ислари қўшилиб, дилларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Турфа гуллар Наврўз пойига поёндоз тўшаётганини кўриб дилинг яйрайди!

    ✔ 194    🕔 11:01, 24.03.2026
  • Қалбаки дорилар  жиддий  таъқиб қилинади

    Қалбаки дорилар жиддий таъқиб қилинади

    Бугун дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ёшлар орасида турлича таъсир қиладиган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва спорт озуқалари оммалашиб бормоқда.

    ✔ 303    🕔 14:46, 12.03.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар