Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

Акс ҳолда дунё ҳамжамияти олдида кулгига қолаверамиз
 

МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

Муаммога киришдан аввал Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини эркинлаштиришга Президентимиз раҳбарлигида кенг йўл очиб берилганини алоҳида таъкидлашни истардик. Ундан биз, журналистлар қай даражада фойдаланаётганимиз алоҳида масала. Демократия тамойилларига раҳбарлар ҳам ўрганаётгани, баъзи ҳолларда тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани босқичма-босқич бартараф этилиши зарурати яна бошқа бир масаладир.
Қуйида иккинчи мавзуга тегишли муҳим ҳужжат борасида фикрлашсак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Лойиҳадаги таҳририят ва журналистларга молиявий кўмак бўладиган бандлар, жумладан, муассисларнинг даврий босма нашрлар таҳририятлари моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, бино ижарасининг 50 фоизини тежаш, таҳририятлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш учун бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш, давлат муассасаси ва маҳаллаларда газетхонлик кунларини ўтказиш каби қисмлари таҳсинга лойиқ.
Шу билан бирга, қарордаги аксар бандлар мазмуни мавжуд босма нашрлар низомларида аллақачон ёзиб қўйилган. Мисол учун, муассис(лар) таҳририятнинг бош муҳарририни тайинлаши, газеталар обунасини ташкил этишда яқиндан кўмаклашиши, ходимларни моддий ва маънавий  рағбатлантириши, мукофотларга тавсия этиши аксарият нашрларнинг уставида ҳам, таъсис шартномасида ҳам белгиланган. Муассислар устав жамғармасидаги улушини газеталар фаолиятидан келган соф фойдасининг ўзига тегишли қисмини олиши, воз кечиши ёки мерос қилиб қолдириши мумкинлиги каби жиҳатлар ҳам кўп босма ОАВ низомларида бўлиши табиий.
Шу боис уставни қайтадан рўйхатдан ўтказиш учун бош муҳаррирларнинг муассислар қабулхоналарида, уларнинг молиячиларию ҳуқуқшунослари ҳузурида сарғайиши ошиқча юмуш, деб ўйлаймиз.
Мамлакатимиз раҳбари ҳар бир иш илмий асосда ташкил этилиши зарурлигини кўп бора такрорлаб келмоқда. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганимизда муассис – давлат ташкилоти раҳбарлари имзоси билан амалга ошириладиган ҳар қандай ёрдам келажакда газетада таҳлилий, танқидий мавзуларнинг кескин камайишига олиб келади. Чоп этиладиган мақолалар фақат ютуқларни кўрсатишдан иборат бўлиб қолади. Бу ҳолатда таҳририят Ғарб давлатлари юз йил аввал воз кечган матбуотнинг авторитар назарияси асосида ишлашга мажбур бўлади.
Қолаверса, бундан бир неча ой аввал, адашмасак, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан киритилаётган ҳужжатда давлат тасарруфидан чиқариладиган корхоналар қаторида босма ОАВ таҳририятлари ҳам мавжуд эди. Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори ўша ҳужжатни инкор этмайдими, деган савол ҳам туғилади.
Шу каби важлардан ва ривож­ланган демократик давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, қуйидаги хулосаларимизни билдирмоқчимиз.
Мазкур масалани ҳал этишда ҳам демократик йўлдан бориш мақсадга мувофиқдир. Бунда Ғарб матбуоти қўллаётган ижтимоий масъулият назарияси ёки биз таклиф этаётган ахборотлашган жамият матбуоти назарияси талаблари асосида таҳририятлар фаолиятини йўлга қўйиш лозим бўлади. Назариянинг қисқача мазмуни шундаки, ОАВнинг асосий мақсади – янгилик тарқатиш ва муаммони жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш.
Албатта, бундай назария ижроси учун Ўзбекистон саноати ривожланган, ахборотлашган даражадаги давлат бўлиши керак. Мақсад бор, шу йўналишда ҳаракатда эканмиз ОАВнинг эркинлашувига Ижро ҳокимияти орқали эмас, Қонун чиқарувчи ҳокимият воситасида кўмак бериш талаб этилади.
Бизда бу борада кичик бўлса-да, тажриба мавжуд. Олий Мажлис томонидан фондлар орқали турли грантлар ажратилиб таҳририятларга муайян мавзуни ёритишлари учун буюртма эвазига кичик миқдорда (30 миллион сўмгача) кўмак бериб келинмоқда.
Ахборотлашган жамият матбуоти назарияси талабидан келиб чиқадиган бўлсак мазкур тажриба кенгайтирилади, яъни давлат буюртмаси қонунлар ижросини таъминлаш (аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши кураш, демократик тамойилларни тарғиб этиш ва ҳ.к.) нуқтаи назаридан шакллантирилади. Биринчи йили ажратилган грант мазмуни икки йўналишда бўлади:
– қонунлар ва улар асосида қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари моҳияти ва унинг ижро жараёни муштарийларга тушунарли тилда шарҳлаб берилади;
– юқорида таъкидланган ҳужжатлар ижроси бўйича журналист суриштируви ўтказилади, муаммолар муҳокамага олиб чиқилади.
Грант миқдори бугунги ҳисоб бўйича бир йил учун камида 300 миллион сўмдан кам бўлмаслиги керак. Дейлик биринчи йўналишда грант режасида Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳукумат томонидан қабул қилинган дастурда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар моҳиятини шарҳлаб, муштарийларга етказиш белгиланган. Масалан, шу грантни олган «Ишонч» газетаси таҳририяти ходимлари мутахассисларга мурожаат қилиб, оригинал услубда, халққа яқин тилда шарҳлайдилар, агар ҳужжат катта бўлса, бир неча шарҳлар уюштирилади. Ижро жараёни ёки бирор янгилик ҳақида йил давомида ахборотлар бериб борилади. Бунда ҳар бир шарҳ учун 1 миллион сўмдан қалам ҳақи берилса, бир йил учун жами 50 миллион сўм ажратилади.
Иккинчи йўналишда белгиланган долзарб масалани бир ойда ўрганиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш грант режасига киритилган бўлади. Демак, бир йилда 12 та суриштирув ўтказилади. Журналист суриштируви мураккаб жанр бўлганлиги учун бир мақолага камида 5 миллион сўм қалам ҳақи ажратилади – бир йилда эса 60 миллион сўм бўлади. Газетанинг электрон сайтини такомиллаштириш учун 100 миллион сўм, таҳририятни сўнгги русумдаги ахборот технологиялари билан таъминлаш ва бошқа зарурий харажатларга 50 миллион сўм ажратилади.
Бунинг учун юқорида таклиф қилинаётган қарор бўйича ажратиладиган маблағлар муассис эмас, балки юрт тараққиёти йўлида қонунлар чиқарадиган ва ижро ҳокимиятини маълум маънода назорат қиладиган юқори орган – Олий Мажлис томонидан йўналтирилади.
Энди газета-журналларга бериладиган бундай буюртмалар ва унинг ижроси натижасини тасаввур қилиб кўринг. Энг тажрибали ва шижоатли журналистлар яна матбуотга қайтади, эркин журналистика ривож топади, матбуот нашрлари ҳозирги бўҳрондан омон ўтади. Бундан, аввало, қонунлари тарғиб этилган ва унинг ижросидаги камчиликларни эртароқ англаб, уни бартараф этган давлат ва жамият ютади, аҳоли хабардорлиги ошади, коррупционерлар ҳар бир қадамини ўйлаб босади, алалоқибат, халқаро эътирофга сабаб бўлади!..
Дунёда бундай тажрибалар кўп. Масалан, АҚШ Сенати, Анг­лия парламентлари томонидан ахборот учун ҳатто, ўзга давлатлар ОАВ учун ажратадиган жуда катта миқдордаги маблағлар уларнинг манфаатларига хизмат қилмоқда. Нега биз ўз юртимиз равнақи учун маблағни тежашимиз керак?
Фурсатдан фойдаланиб соҳа ривожига эътибор бериладиган яна икки муҳим жиҳатга тўхталмоқчимиз.
Биринчиси, нашрлар нархини оширадиган қоғоз ва бошқа матбаа маҳсулотларининг халқаро биржа белгилайдиган нархларда, айнан ҳукумат (биринчи қўл) олиб кириб (ўзининг10-20 фоиз даромадини ҳисобга олиб албатта) таҳририят ва матбаа ташкилотларига (бошқага сотиш тақиқи билан) сотади. Бундай тажриба, масалан, Ҳиндистонда мавжуд. Матбуот соҳаси мафкуравий аҳамиятга эга бўлгани боис бозор талаблари бузилса иқтисодимизга путур етмайди. Энг муҳими, корчалонлар бу бизнесдан умидини узиб, кабинетда ўтириб, олиб-сотишга эмас, юрт учун зарур бўлган бирор ишлаб чиқаришга берилади, газета-журнал қоғози нархлари бир меъёрда бўлади, муштарийни ҳам, таҳририятни ҳам қийин аҳволга солиб қўймайди.
Иккинчиси, даврий матбуотни тезкор тарқатиш йўналишидаги камчиликларни бартараф этиш масаласидир. Холис ахборот етказиш ҳам давлат сиёсати даражасидаги масала бўлганлиги учун «Ўзбекистон почтаси» ва давлат улуши бўлган «Матбуот тарқатувчи» корхоналаридаги муаммоларни бартараф этиш ўта муҳимдир. Ушбу соҳани давлат сиёсати даражасида ислоҳ қилиш, зарур маблағ ажратиб, ижросини назоратга олиш фурсати аллақачон етилган.
Юқоридаги фикрларга хулоса қиладиган бўлсак, АОКА томонидан киритилаётган қарор номини «Ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида даврий босма нашрлар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» тариқасида ўзгартириб, унинг мақомини Олий Мажлис даражасига кўтариш таклифини киритамиз.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари
номзоди, доцент




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔16

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔56

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔126

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар