ёхуд юз йиллик дардга нега ҳалигача ечим йўқ?
Бу эртак ёки тўқима гаплар эмас, шунчаки, орзу-ҳаваслар қурбонига айланган бир оиланинг аянчли тақдири, холос.
Бу маълумот кўпчиликка ошкор қилинди. Қолаверса, бундай ҳолатларни ҳар биримиз бот-бот бўлса-да, кўриб-билиб юрибмиз. Лекин ўз оиламизда, маҳалламизда ҳали-ҳануз бундай ҳолатларга чек қўйиб, ўзимизни беҳуда ишлардан тўхтата олганимиз йўқ.
Қалб амри қани?
«Кейинги вақтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда мамлакатимизнинг кўп жойларида шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби эскидан қолган асоратларга йўл қўйилмоқда», дейилган эди Президентимизнинг 1998 йилдаги «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги фармонида. Шундан сўнг бу борада яна бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳа, бугун тўй ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш масаласида етарлича ҳуқуқий асосга эгамиз. Энг асосийси эса, ана шу ҳужжатларни кундалик ҳаётга татбиқ этиб, қалб амрига айлантириш қолган, холос.
Мавриди бўлганда, шу мавзу юзасидан ўн иккита маҳалла фуқаролар йиғинининг мутасаддилари билан суҳбатлашдик. Яна турли манбаларда эълон қилинган йигирмадан ортиқ фикрлар билан танишдик. Уларнинг кўпчилигида деярли бир хил гаплар: «бизнинг маҳалламизда ундай ҳолатлар кузатилмаган» ёки «камайишига эришяпмиз». Шу тобда ўринли бир савол туғилади: унда интернетда кунда-кунора бутун дунёга тарқалаётган дабдабали тўйларимизнинг фотосуратлари қаердан пайдо бўляпти?
Яқинда никоҳ тўйи маросимларида хизмат кўрсатувчи хориж автомобилларига ёшларнинг муносабати ҳақида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда қатнашган йигит-қизлар: «Бизга тўй учун уч-тўртта миллий автоуловимиз бўлса, кифоя», деб жавоб беришибди. Шундай бир пайтда йигирма-ўттизта машиналар карвони билан бутун бир кўчани банд қилиб қўяётган, йўлларда тирбандликни юзага келтираётган, ҳатто сунъий тутун воситасида бошқаларнинг ҳаракатланишига халал бераётганлар ўз ҳолатини қандай изоҳлашар экан?
Шу аснода кимдадир: «Олдин шундай имкониятлар бўлмагани учун ҳамма ўзига яраша тўй қилган. Бугун одамларнинг қурби етяптики, қиляпти. Нима энди, куёв ва куёвжўралар келин билан унинг дугоналарини автобусда олиб кетиши керакми?» деган писандали савол туғилади.
Тўғри, бугун еганимиз олдимизда. Юқори турмуш шароитига эришдик. Иқтисодий соҳаларда анча илгарилаб кетганмиз. Одамларимиз меҳнат қиляпти, шунга яраша топяпти, сарфлаяпти. Бунга ҳеч ким қарши бўлолмайди, албатта. Аммо жамиятда пулдан ҳам юқорироқ турадиган айрим тушунчалар борки, уларга ҳаммамиз ҳамиша риоя қилиб келганмиз. Айрим ғўр ёшларнинг ҳою ҳаваслари орқасида бугун шулар элнинг назаридан четда қолиб кетмаслиги зарурлигини таъкидламоқчимиз, холос.
Ҳаммани бир маромда тўй-маърака ўтказишга ундаш бир қарашда эски тузумнинг яроқсиз қолипларига ўхшаб кўринади. Ҳақиқатда, беш қўл баробар эмас. Бундай пайтларда ҳар ким ўз хоҳишига кўра иш тутишга ҳақли. Бироқ бу ҳеч кимга умуминсоний қадрият, миллий хусусият, урф-одат ва анъаналарни оёқости қилиш, бошқаларга малол етказиш кафолатини бермайди. Бугун оммавий тус олаётган дабдабабозликлар айрим ёшларнинг онг-шуурига салбий таъсир ўтказаётгани рост. Кимнингдир ортиқча дабдаба билан ўтказган тўйини кўриб, унга ҳавас қилаётган, менинг тўйим буни ҳам доғда қолдириши керак, деб орзу қилаётганлар орамизда, афсуски, йўқ эмас.
Мана, сизга биргина мисол. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ўтказган ижтимоий сўровномада турмуш қураётганларнинг 65 фоизи тўйни ўтказишда оилавий шароит тақозосидан кўра ўз хоҳиш-истаклари устунлигини таъкидлаган. Оила шароити, ота-онанинг имконияти билан ҳисоблашмасдан фақатгина ўз истагини ҳамма нарсадан юқори тутувчи ғўр ёшлар оилаларимизда қаердан пайдо бўляпти? Ҳали ўзи бирор ишнинг бошини ушламасдан, уч-тўрт сўм пул топмасдан ота-онасига ўз ҳукмини ўтказадиган бола кимнинг фарзанди?
Мутасаддилар нима дейди?
Энди таҳлил ва умумий гаплардан бироз чекиниб, бевосита шу масалага мутасадди кишилар сўзига қулоқ тутсак.
Феруза РАҲМАТУЛЛАЕВА, Шайхонтоҳур туманидаги «Янги Белтепа» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси:
— Ўтган йили маҳалламиз фаоллари билан тўй-маросимларни камхарж ва ихчам қилиб ўтказиш борасида жами 25 маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказган эдик. Бунда МФЙ қошидаги Яраштирув комиссияси аъзолари ва тажрибали кайвониларнинг ҳиссаси катта, албатта. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ана шундай 19 тушунтириш ишларини олиб бордик. Аста-секинлик билан бўлса-да, кўзланган натижага эришяпмиз. Олиб борган тизимли саъй-ҳаракатларимиз туфайли 8 никоҳ тўйи, 3 суннат тўйи ҳамда 11 турли оилавий маросимларни дабдабабозликларсиз оддий ва ихчам ўтказишга эришилди.
Раъно ЭРГАШЕВА, Қибрай туманидаги «Янгийўл» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси:
— Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, тўй ва маросимларни ортиқча сарф-харажатлар билан ўтказиш йилдан-йилга камайиб боряпти. Чунки фуқароларимиз кимўзарга қилинган беҳуда ишларнинг жабрини ҳам тотиб кўришяпти. Бир кунлик тўйни ўтказаман деб бир дунё қарзга ботиб, кейин хонавайрон бўлган айрим кимсалардан ибрат олишяпти. Шунга қарамай, бу муаммо узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Менинг орзу-ҳавасим бор, тўйимни қандай ўтказишни ўзим биламан, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо ана шу дабдабали тўйдан сўнг етишмовчилик туфайли рўзғорига нотинчлик кириб келаётганидан бошини чангаллаб қолмоқда. Топқир халқимиз «Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига», деб ана шундай кимсаларга нисбат бериб айтган бўлса, ажаб эмас.
Раъно Эргашеванинг маълумот беришича, «Янгийўл» МФЙда ўтган йили никоҳ тўйларини ихчам ўтказиш бўйича ҳар икки томон билан суҳбатлашиб, тушунтириш натижасида 6 та, ўтаётган йилда эса 8 та никоҳ тўйи тартибли ва ихчам ўтказилган. Бу қувонарли ҳол, албатта. Лекин дабдабабозликнинг олди олинмасдан кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлса-да, кўнглининг кўчасига эрк бериб қилинган тўй ва маросимлар сони қанча экан? Уларнинг бирор ҳисоби борми?
Қош қўяман деб...
«Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?» деб ёзган эди Абдулла Авлоний. Маърифатпарвар адибимизнинг бу фикрларига қарийб юз йил бўлди. Аммо бу иллатдан ҳали-ҳануз қутила олганимиз йўқ.
Ҳа, тўй ва маросимлар ҳаётимизнинг ажралмас бир қисми. Яхши-ёмон кунларни дўст-биродар, қариндош-уруғ билан елкадош бўлиб ўтказиш халқимизнинг ўзига хос таомилларидан бири. Уни турли ортиқча ва беҳуда нарсалар билан муаммо даражасига етказиш қош қўяман деб кўз чиқаришдек гап.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ