Бутун инсоният глобал исиш, атроф муҳитнинг ифлосланиши ва углеводород захираларининг камайиши муаммоларига дуч келмоқда. Мутахасислар фикрига кўра, мазкур муаммоларни ҳал этишнинг самарали усулларидан бири «яшил» водороддан фойдаланишдир.
Жаҳон энергетикасида атроф муҳитга чиқиндилар чиқарилишини камайтириш билан боғлиқ глобал трансформация жараёни кечмоқда. Етакчи ривожланган мамлакатлар ўзининг ривожланиш стратегияларида иқлим ўзгаришлари билан курашиш доирасида, шу жумладан, Иқлим бўйича Париж келишувига асосан, чиқарилаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш билан боғлиқ мақсадларни кўзламоқда. Мақсадларга эришишда қайта тикланувчи энергия манбалари муҳим ўринга эга.
Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда энергия ресурсларига бўлган талабнинг таркибий жиҳатдан ўзгаришига, жумладан, углеводород ресурсларининг ўрнини бошқа манбалар ҳисобига қоплашда экологик тоза ҳисобланган қайта тикланувчи энергия манбалари билан бир қаторда «яшил» водород энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва водород энергетикаси инфратузилмасини барпо этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Халқаро экспертлар томонидан водороднинг жаҳон энергетикасидаги улуши 2050 йилга келиб 18 фоизни ташкил қилиши ва XXI аср сўнгига келиб 40 фоиздан ошиши прогноз қилинмоқда. Бритиш Петролеум компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги тасдиқланган нефть захиралари, ишлаб чиқаришнинг ҳозирги суръатлари сақланиши шароитида, эллик йиллик эҳтиёжни қоплаши мумкин. Бошқа манбалар шуни кўрсатадики, сайёранинг ҳозирги нефть истеъмоли даражаси сақланганда атиги 53 йилга, табиий газ эса тахминан 60 йилга етади.
Хўш, соҳанинг мамлакатимиздаги ҳолати қандай?
Аввало айтиб ўтиш керакки, водород мамлакатимизда экологик тоза ёнилғи сифатида ишлатилади. Водород ёниши жараёнида фақат сув буғлари ажралиб чиқиб, ёниш жараёнида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарилади. Водороддан ёқиш жараёнисиз тўғридан-тўғри электр энергияси олинади ва натижада фақат тоза сув ҳосил бўлади. Бу элементлардан водород автомобилларида ҳам фойдаланилади.
Мамлакатимизда водород энергетикаси соҳасини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги «Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион маркази»ни ташкил этиш таклифини ишлаб чиқди.
Ушбу марказда водородни олиш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб борилиши назарда тутилади.
Ўзбекистон табиий газ захиралари бўйича дунёда 19-ўрин, кўмир бўйича 25-ўрин ва нефть захиралари бўйича 45-ўринда туради. Шу билан бирга, мамлакат захиралари кўрсаткичлари дунёнинг топ 10 та давлатига нисбатан анча паст. Республикада ишлаб чиқарилаётган нефть ҳозирданоқ мамлакат эҳтиёжларини қондира олмаяпти. Ҳозирги тасдиқланган нефть ва газ захиралари, ҳозирги истеъмол даражаси сақланганда, 25-35 йилга етади холос. Кўмир захиралари узоқроқ муддатга хизмат қилади, аммо кўмирнинг ўзига хос экологик камчиликлари бор.
Саноатнинг ривожланиши ва аҳоли сонининг кўпайиши эҳтиёжларнинг ўсишига олиб келади. Уни қондириш учун энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш талаб этилади. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган эҳтиёж қарийб 121 миллиард кВт/соатни ташкил этади, ҳозирги пайтда эса 70 миллиард киловатт/соатдан бироз кўпроқ. Глобал исиш ва атроф муҳитнинг ифлосланиши инсоният олдига қайтариб бўлмайдиган жараёнларнинг бошланишига йўл қўймаслик вазифаларини қўймоқда.
Таъкидлаш лозимки, «2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси»га мувофиқ, 2030 йилга келиб углеводород ёнилғисидан фойдаланмасдан электр энергияси ишлаб чиқарувчи ўрнатилган қувватларнинг улуши ГЭСлар қувватини 3800 МВтга етказиш, қуввати 3000 МВт бўлган шамол ва 5000 МВт бўлган қуёш электр станцияларини, 2400 МВт қувватга эга атом электр станциясини қуриш ҳисобига 50 фоизга яқинлашади. Бунда ўзгарувчан қуёш ва шамол электр станцияларининг улуши 25 фоиздан ортиқ бўлади.
Тан олиш лозимки, ўзгарувчан ишлаб чиқариш қувватларининг бундай катта улуши қувват балансини тартибга солишда қийинчиликлар туғдиради. Энергия балансини ишончли тартибга солиш ва истеъмолчиларни юқори сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун етарли миқдорда ва сифатли захира қувватлари – «аккумуляторлар» талаб қилинади.
Ҳар бир манбанинг ўзига хос устувор ва заиф томонлари бор ва шунга кўра улар турли улушларда ишлатилиши мумкин. Охирги йилларда ишлаб чиқариш таннархи сезиларли арзонлашаётган «яшил» водород келажакда салмоқли улушга эга бўлиши кутилмоқда. Водород фақат энергетика соҳасида эмас, балки бошқа кўпгина соҳаларда ҳам муҳим хомашё сифатида қўлланилиб келинмоқда.
Жумладан, водороднинг асосий истеъмолчиси кимё саноати бўлиб, бу ерда водород асосан аммиак ва метанол ишлаб чиқариш, шунингдек, нефт-кимё саноати учун ишлатилади. Нефтни қайта ишлашда унинг ёрдами билан турли нефть маҳсулотлари олтингугурт бирикмаларидан тозаланади. Қора ва рангли металлургияда водород турли технологик жараёнларда, масалан, сарфланган катализаторлардан олинадиган оксидларини камайтириш орқали соф металларни олиш учун ишлатилади. Хусусан, кимёвий жиҳатдан соф мис, волфрам ва молибден ишлаб чиқариш учун юқори тоза водород талаб қилинади.
Бундан ташқари радиотехника саноатида водород ярим ўтказгичли қурилмалар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Озиқ-овқат саноатида водород суюқ ёғларни, яъни ўсимлик мойларини гидрогенлаш учун ишлатилади. Ёғларнинг тўйинмаган ёғли кислоталари таркибидаги қўш боғларни қисман каталитик гидрогенациялаш, кейинчалик маргаринлар, махсус ёғлар ва совунларни ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин бўлган «саломас» олиш имконини беради.
Ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида водород энергетикаси соҳасида изланишлар бошланғич даврда эканлиги сабабли, мазкур йўналишга устувор эътибор қаратилса, республикамиз ушбу соҳада етакчи давлатлар қаторига қўшилиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлигининг асосий функцияларидан бири этиб, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида муқобил ва экологик тоза энергия манбаи – «яшил» водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллаш бўйича инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этишни ташкил қилиш белгиланган.
Водород қолган барча энергия манбаларига нисбатан афзаллик ва устунликларга эга бўлишига қарамасдан, келажакда дунё миқёсида, бошқа қайта тикланувчи энергия манбалари каби ягона энергия манбаси бўла олмаслиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу билан бир қаторда, водород энергетикасининг бошқа қайта тикланувчи энергия манбалари билан биргаликда қўлланилиши атроф муҳитни ифлослантириш ҳамда қазиб олинадиган табиий ёқилғи захираларини асраш бўйича умуминсоний муаммоларини ҳал этишнинг самарали усулларидан бири сифатида намоён бўлиши мумкин.
Шуҳрат ИСАЕВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги
бошқарма бош мутахассиси