Қайсидир китобда инсоният фикрлай олиши билан жамики ҳайвонлардан фарқ қилади, деб ёзилган жумлани ўқиб қолгандим. Қаранг-а, инсониятнинг имкониятлари нақадар кенг. Бир вақтлар одамзот балиқдек сувда сузишни, қушлар каби осмонда парвоз қилишни истаган.
Тафаккурини ишга солиб, бу мақсадларига ҳам эришди. Табиатнинг неъматларидан баҳраманд бўлиш, ҳайвонларни ўзига бўйсундира олиш ҳам фақат инсонларгагина берилган олий мукофотдир. Лекин бу одамзот жониворларни хўрлаши, уларга ваҳшийларча муносабатда бўлиши мумкин дегани эмас.
Яқинда ижтимоий тармоқда кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган бир видеони кўрдим. Унда 9-13 ёшлар атрофидаги болалар итни бўйнидан арқон боғлаб осгани, сўнгра улоқтириб юборгани акс этган. Бечора ит типирчилай-типирчилай жон таслим қилган. Бошқа бир видеода эса икки киши бир итни оёғидан дарахтга илиб, триклайин терисини шилаётгани кўрсатилган. Бундай ваҳшиёна ишлар тасвирланган видеони кўриш тугул, ўйласанг ҳам даҳшатга тушасан киши. Дийдаси шу қадар қаттиқ, бемеҳр, бешафқат инсонлар орамизда борлигидан, қилаётган ишини аввало ўз танасига ўйлаб кўрмаганидан кишида нафрат уйғонади. Афсуски ана шундай кимсалар сиз ва бизнинг ён-атрофимизда.
Узоққа бормай, яқинда ўзим гувоҳ бўлган воқеани сўзласам. Шофирконга элтувчи автомобиль йўли муюлишида «Матиз» русумли автомобиль итни уриб юборди. Натижада итнинг бир оёғи ғилдирак остида қолиб, инграй бошлади. Ҳайдовчи эса машинани йўл четига олиб, итга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто йўлнинг ўртасидан четга чиқариб қўйишни ҳам хаёлига келтирмади. Ортига ҳам қарамай кетди. Бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин?!
Дарвоқе, баъзи одамлар ўзаро жанжаллашганда жаҳл билан «бошингга итнинг кунини соламан» каби иборани қўллайди. Бу ҳайвонларга нисбатан амалда қилинган ва қилинаётган шафқатсизликларнинг муомаламиздаги ифодаси-да, шундайми?
Эҳ, одамлар... Инсон ҳам шунчалик ваҳшийликка борадими? Бармоғингизга кичкина зирапча кирса, қанчалар дод-вой қиласиз. Сал тилинса шифокорга югуриб қоласиз. Ахир ҳайвонларда ҳам сизу бизда бўлгани каби ширин жон бор-ку!
Бир хабарда ҳайвонларни ушлаш отряди ҳодими кўчада қаровсиз қолган мушукларни целлофан пакетда димлаб ўлдирганлиги, содир этган жинояти учун икки минимал иш ҳақи миқдорида жаримага тортилганлиги ёзилганига кўзим тушди. Сизнингча бу етарлими? Жазонинг юмшоқлиги, жариманинг ўта пастлиги ҳам жониворларни қийнаш, ўлдириш каби ҳодисаларнинг ҳанузгача давом этишига сабаб бўлмаяптими?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Ҳиндистонлик сиёсатчи, давлат ва жамият арбоби Маҳатма Ганди айтганидек: «Миллатнинг буюклиги ва маънавий ривожланганлиги унинг жониворларга бўлган муносабати билан белгиланади».
Муҳайё ШОЙИМОВА
Темир йўл хизмати: Йўловчилар эътирозларига вазирнинг эътибори қаратилди
🕔15:04, 11.06.2026
✔176
Темир йўл транспорти соҳасида рақамлаштириш ва янги йўналишлар қурилиши борасида ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланаётган бўлса-да, тизимнинг ички ҳолати, хизмат кўрсатиш сифати ва оддий йўловчилар учун яратилган шароитлар жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатмоқда.
Батафсил
Пиёда ва велосипед учун ноқулай кўчалар: Дангасалик ва ижтимоий муаммолар томон етакламоқда
🕔16:45, 04.06.2026
✔249
Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда кўпинча овқатланиш, спорт ёки зарарли одатлар тилга олинади. Аммо инсоннинг ҳар куни қандай юриши, қанча ҳаракат қилиши кўп жиҳатдан унинг яшаётган шаҳри билан боғлиқ.
Батафсил
Хатарли «рекорд»лар ёхуд жароҳат ёқасидаги масъулиятсизлик
🕔15:50, 21.05.2026
✔437
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган навбатдаги видео лавҳа жамоатчиликни ҳам ҳайратга солди, ҳам чуқур хавотирга қўйди.
Батафсил