Бағрикенглик лабораториясини ишга туширган юрт
«Ўзбекистоннинг бойликлари кўп. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз — жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлигимиздадир».
Ислом КАРИМОВ
Қўлни қўлга бериб...
Дунёнинг мафкуравий манзараси деярли ҳар куни ўзгариб бораётган таҳликали бир вазиятда, беҳисоб шукрки, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўзининг неча минг йиллик тажрибаси шарофатидан дунё халқларини тинчлик ва омонликка даъват этиб келмоқда.
Бир пайтлар буюк бобокалонимиз Амир Темур: «Қайси миллат боласи бўлмасин, бошига бир лаган тилла билан сарҳадимнинг у бурчагидан то бу бурчагигача юрса ҳам ҳеч ким унинг омонатига хиёнат қилмайди», дея дунёга адолат билан давлатни бошқариш ҳадисини ўргатган эди. Мана, орадан неча аср ўтиб, тарихий илдизларимиз батамом қайта тикланди. Бугун мустақил диёримизда бағрикенглик, тотувлик, тинчлик-осойишталик мустаҳкам қарор топди.
Ўзбекистондан 100 минг киши репрессия қилиниб, 13 минг киши отиб ташланган, миллатлараро тотувлик тамойиллари буткул поймол бўлган йилларда ҳам «Сен етим эмассан» шиорини қалбига муҳрлаб, охирги нонини ота-онасиз болаларга тутган темирчи Шоаҳмад ота жасорати ҳали дунё ҳамжамиятининг хотирасидан ўчгани йўқ. Биргина ўзбек оиласи миллати, дини, ирқи ва бошқа тафовутлардан қатъи назар, ўндан зиёд болани бағрига олиб, вояга етказди. Тарихимизда бундай меҳрибон инсонлар, бундай бағрикенг оилалар беҳисоб. Охирги бурда нонини ўзи емай, меҳмонга тутадиган халқимиз бағрикенглик борасида дунёга дарс бериб келяпти.
Халқимизнинг бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади, деган гапи бежиз эмас.
Юртимиз аҳолисининг аксарияти ислом динига эътиқод қилса-да, 16 та диний конфессиянинг 15 таси бошқа дин вакилларига тегишли. Айниқса, диний байрам ва маросимларда нафақат диндошлар, ҳатто, бошқа дин вакилларидан ҳам қутлов ва табриклар эшитиш бизда одатий ҳолга айланиб улгурган. Мулоқот ва анжуманлар, илмий суҳбатлар эса доимо ҳамжиҳатликда ўтказилмоқда. Эзгулик йўлидаги бундай ўзаро намунали ҳамкорликка дунё ҳавас қилса арзийди.
Мактабларимизда 7 тилда таълим берилаётгани, 10 тилда теле ва радио чиқишлар, 150 га яқин миллий-маданий марказлар фаолият юритаётганининг ўзиёқ барча миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бирдек таъминланаётганининг яққол ифодаси эмасми?
Қримлик профессор жадвали
Ўзбек заминида камол топган қрим-татар ўғлони Фебзи Якубов ўз китобида дунё аҳлига мурожаат қилиб, шундай жадвал тузишни таклиф этган эди: «Айтайлик, Сингапур микротехнология, Германия саноат техникаси, Нидерландия қишлоқ хўжалигида энг илғор ўринда туради десак, унда шак-шубҳасиз, Ўзбекистон бошқа миллат ва элатларнинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлашда энг олий ўринда туради...»
Ёки Исроил элчисининг «Бу мамлакат (Ўзбекистон) яҳудийлар қувғин қилинмаган дунёдаги ягона мамлакатдир. Ҳамма ерда яҳудийлар қувғинга учраганда, бу юрт уларнинг кўксидан итармади. Хўрламади», дея ташаккур билдиргани ёдингиздадир. Дунёнинг турли давлатларига тарқаб кетган яҳудийлар Ўзбекистон заминида бизнинг энг яқин дўстларимиздан бўлиб яшамоқда, меҳнат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, Корейс миллий маданият марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пакнинг шукроналик изҳорида шундай сўзлар бор: «Бизни 38 кун деганда Корея ярим оролидан Ўзбекистонга олиб келишди. Поезддан тушдик. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Изғирин. Мени шундай изғириндан ўзбек аёли Муяссар холанинг қайноқ кулчалари асраб қолди. Умримнинг охиригача шу кулчалар ифори билан яшайман...»
Ўзбек тилида равон сўзлашадиган Зоя Цойга муҳтарам Президентимизнинг «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонини топшириш жараёнидаги бир оғиз оталарча холис маслаҳатини эсланг: «Қизим, Зояхон! Сиз ўзбек тилида жуда чиройли куйлайсиз. Аммо ўз она тилингизни ҳам унутманг!..» Бундай бағрикенглик ҳар қандай инсонни тўлқинлантириб юбориши, шубҳасиз.
Тотувликда биринчилардан бу эл
Аслида Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати мустақилликдан бироз олдин — 1989 йили Қашқадарёда бошланган эди. Ўшанда вилоят раҳбари Қарши тумани 8-совхоз бошлиғи Л.Кимга тўла деҳқонлик ҳуқуқини берганди. Бу Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари қадр топиши, инсоний ҳақ-ҳуқуқига эга бўлиши сари жуда улкан қадам эди ўшанда.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни миллий сиёсати сифатида олға сураётган Ўзбекистон 2015 йилда АҚШнинг «Gellup» тадқиқот институти маълумотига кўра, Сингапурдан сўнг дунёдаги энг хавфсиз, тинч мамлакат сифатида эътироф этилди. Бугун 1 миллиард 350 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Хитойда ҳаммаси бўлиб 52 миллат яшаркан. Хитой аҳолисининг бор-йўғи 2,4 фоизини ташкил этадиган жаннатмакон юртимизда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари бир тану бир жон бўлиб яшаб келяпти. Бундай тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни дунё ҳақли равишда эътироф этмоқда.
Юртимиздаги бу осойишталик ва фаровонликка ҳасад қилгувчилар ён-атрофимизда изғиб юргани ҳам сир эмас. Уларга маҳаллаларимиздаги динлараро бағрикенглик, турли миллатлараро қуда-андачилик, юртимиз бўйлаб янграётган қирғизнинг «Сайра қомуз», украинларнинг «Джерелло», дунганларнинг «Чимнё», қозоқларнинг «Коктем», арманларнинг «Хоравақ-шоу», русларнинг «Трядушие», белорусларнинг «Катюша», яҳудийларнинг «Шалом» каби 30 дан ортиқ бадиий жамоалари шодон қийқириғи ёқмаётгани кундек равшан. Бу каби совуқ назарлардан юртимизни ҳимоя қилиш, аввало, бизга ким дўст, ким душман эканини онгли инсон сифатида ажрата олишимиз шарт. Бизга ҳеч ким ҳеч қачон ташқаридан бир бурда нонни беминнат бермаслигини тушуниб етиш бугун ҳар бир ёш авлоднинг фуқаролик бурчидир.
Шундай экан, миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, қўлни қўлга бериб, шу азиз Ватан тинчлиги, буюк меъмор тиклаётган улкан бино ғиштлари абадийлиги учун хизмат қилайлик. Зеро, шу азиз Ватан — барчамизники!
Жонибек ШУҲРАТОВ