Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Театр ўриндиқлари нега бўш?

Томошабин театрни излаяптими ёки театр томошабинни?

Театр ўриндиқлари нега бўш?

Ўтган асрнинг ўн тўртинчи йилида Тошкентдаги «Колизей» биносида «Падаркуш» спектакли намойиш этилганда одамлар чипта олишга соатлаб навбат кутишган, ҳатто тик оёқда туриб томоша қилишган экан...

Ўзбек миллий театри тарихида биринчи қадам бўлган бу саҳна асарининг яратилганига ҳам, мана, юз йилдан ошибди. Шу йиллар ичида театр санъатининг дарғалари яратган ўнлаб асарлар дунё эътирофига сазовор бўлди. Илк бор ибратхона тариқасида ташкил қилинган маскан минглаб инсонлар руҳий-маънавий озиқа оладиган даргоҳга айланди. Театрга тушиш учун бирон ҳафта олдин чипта олиб қўйилмаса, спектакль кўриш амримаҳол бўлган пайтларни ёши катталар яхши хотирлайди.

Сабаби, театр шунчаки саҳна эмас, балки жонли кўзгу. Уйимиздаги кўзгу ташқи кўринишимиз ва ундаги камчиликларни кўрсатса, театрда феъл-атворимиз, турмуш-тарзимиздаги нуқсонларни, инсонларнинг асл қиёфасини очиқ-ойдин кўрамиз. Театр бизга ўзимизнинг кичик оламимиздан чиқиб, атрофимизда юз бераётган, аммо биз илғамаган ҳаёт ҳақиқатларини, турмушнинг паст-баландини англашга ундайди.

Спектакль давомида томошабин саҳнадаги қаҳрамон билан бир инсонга айланади, қувонса кулиб, йиғласа ғамга ботади ва муаммоларнинг ечимини бирга топади. Сабаби — қаҳрамоннинг муаммоси аслида томошабинни қийнаётган, ташвишга солаётган, ечимини қидираётган ҳаётий вазият бўлади. Шу маънода, театр — ҳаёт давомида дуч келишимиз мумкин бўлган, турмушдаги хатоларни англатувчи тушунча ва ҳолатларни олдиндан кўриб, тўғри хулоса чиқариш имконини берадиган катта мактабдир.

Бугун театрларимизга томошабинларнинг муносабатини билиш мақсадида «Охирги марта қачон театрга боргансиз?»  — деган савол билан 50  ҳамюртимизга мурожаат қилганимизда, 26 нафари «театрда умуман бўлмаганман», деса, 11 нафари «аниқ вақти эсимда йўғ-у, бир марта борган эдим», деб жавоб берди. Қолган 13 дан 7 нафари беш-олти марта театрга борганини ва 6 нафари спектаклларни мунтазам кузатиб боришини айтди. Рақамлар кўрсаткичидан ўзингиз хулоса чиқараверинг...

Театр жамоаларидаги аҳволни кузатсак, бундан-да ачинарлироқ ҳолатга гувоҳ бўлдик. 500 ўринли Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида 4 апрель куни бўлиб ўтган «Осмонга сиғмаган қуш» спектаклига 200 нафарга яқин томошабин кирган. Театр директорининг томошабинлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Хайрулла Иноғомовнинг айтишича, 200 томошабиндан атиги 30 нафари ўз хоҳиши билан борган, қолганлари ташкилий йўллар билан уюштирилган.

Ўзбек Миллий академик драма театри 540 ўринга эга. «Момо ер» спектаклига эса, бор-йўғи 100 нафарга яқин томошабин кирган.

5 апрель куни Алишер Навоий номидаги Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрида «Разолат қурбонлари» спектакли намойиш этилди. Театр залидаги 450 ўриннинг 220 таси тўлган, холос.

Бугун театрнинг инсонлар ҳаётидаги ўрни қанақа? Нега театр ўриндиқларининг кўпи бўш? Саҳна асарига бўлган бундай муносабатнинг асл сабаби нима? Томошабин театр саҳнасида ўзини топа олмаётирми ёки аксинча, спектакль томошабинни излаб сарсонми? Нима учун одамлар, айниқса, ёшлар ўз аксини кўришни хоҳламай, кўзгуга қарашдан бош тортяпти? Балки кўзгу хира тортиб қолгандир?..

Театрга йўли тушмаган ота-оналар

Бахтиёр ЁҚУБОВ, санъатшунос:

— Ёши қирқдан ошган, тўрт фарзанднинг отаси бўлган тадбиркордан сўрадим:

— Фарзандларингизни охирги марта қачон театрга олиб боргансиз?

— Ўзимнинг-ку, театрга йўлим тушмаган. Агар болалар кўришни хоҳлашса, уларни еталаб юраманми? Ўша спектаклларнинг дискини олиб бераман, уйда кўраверади...

Афсуски, орамизда ўзлари театр нима эканини билмайдиган, билишга ҳам қизиқмайдиган ота-оналар талайгина. Ахир, улар бола тарбияси, одоб-ахлоқи, илм-маърифати, маданият ва маънавияти шаклланиши учун ҳам масъул-ку! Аслида зиммасидаги бу вазифани бажаришда сусткашликка йўл қўйишга ҳеч бир ота-онанинг ҳақи йўқ.

Сўнгги пайтларда саҳналаштирилаётган спектаклларнинг кўпида ҳаётнинг икир-чикирлари-ю маиший муаммолар бош мавзуга айланиб қоляпти... Фикримча, бугуннинг ёшларини жалб қила оладиган, уларни лол қолдирадиган, ўйлашга, фикрлашга, мулоҳаза қилишга ундайдиган асарлар кўпроқ саҳналаштирилиши керак. Токи улар: «Буни ҳамма билади-ку...» деб айтмасин.

Томошабин саҳнада ўзини кўрсин

Фарҳод УМАРОВ, педагог:

— Ҳар қандай инсон ўзини қизиқтирган мавзудаги, ўзини қийнаётган саволларга жавоб бўла оладиган ва ҳаттоки, орасидан ўзини топа оладиган фильм томоша қилишни, асар ўқишни, мусиқа тинглашни ва бошқа турдаги санъат асарларидан баҳраманд бўлишни хоҳлайди. Бу талабни қондирадиган спектаклларни эса, деярли учратмаяпмиз. Театрлар репертуарига қарасак, қўйилаётган асарларнинг аксарияти эскирган мавзулар. Улар ҳозирги кунда жуда озчиликни қизиқтиради, холос. Бугунги ёшларнинг дунёқарашини ўзида акс эттирган, уларнинг қиёфасини намоён этадиган саҳна асарлари деярли йўқ.

Масалан, «Отасининг қизи» спектакли ўттиз беш йил давомида ўз мухлисларини йўқотмай кел­япти. Бироқ у яна неча марта қайта ишланиб, яна неча йил қўйилади? Гарчи қизиқ бўлса-да, битта маъно-мазмундан томошабин ҳам безиб кетмайдими? Биз эса ҳамон янги, ўзида бугунги куннинг руҳини ифодалай олган спектаклларни кут­япмиз...

Балки жарчилар керак?

Соҳиб ТОШМАТОВ, томошабин:

— Яхши спектакль яратиш — бу ҳали яхши натижа дегани эмас. Уни томошабинга етказа олиш керак. Театрларимизда «шедевр» асарлар йўқ эмас. Аммо томошабиннинг бундан хабари борми?..

Халқимизда ҳамиша янгиликдан хабардор қилувчи, тўйга айтувчи жарчилар, махсус чақирувчилар бўлган. Бугун, назаримда, театрларимизнинг «жарчилари» яхши ишламаяпти.

Масалан, ёшларбоп спектакль саҳналаштирилганда у ҳақда ёшлар кўп вақтини ўтказадиган интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда овоза қилиш мумкин-ку. Театрлар ўз сайтларини, блогларини очиб, айниқса, ижтимоий тармоқларга аъзо бўлиб, шунчаки хўжакўрсинга эмас, театрнинг фаолияти ва унинг ижодкорлари (кўпчилик ўзининг севимли актёр ёки актрисаси қайси театрда фаолият юритишини билмайди), репертуар ва саҳналаштирилаётган асарлар ҳақида маълумот бериб борса, ёшлар, албатта, театрга боради.

Шуҳрат УЛУҒХЎЖАЕВ, томошабин:

— Икки марта зарурат юзасидан спектакль томоша қилишга бориб қолдим. Тўртинчи бор менда театрга бориш учун ихтиёрий эҳтиёж пайдо бўлди. Бешинчи, олтинчисида ёлғиз боргим келмай танишлар, ҳамкасбларни ҳам етакладим. Ҳозир эса, аёлим, тўққиз ёшли қизимсиз бормайдиган бўлганман. Негаки, мен театрдан олаётган маънавий бойликдан яқинларим ҳам баҳраманд бўлишини истайман.

Ҳар бир инсонни ўйлантирадиган мураккаб саволларга театр ибрати орқали жавоб топиш мумкин. Саҳна санъатининг одамларга нафақат завқ-шавқ бахш этиши, айни вақтда миллий ғурур, миллий ифтихор манбаи, тарбия воситаси ҳам бўла олиши — бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

«Ўриндиқлар бўш қолмайди, агар...»

Ҳошим АРСЛОНОВ, Ўзбек давлат драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Санъатга, адабиётга муҳаббатни болада кичкиналигидан уйғотиш зарур. Бу ота-онанинг зиммасидаги масъулият. Боғча ёшидагиларни кичик томошабинлар учун мўлжалланган спектаклларга, қўғирчоқ театрларига олиб бориш керак. Чунки бола улардан одоб-ахлоқ, тарбия, билим олади, маданиятни, мустақил мушоҳада қилишни ўрганади. Шундагина бола ўзида чуқур ҳаётий фалсафани акс эттирган спектаклларнинг моҳиятини англай олади.

Шундай оилаларни биламан, фарзандлари билан бирга ҳар ҳафта театр томошасига келишади. Бу болалар эртага улғайиб ўз фарзандларини олиб келади. Мана шу узлуксиз жараён тўхтамаса, театр ўриндиқлари ҳеч қачон бўш қолмайди. Ҳар юзта томошабиндан биттасига бўлса-да, нимадир бера олсак, биз ўз мақсадимиз сари бир қадам илдамлаган бўламиз.

Хулоса ҳам, фарзандингизни етаклаб театрга йўл олиш ёки олмаслик ҳам ўзингизга ҳавола. Аммо биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Шаҳноза РАЖАБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар