Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ЁЛҒОН ТУЗОҒИ

ёхуд «Кизб туз эл оллида мазмум эрур»

Алишер Навоий бобомизнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонларида ота-онага ҳурмат, иймон, адолат, сахийлик, тўғрилик, омонатга хиёнат қилмаслик, сабр-қаноат, вафо, шукр, айниқса, ростгўйликка даъват етакчилик қилади. Мана шундай фазилатларга эга бўлган одамнинг оила ва атрофдагилар олдида обрўйи ва ҳурмати ошиши таъкидланади.

Ота-онасини ранжитадиган, ваъдасида турмайдиган, бировнинг омонатига хиёнат қиладиган, дўстга вафосиз, ёлғон сўзлайдиганларнинг уятга қолиши ёки бирор фалокатга учраши айтилади. Достондаги «Ёлғонни чин деб сўзлайдиган дуррожнинг ўз ёлғони тузоғига тушгани. Уни ёлғончилигини билган дўсти шернинг дуррож дод-фарёдига парво қилмагани ва фалокатдан қутқармагани», деб номланган ҳикоятда етти ёшдан етмиш ёшгача ибрат бўларлик воқеа баён этилади.

Бор эди бир бешада бир тунд шер, Ваҳшат аро кўк асадидек далир… Яъни бир чангалзорда самодаги асад буржидек улкан, бадқовоқ она шер яшар эди. Ундан ҳамма қўрқар, кўзи тушган жонзот борки, уни узоқроқдан айланиб ўтишга, ўткир кўзларидан йироқроқ бўлишга уринарди. Қушлар эса, шернинг қадам товушини эшитганлари заҳоти «пирр» этиб учиб кетишарди. Кунлардан бир куни шу шер болалади. У чангалзорнинг бир жойидан бошқа жойига кўчганда ўзининг жажжигина, ҳали кўзлари ҳам очилмаган болаларини оғзида тишлаб юрарди. Чунки чангалзорда заҳарли илонлар бўлиб, болаларини чақиб олишидан хавотирда эди… Худди шу чангалзорда бир дуррож ҳам истиқомат қиларди. У доимо шернинг ўкириги, қадам товушидан ваҳимага тушарди. Мурғак болаларини оғзига тишлаб чангалзорда юрган шер ўзига яқинлашди дегунча, унинг бутун вужудини қалтироқ босар, «пирр» этганча кўздан ғойиб бўларди. Оёғи остидан учиб кетган дуррож шовқини чўчитиб юборган шер, оғзида тишлаб келаётган боласига тишини ботириб олганини билмай қоларди. Оқибатда ожиз шерча озор чекарди.

Ҳикоятнинг шу жойида ибрат бўладиган биринчи хулоса бор. Ҳаётда баъзи одамлар бошқаларнинг ўзидан қўрқишини исташади. Шу билан мақтанишни яхши кўришади. Ҳатто зўрлик билан жамиятда ўрин топмоқчи бўлишади. Мана шундай фикрлайдиганлар шер билан бўлиб ўтган ушбу воқеани билиб қўйсалар ёмон бўлмасди. Зотан, ниҳоятда кучли, довюрак, барча ҳайвонларнинг шоҳи бўлган шер ҳам бошқаларнинг ўзидан қўрқиши сабаб фойда эмас, зарар кўрди. Жонзотларга ҳайбати ва зўравонлиги билан даҳшат солгани боис, жонидан азиз боласига озор етказди.

Ўзидан қўрқиб-қалтирайдиган ожизгина бир қуш туфайли пайдо бўлган бу муаммодан шернинг юраги ғамга ботарди. Бу ғамдан қандай қутулишини билмай, куну туни мотам билан ўтар, боши қотарди. Шунда унинг хаёлига «Яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан пичоқ қинидан чиқади», деган ҳикмат келди. Қанчалар кучли, обрўли ва довюрак бўлмасин, бир ожиз дуррож олдига бош эгиб боришни ор билмади. Унинг кўнглига йўл топиш лозим, деган хулосага келди. Дуррожга ўзи билан дўст бўлишни таклиф этди. Уни ўз ҳимоясига олишга ваъда берди. Шу тариқа, шер билан дуррож абадий дўст бўлишга аҳдлашдилар. Демак, одам қанчалик кучли, довюрак, обрў-эътиборли бўлмасин, дўстсиз яшолмас экан. Ҳар қандай муаммо дўстлик туфайли ечим топиши мумкин экан.

Ҳикоятдан олинадиган иккинчи хулоса дуррожнинг ёлғонни кўп гапириши билан боғлиқ.

Шер эшитиб анинг илҳонини,

Фаҳм қилиб савтида ёлғонини.

Дер эди: «Ёлғон демаким, шум эрур,

Кизб туз эл оллида мазмум эрур».

Шер унинг хонишини эшитиб, ёлғон сўзлашини билиб қолди. Дўстлик аҳд-паймонига садақати боис дуррожга тўғри йўл кўрсатиб, шундай насиҳат қилди: «Ёлғон сўзлама. Бунинг оқибати ёмон бўлади. Эл сени ёлғончи деб таниса, сендан нафратланади». Аммо ҳайвонот шоҳи билан дўст бўлганидан маст дуррож бундай насиҳатга эътибор бермас, ёлғон (кизб) сўзлашини қўймас эди.

Дуррож, худди Навоий бобомизнинг бошқа бир ҳикоятларида келадиган ёлғончи чўпондек, ўз ёлғонлари билан кўп бор шернинг садоқатини «синаб кўрди». Ёлғондан дод солиб, дўстини ёрдамга чақирди. Зудлик билан ёрдамга етиб келган шер эса, дуррожнинг фалокати эмас, аҳмоқона ёлғонининг устидан чиқарди. Оқибатда шер дуррожга ишонмай қўйди. Кунлардан бир куни дуррож, рости билан, ўз ёлғони тузоғига илинди. Қасдига тушган бир овчи уни тутиб олди. Аммо дуррож шу даражада кўп ёлғонлаган эдики, бу сафар шер унинг ростдан дод солаётганига ишонмади. Шундай қилиб, дуррож шундай улуғвор, довюрак ва обрўли дўстининг ишончига хиёнат қилди. Ёлғончилиги боис содиқ дўстидан, ҳатто ҳаётидан жудо бўлди.

Ҳикоят хулосасида, Навоий бобомиз, барча-барчамизга, айниқса, ҳаётнинг мураккаб сўқмоқлари томон эндигина қадам ташлаётганларга шундай мурожаат қилади: Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил, Рост наво нағмаға таҳсин дегил… Улуғ бобомизнинг бу ҳикматларини ҳаммамиз ҳаёт йўлимизда дастуриламал қилсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ, филология фанлари доктори




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔13

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар