«Мен бу қурғурни аллақачон ташлаб юборар эдим-ку, одамгарчиликдан чиқиб қоламан-да...»
Бу воқеага кўп йиллар бўлган. Ўшанда дўстлар, ҳамкасблар олис вилоятда ўтказилиши мўлжалланган тўйга жўнагандик. Тошкентдан йўлга чиқишимиз ҳамон ўн беш чоғли ҳамроҳлар олдинда ҳали қуюқ зиёфатлар бўлишини билишса-да, сабр қилгилари келмай, автобуснинг ичида ичкиликбозликни бошлаб юборишди. Бошлашганда ҳам биратўла, Рауф Парфи ибораси билан айтганда «катта жанр» – яъни ароқдан бошлашди.
Хўш, нима бўпти, йигит киши бўлгандан кейин ичади-да, шунга ҳам ота гўри қозихонами, дерсиз. Аввало, ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати, мавриди ва меъёри бўлади. Айни шу нарса ҳамроҳларнинг хаёлига келмасди. Ароқни кўргач, ҳамма нарсани, андишани-да, автобусдаги одамлардан андак тортинишни-да унутишди. Аммо ўзларининг шоир эканликлари, мўътабар даргоҳларда хизмат қилишларини йўлакай танишган текин томоша ишқибозларига писанда қилишни унутишмади. Айни чоғда улар «Шоирларнинг ҳаммаси бир гўр, ичмаса, ёзолмайди, ичса, илҳоми келади», деган жайдари тасаввурларини яна-да мустаҳкамлашди.
Автобусдаги «машқлар» ҳали ҳолва экан. Манзилга етгач, бизга ажратилган махсус жойда ҳам (тўй – юбилей эртаси куни эди) ўша «отар» давом этди. Тўйдаги базмда эса биратўла бўкиб қолгунча ичилди. Кейин, хобгоҳга қайтгач, яна келган жойидан давом эттирилди.
Донолардан кимдир «Тарихнинг энг катта сабоғи шуки, у ҳеч қачон сабоқ бўлмайди», деган экан. Биз тўйига борган хонадон республикамиз ва ундан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ана шу хонадондан етишиб чиққан таниқли ижодкор дўстимизнинг ҳаётдан эрта кўз юмиб кетишига асосан ичкилик сабаб бўлганди. Буни юқоридаги ароқхўр ҳамроҳлар ҳам яхши билишарди. Аммо...
Ҳа, ичкилик деб аталмиш касофат туфайли даҳшатли фожиалар юз беради, қанчадан-қанча одамларнинг ҳаёти издан чиқади, оилалар бузилади, тақдирлар абгор бўлади. Буни ҳамма билади, аммо ҳамон сабоқдан дарак йўқ. Ҳали-ҳамон тўйларимиз, зиёфату меҳмондорчиликларимиз ана ўша «заҳри қотил»сиз ўтмайди. Ўзаро иззат-ҳурматни гўё «дастурхон кўрки» бўлмиш ароқ билан, меҳмоннинг ичиш-ичмаслиги, ҳатто оз-кўп ичиши билан ўлчайдиганлар, ичмайдиган одамни ўз ҳолига қўймай зўрлайдиганлар бор. Улар «Ичмасанг, чекмасанг, яшашнинг нима қизиғи бор?» дея фалсафа ҳам сўқиб қўйишади...
Жуда кўп ахлоқсизликлар сингари, ичкилик ҳам аслида бизга четдан келган офатдир. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидек, иродасиз одамлар бамисоли парвонадек ўзларини ўша офатга урадилар... Оқибати маълум...
Статистик маълумотларга кўра, Россияда туғилишга нисбатан ўлим кўпайиб кетган, бунинг асосий сабабларидан бири ичкиликка ҳаддан зиёд ружу қўйиш экан.
Айрим хорижий олимларнинг фикрича, оз миқдордаги спиртли ичимликнинг фойдаси бор (ичадиганларнинг маълум тоифаси мана шу баҳсли фикрга ёпишиб олишган) эмиш. Аммо бу фикрни кескин рад қилувчи мутахассислар ҳам кўп. Ҳамма гап шундаки, ичадиганларнинг кўпчилиги ана ўша «оз миқдорда» деган меъёрга амал қилмайди, қилолмайди, томоқдан озгина ўтгач, «тормози» ишламай қолади. «Бўрининг еса ҳам оғзи қон, емаса ҳам» деганларидек, озгина ичганингни кўрган улфатлар қистаб қўйишмайди. Демак, ичиш-ичмасликни ҳар ким ўзи ҳал қилгани маъқул. «Мен ичишни аллақачон ташлаб юборар эдим-ку, улфатлар қўйишмайди-да, ичмасам, одамгарчиликдан чиқиб қоламан», деган гаплар иродасиз одамларнинг асоссиз баҳонасидир! Ҳа, ҳамма гап одамнинг ўзида, унинг иродасида! Мавзуга дахлдор шундай бир воқеа эсимга тушиб қолди.
Бундан кўп йиллар муқаддам, жазирама ёз кунларининг бирида пойтахтдаги сўлим чойхонада дўстлар йиғилишиб, ошхўрлик қилдик. Ўртага катта сопол лаганда ош тортилди. Таниқли адиб ва журналист Мирзакарим Пирматов (Оллоҳ раҳмат қилсин, кўп яхши инсон эди!..) соқийлик қилаётганди. Навбат менга келганда «Йўқ, ичмайман!» дедим ва индамай ошни уравердим. Соқий қистай бошлади. Кескин бош чайқадим. Ичмаслигимни биладиган айрим дўстлар орага тушиб, «Қўйинг, ичмайди!» дейишса ҳам соқий зўрлай бошлади. Шу одатимизни жуда ёмон кўраман. Мирзакарим қадаҳ ҳар гал айланиб менга келганда яна зуғумини қўймасди. Ахийри, тоқатим тугади. Навбатдаги қистовда шартта қўлидаги пиёлани олиб, ичидаги ароқни бир четга тўквордим. Бу билан чекланмай, қўлидаги ароқ шишасини ҳам тортиб олиб, ёнимиздаги ҳовузга шалоплатиб ташлаб юбордим. Бунақа «реакция»ни кутмаган Мирзакарим серрайиб қолди. Сархуш улфатлар ҳам андак сергак тортишди.
Орадан бироз вақт ўтгач, мундоқ қарасак, Мирзакарим жойида йўқ. Боёқиш менда, хафа бўлиб, аразлаб кетиб қолибди. Кейинчалик эшитсак, ўша кезлар Мирзакаримнинг жигари жиддий касал — церроз экан, ичиш мутлақо мумкин эмаслигини билса ҳам иродасини қўлга ола билмаган. Оқибат — қирчиллама йигит ёшида вафот этди. Хўш, биз — гумроҳлар бундан сабоқ чиқаролдикми?.. Билмадим...
Гоҳо ўзимча ўйлаб қоламан: Мирзакаримнинг дўстлари уни авайлашганда, менга ўхшаб тез-тез «хафа қилиб» туришганда, раҳматлининг умри сал узоқроқ бўлармиди...
Ҳар қандай тарбиявий иш, аввало, мактабдан, оиладан, хонадон соҳибининг шахсий намунасидан бошланади. Ўзи ичишга муккасидан кетган одам фарзандига ичмагин дейиши қийин, гапининг таъсири бўлмайди, қолаверса, насиҳат қилишга маънавий ҳаққи бўлмайди. Шундай экан, аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи, илмига ўзи амал қилмоғи лозим.
Шодмон ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими