Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«ОҚ» ВА «ҚОРА» КЎЗОЙНАКЛИЛАР

ёхуд чинакам халқ бўлишимизга қайси унсурлар халал бермоқда?

«ОҚ» ВА «ҚОРА» КЎЗОЙНАКЛИЛАР

Хўш, улар ким? Апил-тапил жавоб берадиган бўлсак, улар ғийбатчилар, ичиқора ҳасадгўйлар ва фитначилар... Тўғрими? Бошқача таърифлашга ҳожат қолмадими? Бошқача таърифлай оламизми? Келинг, саволни сал бошқача қўяйлик. Дунё давлатлари орасида қандай кўзойнаклилар кўпроқ юксалмоқда, фуқаролари орасида «оқ кўзойнак»лилари кўп мамлакатми ёки «қора кўзойнак» таққанлари кўп бўлган давлат?
Дейлик, барқ уриб ривожланаётган Европа давлатларида ҳукумат халқ билан розичиликда амалга ошираётган ислоҳотлар йўлидан сал оғишгудек бўлса, бирпасда «қора кўзойнак»лилар танқидни бошлаб юборади ва дарҳол ҳукумат муросаи мадора йўлини излай бошлайди. Бизда эса, саноқлигина депутатларни ҳисобга олмаганда, ўзини шу миллатнинг ойдинларидан деб ҳисоблайдиган «оқ кўзойнакли»лар «Оч қорним, тинч қулоғим» тамойилини маъқул кўришади. Нега?

Тасаввур бошқа,
ҳаёт бошқа
Сурхоннинг олис қишлоғидаги мактабни битириб, Тошкент шаҳрига илк қадам қўйган кунимни эслайман. Телевизордаги гаплар бошқаю, ҳаёт мутлақо бошқа эканини ўшандаёқ англаганман. Бунга анча бўлди.
Пойтахтнинг Жанубий вокзали. Арманими, ўрисми, ишқилиб, кавказбашара бир неча нусха уч қарта ўйнаб қишлоқдан келган авом анқовларнинг пулини «ютиб» олишмоқда. Улардан сал нарироқда икки милиционер хотиржам лимонад ичиб ўтирибди. Ҳалиги тўданинг бошлиқларига миллатдошимиз бўлган маҳаллий қиморбозлар ҳам югурдаклик қилиб, ўз миллатдошларини чув туширишда астойдил кўмаклашмоқда. Ногаҳон муштлашув бош­ланиб кетди, пулини ютқазиб қўйган бир полвонкелбат йигит армани қартабознинг ёқасидан ушлаган ҳам эди, уни шу ерлик йигитлар дўппослай кетишди. Пулларни чўнтакка урган жиноятчи тўда бирпасда ғойиб бўлдию, уларга ҳамтовоқ бўлган бир кекса ногирон ўрисзабон нусха жабрдийда қиёфасига кириб, ҳозиргина поезддан тушиб, таланган, юзлари моматалоқ бўлган ҳалиги полвонкелбат йигитни милицияга топшириб юборди. Бирорта ҳам ўзбек ўз миллатдошини ёқлаб гувоҳлик бермади…
Ўша довдираб қолган полвонкелбат қиш­лоқи йигит ҳануз ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилолмайдиган миллатдошларим сифатида кўз ўнгимда гавдаланаверади негадир.
* * *
Ўқувчилик давримиз пахтаю пилла ҳашарида ўтар, бу ҳам камдек, еттинчи синф­лигимизданоқ беш-ўн нафар муаллим билан мактаб таъмирида малайдек ишлар эдик. «Нега бизларни таълимдан мосуво этиб, пахта далаларида ишлатадиган совхозимиз янги мактаб қуриш у ёқда турсин, ақалли мактабимизни таъмирлаб бермайди?» деб вилоят газетасига хат ёзиб юборсам, таҳририят «райпартқўм»га, «райпартқўм» совхоз директорига юборибди. Роса тўс-тўполон бўлганди ўшанда. Даладан молларни олиб қайтсам, уйда отамнинг дарғазаб нигоҳига рўбарў келдим. «Тинчгина юрсанг бўлмайдими, бир ўзим ўн уч жонни боқаётган бир тракторчи бўлсам. Сенга нима, мактаб қуриладими, қурилмайдими, бошимизга бир бало ёғилгудай бўлса, ким балогардон бўлади? Орқамизда кимимиз бор?..»
Хуллас, таҳририятга ёзган мактубимдан сўнг совхоз раҳбариятининг мактабга муносабати анча яхшиланди. Таъмирга уч баробар мўлроқ маблағ ажратиладиган бўлди. Туман маориф бўлими янги доскалару кўргазмали қуроллар ажратди. Ўрта ва бошланғич синф ўқувчилари мажбурий ҳашарлардан халос бўлишди. Аммо, устозлар билан менинг ва отам билан совхоз раҳбарияти орасига анча вақтгача совуқлик тушиб қолди. Яъни, мен хушомадгўйлик ҳукм сурган муҳит ичида «қора кўзойнакли» кимсага айланиб қолган эдим. Ҳатто терган пахтамни ўн икки варақли дафтарга ёзиб юрганим учун ҳам бригадиру табелчининг «қора рўйхат»ига тушиб қолган эдим.
Албатта, болалик хотираларимдан иборат бу кечинмаларни майда гаплар дейиш ҳам мумкин. Аммо бундай ҳолатлар гоҳ ундай, гоҳ бундай кўринишда давом этиб келаётгани мени ҳамон қийнайди. Халқимизнинг етмиш икки томирида ва сон-саноқсиз ҳужайраларида қолиб кетган бу ярамас қўрқувдан қачон қутуламиз?
Ҳозир ҳам бирор ҳур фикр айтсанг, энг аввало яқинларинг «Тинч юрасанми-йўқми, сендан бошқа ақллилар қирилиб кетганми?» дея оғзингга шапалоқ тортиб юборишади. Юқорида таъриф берганимиз «қора кўзойнакли» фитначиларни, ғаламис ғийбатчиларни ҳеч қачон оқламайман, аммо ҳақ гапни айтмоқчи бўлганларни ҳам «қора рўйхат»га қўшаверсагу фақат маддоҳлик қон-қонига сингиб кетганларни кўтар-кўтар қилаверсак,  монополист коррупционерларни ва уларнинг соясига таъзим қилувчиларни ватанпарварлар санасак, у ҳолда қачон чинакам халқ бўламиз?!

От қайдаю
арава қайда?
Ўтган йили «ўзи хон, кўланкаси майдон» бўлган айрим ҳокимларнинг одамлар яшаб турган уйларга бульдозер солишлари ортидан чиққан тўполонлар аввало ижтимоий тармоқларда янгради. «Оқ кўзойнакли» расмий матбуотимиз бу зўравонликларга жимгина қараб ўтирди. Ҳатто банк кредитига қурилган икки қаватли дўконига туман ҳокими ўринбосарининг шахсан ўзи рулга ўтириб, бульдозер солаётганида яккабоғлик тадбиркор чидаб туролмасдан ҳоким ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборди. Биринчи галги вазифаси зўравонликларга қарши курашиш бўлган воқеа жойидаги ҳуқуқбонлар ҳам «каттакон»нинг ноқонуний ҳаракатига жим қараб турди. Қараб туришгани ҳам майликуя, бу можарога аралашмаган ўғилларини ҳам идорасига олиб кетишди…
Қачонки, мамлакат Президенти бу кўнгилсиз воқеада ўз мулкини ноилож ҳимоя қилишга мажбур бўлаётган фуқароларни эмас, балки ваколати доирасидан четга чиқиб, зўравонлик қилган ҳокимларни айблаганидан сўнггина, «қаҳрамонлар» бодраб чиқди. Расмий ОАВ ҳам ушбу воқеа ҳақида «тилга кирди». Дўконини зўравонларча бузувчиларга қарши исён кўтарган фуқаро ва унинг айбсиз ҳибс қилинган ўғиллари озод қилинди. Шунингдек, бошқа жойларда уйи, кўчмас мулклари бузилган ва бузилаётган аҳолига ҳам товон пули тўлана бошлади.
Хўш, юқоридаги воқеаларни эслашдан мурод нима? Гап шундаки, то ҳануз жамиятимизда ҳар ким ўз ишини, зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажармаётгани ёки бажара олмаётганига эътиборингизни қаратмоқчи эдик. Баъзида шунақа ҳолатларни кўриб отлар аравани судраб югур­яптими ўзи, дея ўйлаб қоламан. Билакс, от-араванинг эгаси ҳансираб, қора терга ботганча, таранг тортилган арқондан ҳар икки елкаси қийилганча отни ҳам, аравани ҳам тортиб бормаяптими ишқилиб, дейман ўзимга ўзим.

Ҳокимбобо қозию,
қози – ижрочи
Бирмунча вақт муқаддам ижтимоий тармоқ канали орқали Андижон вилоятида кечган сайёрми, кўчмами, хуллас оилавий ажрашишларга бағишланган суд мажлисини томоша қилдим. Айтиш жоизки, барча суд мажлисларини вилоят ҳокими шахсан ўзи олиб борди. Томонлардан, айниқса, қайнона келину қуда-андалардан ажрашиш сабабларини қаттиқ туриб сўради. Ва ариза берган жуфтликларни, ҳатто бирга яшамай кетган эр-хотинларни қайтадан дўқ-пўписа билан яраштириб қўйди.
Албатта, кўпчилик наздида катта савоб иш амалга ошди. Ўртада сарсон тирик етим болаларнинг бағри бутун бўлди. Энди кўпчиликка ёмон кўринсам ҳам ана шу хайрли ишга «қора кўзойнак» билан қараб кўргим келди. Болалик ва ўсмирлик даврим шўро тузумида кечгани боис биламан, бир замонлар эр-хотинларнинг ажрашиш-аж­рашмаслиги ҳам, суннату никоҳ, ҳатто бешик тўйлари ҳам раис буваларнинг изни-иродаси билан амалга ошарди. Башарти, раис бува: «Ҳозир айни пахта мавсуми, ажрашсаларинг, терим суръати пасайиб кетади. Ажрашмайсанлар, вассалом!» деса, ўша эр-хотин учун раис буванинг гапи темир қонун эди. Бу масалага қайтишмас эди. Ёки, «Йиғиштир тўй-пўйингни, сенларнинг тўйинг деб мусобақалашаётган қўшни колхоздан ортда қолиб кетамизми?» деса, биров рози бўлмай кўрсин эди… Не ажабки, орадан шунча вақт ўтиб, мустақиллигимизнинг салкам ўттиз йиллиги арафасида шундан баттарроқ манзарани Андижон вилоятида ўтган ажабтовур суд мажлисида кўрдим. Ўз вазифасини бажара олмай ўрнини вилоят ҳокимига топшириб қўйган судья дарғазаб ҳокимнинг кўнглидан чиқиш учунми, ярашишни истамаётган бебош куёвни ва унинг тарафдорларини «синдириш» учунми муҳим маслаҳат беряпти: «Келин ота-онасиникига эмас, хоҳлаган жойига кўчиб, энг қиммат уйни ижарага олиб алоҳида яшаса, биз уни куёвдан ундириб берамиз!..»
Ўша куни қаттиққўл ва баджаҳл ҳокимнинг салобатидан қўрқиб, ҳайдаб юборган келинини қайтариб олиб келишни оғзиполвон, қайсар қайнона ҳам, аллақачонлар янги қайлиқнинг қўйнида ётган куёвтўра ҳам таслим бўлиб зиммаларига олишга мажбур бўлди. Қизиқ, жуда ҳам қизиқ, бундай хайрли ва адолатли ишлар билан ҳоким шуғулланса, унинг ёнида амрига мунтазир бўлиб тавозе билан тик турган судьялару қонун талабини бир четга улоқтириб, ҳокимнинг қовоғига қараб турадиган ҳуқуқбонлар вазифаси қаерда қолади? Эртага ҳокимликнинг қайсидир мулозими вазифасини бажара олмагани учун бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилса, ўша фуқаро мана шу лаббайчилардан қандай нажот кутади?
***
Келтирган бу ҳаётий мисолларимиз дарёдан бир қатра, албатта. Муҳтарам ўқувчиларимизнинг билдиражак муносабатларига қараб ушбу мавзуни бардавом қилиш ниятимиз ҳам йўқ эмас.

Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
журналист




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔13

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар