Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Яхшиликнинг оғир юки

Инсон нега бировга яхшилик қилади?

Яхшиликнинг оғир юки

Қўлидан келганида, имкони бўлганида савоб учун кимгадир кўмак бериб, оёққа туришига ҳисса қўшиш, ўз қариндошлик, дўстлик меҳрини ифодалаш, руҳан енгил тортиш учунми? Ё келгусида ундан бирор манфаат кўриш мақсадидами? Эҳтимол, ҳозир тилини қисиқ қилиб қўйиб, эртага истаган пайтда «жилови»ни тортиб – юзига солиб, маънан ўз таъсирида сақлаш учундир?

Киши бу саволларнинг ҳар бирига ўз ҳаётида жўяли жавоб топа олади, албатта. Бироқ бу ерда бир нозик масала ҳам бор: ҳозир атрофимизда бировдан кўрган яхшилигини айтиб, самимий миннатдорликдан кўра, кимгадир берган кўмагини айтиб-кўрсатиб мақтанадиган, олқиш кутадиганлар кўпайиб бораётгандек...

Бир ҳамкасбимиз гапириб берган воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди.

«Бир куни ишхонамизга қотма, ўртаяшар одам келди, – дея эслайди у. — Узоқ йўл босиб келибди. Қўлида мақола, яна бир даста сурат. «Мана шу ибратли ишни газетангизда берсангиз, зўр бўларди, ука», — деди. Танишиб чиқдик. Мақола қўли узунроқ бир одамнинг хайрли иши ҳақида экан. У қўшнитоб қариндошига бир соғин сигир, яна бошқасига улоқли эчки берган экан. «Бир савоб иш қилгандик, ука, шуни ёритсанглар...» — дейди. «Мақола қаҳрамони ким? Яъни, яхшилик эгаси?» дея сўрадим. «Ким бўларди, ўзим-да», — дейди... Кейин билишимча, бу шоввоз ўша яхшилик кўрсатган бечораларни ўзи берган сигир ва эчкиларга қўшиб суратга олган, ўзи ўзини мақтаб мақола ёзган... Кўп таҳририятни безор қилиб, шу қилган яхшилигини газетада кўз-кўз қилмоқчи  бўлган экан...»

Ҳа, орамизда ана шундайлар ҳам йўқ эмас... Ваҳима қилаётганим йўғ-у, назаримда, яхшилик ҳам савдога айланиб бормоқда. Ақлли одам яхшилик кўрган кишига бу ҳақда вақти-вақти билан айтиб, раҳматини билдириб турмаса, охири войга ўхшайди: қачонлардир, вақти келиб, «Фалончини мен одам қилганман», «Пистончига вақтида ўтказиб қўйганман...», «Мен ёрдам қилмаганимда, бугун юрардинг...» деган гапларни албатта эшитади...

Нега шундай-а?

Савобнинг бир учи

— Пойтахтда ўқиб юрган кезларим ҳаётимда унутилмас бир воқеа бўлган эди, — дейди бухоролик Муслима Жонибекова. — Таътилда уйдан қайтар чоғимда, бир таниш аёл қўлимга юз минг сўм берди ва шифохона манзилини айтиб: «Синглимдек бўлиб қолган бир қиз бемор ётибди, ўшанга бериб қўйинг», деб илтимос қилди. Телефон рақамини ҳам ёзиб берди. Тошкентга келгач, манзилни топиб бордим. У қизни кўрдим-у, жудаям ачиндим: оғир бемор экан. Айтишича, яқинда жарроҳлик йўли билан жағини олиб ташлашган, ота-онасининг иқтисоди ночор, зўрға ордер олиб, даволанишга ётқизишган экан...

Омонатни унга топширар эканман, бемор қиз шундай мамнун бўлдики, мен ҳалигача бунчалик самимий қувонч ва ҳайратни кўра олганим йўқ. У қайта-қайта танишимни ҳам, мени ҳам йиғлаб-йиғлаб дуо қилди. Хайрлашаётганимда ҳам мени қучоқлаб, алқади. Ҳатто ўрнидан туролмаганига, кузатолмаслигига сиқилиб, узр сўрарди...  Баъзилар учун юз минг сўм арзимаган пулдир. Бироқ мен атрофимизда шугина маблағ ҳаётини, тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган одамлар ҳам борлигини ўшанда англаб етдим. Танишим ўша пулни айнан мендан бериб юборгани, шу орқали менга ҳам бемор қиз қатори жуда катта яхшилик қилганини тушундим.

Ҳа, инсон бировга яхшилик қилгани савоб. Унга шерик бўлишнинг ҳам савоби кам эмас.

— Мен шартнома-тўлов асосида ўқиганман, — дейди дастурчи Умид Каримов. —  Биринчи курс бошларида якшанба куни узоқроқ танишим уйига меҳмонга чақириб колди. Бордим, бироз суҳбатлашиб ўтирдик. Уйга қайтар чоғимда: «Ахборот технологиялари соҳасида ўқиётган экансиз, компьютерингиз борми», деди. «Йўқ, отам энди олиб бермоқчи», дедим. Ваҳоланки, ўша пайтда отам компьютер олиб берадиган аҳволда эмас эди. «Ҳа, майли, отангиз берган пулга манавини ҳам қўшиб, яхши компьютер оларсиз», дея бир даста пул берса бўладими. Бу пулга ўзим йиғиб қўйган озгина пулни қўшиб, тезда компьютер олдим. Шу сабаб бўлди-ю, дастурлашга муккамдан кетиб, илм олишга рағбатим жуда кучайди.

Орадан йиллар ўтди. Ниҳоят ўқишни тамомлаб, дипломни қўлга олгач, уйланиш масаласи кўтарилди. Талабалик давримда ўқишдан ташқари пайтда дастур ёзиб, тўлов-шартнома суммаси ва бошқа барча харажатларимни ўзим қоплар эдим. Айни пайтда тўйим учун ҳам анча-мунча маблағ йиғиб қўйгандим.

Бир қўшнимиз бўларди. Тадбиркор. Унча яқин ҳам, узоқ ҳам эмасдик. Мен ўқишдан, у киши эса ишидан ортмаслиги сабабли жуда кам кўришардик, дуч келиб қолсак ҳам фақат салом-алик қилардик, холос. Бир куни бошлаган тўйимизга пича пул етмай қолди. Мен уйимиз олдида чеккароқда туриб, қарз сўраш учун дўстимга қўнғироқ қилдим. У билан саломлашишга ҳам улгурмасимиздан алоқа узилиб қолди. Ўша маҳалда тадбиркор қўшним мен томон кела бошлади. Саломлашдим. Шунда у киши ёнидан ҳамёнини олди-да, «Хайрли иш бошлабсиз деб эшитдим, ука, мендан сизга беғараз ёрдам, қайтаришингиз керак эмас», дея 300 доллар берди. Ҳайратдан нима дейишниям билмай қолдим. Чунки айнан шунча пул кераклигини ҳали ўзимдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Қўшним раҳмат айтишимни ҳам кутмасдан, уйига кириб кетди.

Мен бу инсонларнинг исм-шарифини атай айтолмайман. Боиси улар бу ишни бошқалар билишини хоҳламаган. Уларнинг тушунчасини яхши биламан:

қабилида йўл тутишади. Мен бировга яхшилик қилишни шундай инсонлардан ўрганиш керак, деб ўйлайман.    

Хулоса ўзингиздан

Баъзилар вақт ўтиб, қачонлардир қилган яхшилиги учун товон — жавоб талаб қилиб қолади. Ана ўшанда яхшилик миннатга айланиб, қалбингизни тилка-пора қилиб юборади. Шунинг учун ҳам орамизда бировдан ёмонлик кўришдан қанчалик қўрқса, кимнингдир яхшилик қилишидан ҳам шунчалик қўрқадиганлар кўп.

Бироқ фикримча, ҳамма гап масаланинг ўзимизга боғлиқ тарафида: бировга яхшилик кўрсатсак, унинг «жавоби»дан умид қилмаслигимиз керак. Чунки бу яхшиликни у учун эмас, ўзимиз учун, савоб йўлида қилдик. Буни қайтарадими-йўқми, бу унинг виждонига ҳавола.

Аксинча, бировдан кўрган яхшилигимизни эса қарз санаб, уни қайтаришимиз кўплаб кўнгилсизлик ва тушунмовчилик, араз-гина, миннатнинг олдини олишимизда асқотади.

 Хўш, келгусида сизга ҳожатбарорлик кўрсатган киши ўз яхшилигини миннат қилиш-қилмаслигини қандай биламиз? Ўзимизнинг-чи?

Агар Ҳаким ат-Термизийнинг гапига қулоқ тутсангиз, буни билиш қийин эмас: «Дунёда яхшиликдан ҳам кўра оғир юк йўқ. Чунки сенга яхшилик қилган киши сени боғлаб қўйган бўлади, ёмонлик қилса, сени ўз ҳолингга эркин қўйган бўлади».

Бундан тугал хулоса бўлмаса керак. Кимдир сизни бугун ўз ҳолингизга эркин қўйган бўлса, шукр қилинг... Тескариси бўлса, тезроқ унинг «қарзи»ни узишга киришинг.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Ҳурматли муштарий! Яхшилик ҳақида сиз қандай фикрдасиз? Кимдан яхшилик кўргансиз? У сизга қандай яхшилик (ёки ёмонлик) келтирган? Таъма, миннат билан қилинган яхшиликка дуч келганингизда қандай аҳволга тушгансиз?

Шу ҳақдаги мулоҳазаларингизни таҳририятимизнинг www.od-press.uz веб-сайти ёки info@od-press.uz электрон манзилимиз орқали кутиб қоламиз.

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар