Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

Ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак
 

ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

Фикрлашдан тўхташ — маънавий ўлимдир. Буни олимлар кўп таъкидлашган. Ҳазрат Навоий «Ҳар ишники қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод», деганларида юз бора ҳақ бўлганлари шубҳасиз.

Инсонни фикрлашга ундайдиган ҳар бир нарса дунёқарашини ўстириб, тафаккурини ривожлантириб боради. Бирон яхши нарсани кўриш, эшитиш ё ўқиш кишида янги-янги фикрлар пайдо қилади. Инсонни фикрлашга ундамайдиган, аксинча, фикрлашдан тўсадиган ҳар қандай иллат инсоният дарахтига урилган болта эканини унутмаслик керак.
Бугун бошимизга келган мусибатлар туфайли бутун инсоният уйидан чиқмай яшаяпти. Айниқса, ёшлар ва болаларни эҳтиётлаб, кўз қорачиғимиздай асрашга ҳаракат қиляпмиз. Уйда зерикиб ўтирган каттаю кичик уззу кун телефон, интернет, телевизор билан вақтини ўтказаётгани ҳам сир эмас. Бу эрмакларга бўлган талаб карантин шароитида яна-да ошгани ҳам ҳақиқат. Демак, бундай пайтда уларда эълон қилинаётган материаллар тайёрлашга бўлган масъулият ҳам ошиши зарур. Интернет орқали узатилаётган бўлар-бўлмас маълумотлар сарҳадсиз даражада кўп. Фарзандларни улардан қандай ҳимоялашга ҳам бош қотиб қолади баъзида. Лекин ўз ихтиёримизда бўлган айрим теле ва радио каналларда берилаётган ҳар бир чиқишни жиддий мулоҳаза қилиб кўриш учун имкониятимиз етарли, назаримда.

«Ўрмалаб» кираётганлар

Бугунги кунда телерадиоканаллар роса кўпайиб бормоқда. Қайси бирини томоша қилишни ўйлаб бошингиз ҳам қотади. Бироқ, афсуски, уларнинг ҳаммасидаям соғлом маънавиятни, ички руҳий гўзалликни тарбиялашга ҳисса қўшадиган кўрсатувлар беряпти, деб айта олмаймиз. Айниқса, хусусий телерадиоканаллар уззу-кун санъат оламига зўрма-зўраки «ўрмалаб» кириб келаётган хонандаларнинг маза-матрасиз қўшиқларини бериш билан машғул.
Баъзи ҳолларда эса таниқли санъаткорларнинг ҳам ҳеч қандай маънони англатмайдиган ашулаларни куйлаб қолганига ажабаланасан киши. Бу ҳолнинг кўпайгандан кўпайиб боришига узатилаётган ҳеч бир эфирда, студиялар қошида бадиий кенгашнинг йўқлиги сабаб бўлаётгани сир эмас. Нафақат хусусий, балки давлат телерадиоканалларида ҳам бадиий кенгашлар кўнгилдагидай фаолият олиб бормаётгани тўғрисида юз бора гапирилган.
Агар аксинча бўлганида эди, мазмунсиз қўшиқлар, одамнинг вақтини олишдан бошқасига хизмат қилишга ярамайдиган сериаллар, хабарлар эфирга чиқиб кетмас эди.
Яқинда бир телеканал мухбири узатган лавҳасида ўн марталаб «Армения» сўзини такрорлаганига гувоҳ бўлдим. Ахир арманлар яшаётган мамлакат ўзбек тилида Арманистон деб аталади-ку. Наҳотки, ёш мухбир хатосини тўғрилаб эфирга узатишга масъул муҳаррир, бош муҳаррир дегани ўз вазифасига шунчалик бефарқ бўлса?!
Яна бир телеканалда намойиш қилинаётган сериалда оддий милиция сержанти ҳудуд нозири сифатида тас­вирланган. У ҳашаматли офисда ўтирганча жиноятни фош қилиш бўйича ходимларга буйруқ беради, ҳужжатларга имзо чекади. Ўта кулгили. Сериални тасвирга олган режиссёр ҳамма форма кийганлар унвон жиҳатидан бир хил бўлса керак, уларнинг сержантлари ҳам катта масъул лавозимларда ишлайверса керак, деб ўйлаган шекилли.

Ўрта чиндан равонми?

Инсон баъзан қўшиқларни ўзининг ихтиёрисиз ҳам тинглашга мажбур. Бирон савияли эшиттириш ёки кўрсатув­нинг орасида ҳам қўшиқлар узатилади. Улар тингловчига бирон маънавий озиқ берадиган бўлса, нур устига. Лекин нима деётганини ўзи ҳам билмайдиган, айтилаётган сўзлари маънога умуман яқин келмайдиган қўшиқлар одамнинг маънавий ҳордиқ чиқаришига эмас, асабини бузиб, жаҳлини чиқаришга хизмат қилади.
Халқ артисти унвонини олган катта бир санъаткор бир кўрсатувда шундай куйлаяпти:
«Сизни айвон, бизни айвон эмасми,
Ўртасида чиндан равон эмасми?...»
Хўш, бу сатрлардан ким қандай маънони тушуниши мумкин? Мутлақо ҳеч қандай! Айвоннинг ўртасида нима равон бўлаётгани тўғрисида қўшиқнинг давомида ҳам заррача ишора йўқ.
Аслида «Сизни айвон» ашуласи Хоразм халқ қўшиқлари сирасига кирган. Бу қўшиқ неча замонлардан буён аёл муҳаббати, дарди, ўкинч ва армони сифатида куйланиб келинади. Баъзилар уни Комил Яшин қаламига мансуб деб билади. Албатта, бу фикр асос­ли эмас. Атоқли драматург ўз асарларидан бирида бу халқ қўшиғидан фойдаланган холос. «Сизни айвон» ашуласи олис замонлардан бери ўзига хос халфачилик услубида куйланади. Кейинги даврда уни «Дуторчи қизлар» ансамбли бироз бошқачароқ «талқин» этмоқда.
Ҳақиқатда эса қўшиқнинг иккинчи сатри биринчи мисрага уйқаш оҳангда «...Ўртасида чиний нарвон эмасми?» деб куйланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Буни шундай изоҳлаш мумкин: Қуйи Амударё минтақасининг айрим жойларида қайрағоч, чинор дарахтларини гужум ёки нарвон деб аташади. Нарвон — баланд, осмонўпар дегани. Бундан англашиладики, «чиний нарвон» — «Хитой чинори» деган маънони англатади. Воҳада «Ўн икки нарвон», «Нарвонли», «Нарвонли қўрғон» деган жойлар борки, бу ерлар бир вақтлар баланд-баланд гужум ва чинорлари билан машҳур бўлгани учун ҳам шундай номланган. Тадқиқотчиларнинг «нарвон» сўзининг «баланд», «юқори» деган маъноларни ҳам беришини инобатга оладиган бўлсак, драматург Комил Яшин жузъий таҳрир қилиб ишлаган «Ўртасида чиндан равон эмасми?» сатри биринчи сатрга маъно жиҳатидан уйқаш эмаслигига амин бўламиз. Бу қўшиқнинг халфалар ижросидаги дастлабки банди бир кундошнинг иккинчи кундошига арзи акс этилаётганини инобатга олсак, «ўртасида»ги «чиний нарвон» икки аёл тақдирига боғланган бир эр кишига ишора, ташбеҳ эканини тушуниш қийин эмас. Дарвоқе, одатда алп йигитлар нарвон, яъни чинорларга қиёсланади.
Сатрлардаги «чинни» сўзи аслида «чиний» шаклида бўлиб, «хитойча», «Хитойга хос» деган маънони англатади. Шунингдек, бир тўп шода-шода бўлиб ўсадиган нарсаларни ҳам «чинни» дейишган.

«Мўрини тинч қўйинг, артистлар»

Яна бир машҳур «Олма пишганда галинг» қўшиғидаги сатрлар кўпгина санъаткорлар талқинида «Сув келади мўридан, Мўридан ҳам наридан», тарзида эфирга узатилмоқда. Уни деярли ўттиз йилдан буён Равшан Намозов шундай ижро қилиб келади. 1993 йилда нуфузли нашриётлардан бирида чоп қилинган «Хоразм халқ ижодиёти дурдоналари» китобида ушбу қўшиқ сатрлари «Сув галади Маридан» деб берилган.
Олис йиллар давомида бу ашулани Жумми Ших, Ўзбекистон халқ артистлари Бекажон Раҳимова, Гулсара Ёқубовалар мароқ билан куйлаб ўтишган («Хива вақти билан роппа-роса 7.00» деб номланган фильм-концертини эсланг).
Қўшиқнинг сатрларига синган маъно ва мантиққа эътибор берадиган бўлсак, айнан «Сув келади Маридан» деб айтилишининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Маълумки, Мари – Амударёнинг юқори ҳудудида жойлашган қадимий Марв шаҳри. Баъзи тарихчилар ўтмишда уни Хоразм мамлакатининг дарвозаси деб талқин қилишган. Қадимдан ҳам, бугунги кунда ҳам Амударё айнан Мари шаҳри ёнгинасидан оқиб ўтиб, сўнг Хоразм воҳасига оби ҳаёт таратади.
«Сув келади Маридан,
 Маридан ҳам наридан...»
дейилишининг боиси ҳам шунда. Чунки дарёнинг Маридан ҳам наридаги минтақалардан оқиб келишини ота-боболаримиз яхши билишган. Уларнинг фикрлаши, бадиий дид-савияси ҳам бизникидан анча юқори. Қофия ёки оҳанг учун беш-олтита сўзни қовуштириб шеър ёки қўшиқ қилишмаган. Ҳар бир сўз устида жиддий фикр юритишган. Шу қўшиқ орқали бошқаларни ҳам шунга ундашган. Кези келганда таълим ҳам, тарбия ҳам бир қатор шеърда мужассам бўлган.
Бугунги айрим «санъаткор»лар эса, «Сув келади мўридан» дейиш билан тингловчига бирон бир аниқ-тиниқ тасаввур бериш амримаҳол.

Хонандалар қачонгача мўридан сув келишига одамларни ишонтиришга уринишади?!

Халқ қўшиқларининг ҳар бир сат­рида чуқур маъно жавоҳирлари яширинган. Рамзлар, тимсол ва нозик қочиримлар унинг безаги саналади. Уни куйлаётган санъаткор ана шуларни чуқур ҳис қилиб, теран англамоғи зарур. Зеро, маънавиятнинг олтин ёмбилари саналмиш қўшиқлар қиймати ана шунда янада ошиб, қадри юксалаверади.
Юқорида келтирилган мисолларни ўқиб, балки, ажабланарсиз. «Ҳей, инсон, агар элакдан ўтказилса, сен айт­ганларингдан юз чандон даҳшатли қўшиқлар тўлиб ётибди-ку!» деган гап­лар кўнглингиздан ўтар балки. Тўғри, лекин биз уларни инсонларга маънавий озиқ беручи қўшиқлар сафига киритолмадик. Қолаверса, оз кўпнинг далили бўла олади.
Мақсадимиз қийин кунларда биз учун хизмат қилаётган айрим инсонларни танқид қилиш эмас. Уларга бу машаққатли фаолиятларида яна-да ҳушёрроқ бўлиш масъулияти ортиб бораётганини таъкидлаш холос.

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔16

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔56

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔126

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар