Бундайлар энг яқин кишисининг ҳам терисини шилиб олишни кўзлайди.
Бозордан қовун харид қилдингиз. Ҳиди димоғни ёради. Ҳар қандай одамнинг иштаҳасини қитиқлайди. Қишнинг қоқ чилласигача ажойиб сақланган бундай қовуннинг нархи ҳам осмон бўлади.
Уйга келтиргач, пичоқ урсангиз, не тонгки, ичи ачиб-бижиб кетганининг гувоҳи бўласиз. Унинг таъмини ўйлаб сурган ширин хаёлларингиз бирпасда чиппакка чиқади. Ташқариси туппа-тузук, одамнинг кўзини қувнатадиган, лекин ичи... негадир ириб кетган.
Шундай ҳолатга тушиб қолсак, нари борса, кетган пулимизга куямиз, дилимиз бироз ранжийди. Айбни сотувчи билан деҳқонга тўнкаймиз. Шу билан унинг ичини бузадиган сабаб нималиги ҳақида ортиқ бош қотириб ўтирмаймиз.
Атрофимиздаги ҳар бир нарса, воқеа-ҳодисада биз учун катта сабоқ бор. Ҳар кунимизда юз бераётган бундай ишлар ҳаёт мактабининг махсус дарслари аслида. Ундан қандай хулоса чиқара олиш ҳар кимнинг ақл-савиясига боғлиқ.
Энг муҳим тилак
Инсон қалби, ички оламини тадқиқ қилувчи мутахассис-олимлар айрим ташқи белгилар орқали инсон ичини билиш мумкинлигини аниқлашган. Ҳатто, қалбдаги минглаб инсоний фазилатларни ўрганиш асносида уларга зиён етказувчи офат ва иллатларни ҳам баён қилишган. Инсон руҳияти билан боғлиқ жараёнларни ўрганган олимларнинг билдиришича, ички оламимиздаги гўзал фазилатларга талафот етказувчи энг асосий хусусият бу — ҳасаддир.
Шарқда шундай машҳур бир ҳикоят бор.
Кимсасиз чўлда кетаётган ёлғиз йўловчи Хизрга дуч келибди. Хизрнинг унга раҳми келиб: «Хоҳишларинг ичида энг муҳим ва асосийсини сўра. Сўраганинг сенга берилади. Лекин унутмаки, сендан бошқаларга сен сўраган нарсадан икки ҳисса ортиғи насиб қилади», дебди. Шунда йўловчи шундай жавоб берган экан: «Бир кўзим кўр бўлишини истайман...»
Яхшиликлар кушандаси
Яҳё АБДУРАҲМОНОВ, исломшунос:
— Ҳасад бирон кишидаги Аллоҳ берган неъмат ёки фазилатни завол топиб, ўзига ўтиб қолишини хоҳлашни билдиради. Ҳасад сўзининг луғавий маъноси эса бирор нарсанинг терисини шилишни ифодалайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасадчининг ҳасадгўйлигидан паноҳ сўрашни буюрган. Ҳадиси шарифда эса: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», дейилган.
Демак, қайси қалбда ҳасад бўлса, у ерда инсоний фазилатларга ўрин қолмайди. Чунки яна бир ҳадиси шарифда: «Иймон етмишдан ортиқ шўъбадан иборат, ҳаё иймоннинг бир шўъбасидир», дейилган. Бундан маълум бўладики, ҳасад қалбдаги ўша фазилатларнинг ҳаммасини йўққа чиқаради. Оқибатда инсон ўзининг маънавий қиёфасини, инсонийлигини йўқота боради. Бундай кимсадан ҳар қандай ёмонлик содир бўлиши мумкин. Унинг ёмонлиги нафақат бошқаларга, ҳатто, биринчи навбатда, ўзига катта зиён етказади. Одамлар ундан эҳтиёт бўлиб, четланиб, қочиб юришининг ўзи ҳасадчига берилган маънавий жазонинг бир кўриниши.
Нўноқликка ниқоб
Дилбар ВАИСОВА, ўқитувчи:
— Ҳасад эркакларга қараганда аёлларда кўпроқ кузатилади. Айниқса, қизларимиз кийиниш, атрофдагиларнинг эътиборини тортиш, яхши жойга келин бўлиш, оилада бекаму кўст яшашдаги ўз нўноқликларини бошқаларнинг фазилатларини барбод қилиш эвазига яширмоқчи бўлади. Дастлаб, шунчаки араз-гина шаклидаги бундай муносабатлар бора-бора кек сақлаш, бошқаларга паст назар билан қараш, тарафкашлик, душманлик ғаразининг ортиб боришига сабаб бўлади. Ҳатто, йигитлар нега менга эмас, бошқа қизларга яхши муносабатда бўлишади, деган ғараз билан суиқасдгача бориб етишади.
Бу кичкинагина нарсалар эртага улар турмуш қургач, оилада ҳам давом этади. Айниқса, оиланинг катталари шу «касал»га чалинган бўлса, янги келинга бу оилада ўрин йўқ. Чунки ичиқоралик бошқаларнинг ҳар бир ишидан айб топиб, камситиб, меҳнатини ерга уриб, барча хатти-ҳаракатини чиппакка чиқаришга уринишдир.
Ҳасад «юқимли...ми»?
Нигора ШОМУРОДОВА, психолог:
— Ҳасад инсонда қачондан пайдо бўлиши ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин. Лекин бола табиатида ёмонликни қасд қилиш хусусияти бўлмайди. Чунки унинг ақли ҳали тўла шаклланган эмас. Шунинг учун унинг айрим хатти-ҳаракатлари ҳасад саналмайди. Қачонки у ақл юргизиб, бошқаларга ёмонлик қилишни қатъий қасд қилса, энди унинг ҳаракати қалбида ҳасад борлигини билдиради. Фарзанд балоғатга етмаган бўлса, унинг ўз фойдасини кўзлаб қилган баъзи ишларини ҳали ҳасад деб бўлмайди. Аммо шундай ишлар охир-оқибатда унинг ички оламини бузиб, ҳасадчига айлантириб қўйиши мумкин.
Аслида ҳасад болага ота-онадан, оиладаги тутум-тарбиядан «юқади». Агар у вояга етаётган муҳит ҳасад иллатидан холи бўлса, болада бу иллат топилиши қийин. Ҳасадчи бўлишни баъзи ота-оналарнинг ўзлари фарзандига ўргатишади. «Фалончи дугонангнинг сендан ўзиб кетишига йўл қўйма...», деб тайинлашади. Фарзанд ҳасадчи бўлганида эса бундан, энг аввало, ота-она ва оила зарар кўради.
Ҳадис:
«Модомики, ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар».
Отнинг ўлими, итнинг байрами
Дилрабо ҚАЛАНДАРОВА, уй бекаси:
— Қишлоғимиздаги бир келинчакнинг уйига кимдир хат ташлаб кетадиган бўлди. Хатда келиннинг бошқа биров билан ахлоқсиз муносабатда экани ёзиларди. Бундан ўша оиладагиларнинг тинчи бузилди. Ўртада тушунмовчилик, уриш-жанжал бўлди. Айниқса, йигит бундай аёл билан яшолмаслигини айтиб, кўп жиғибийрон бўлиб юрди. Узоқ-яқин танаффуслар билан икки йилга чўзилган бу хат можаросининг эгаси бир куни яна хат қолдираётганида қўлга тушди. Бу қуда-андали қўшни аёл экан. Ундан нега бу ишни қилдингиз, шу билан бир оила бузилиб кетиши мумкин эди-ку, деганимизда, у «шу йигитга қизимни бермоқчи эдим, лекин у бошқага уйланди. Бунга чидаб қараб туролмадим, турмушини бузиб бўлса ҳам қизимга уйланишини истагандим...» деб жавоб берди.
Ҳасад одамни ҳатто, ақл-ҳушини ҳам олиб қўйишига шунда ўзим гувоҳ бўлганман. Бировнинг оиласини бузмоқчи бўлганнинг ўзи ҳам она, унинг ҳам ўғил-қизи, неваралари бор. Лекин бировнинг бахтини кўролмаслик дарди унга тинчлик бермаган.
Умрингизни бой берманг
Кимдир эртадан кечгача асаларидай тиним билмай ҳалол меҳнат қилади. Топганини ўзи, оиласи, эл-юрти учун харжлайди. Меҳнатни умрининг мазмуни деб билади. Яна кимдир қўлидан бир иш келмаганидан уззу-кун сояда ётиб, кунини ўтказади. Уни бирор нарсага муҳтожлик ёки бошқа бир эҳтиёжлар эмас, одамларнинг ўзидан ўзиб кетаётгани жуда қаттиқ қайғуга солади. Нима қилиб бўлса ҳам уларнинг ҳузурини поймол қилиш бундай кимсанинг ҳаёт мазмунига айланади. Яхши инсонларни бадном қилиш, тирноқ тагидан кир қидириш, юмалоқ хатлар ёзиш, тилёғламалик билан катталарга бошқаларни ёмонлаш кабилар ичиқораликнинг асосий белгилари саналади.
Ҳасад — қалб хасталикларининг энг хатарлиси. Кимнинг қалбида ҳасад борлигини ҳар кимнинг ўзи яхши билади. Ўзгалар бошига мусибат тушганини кўрганда бўйи осмон баравар ўсиб, ўзгалар муваффақиятидан чексиз тушкунликка тушадиган кимсалар ўзининг кимлигини яхши билади. Бундайларни бошқалар ҳам яхши танишади.
Бундай маънавий иллатни, қалб хасталигини даволашнинг имкони бормикан, деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Психологларнинг билдиришича, ҳасад инсоннинг зарарига эканини тушуниб етиш, қилаётган ишлари моҳиятига назар ташлаш, бошқаларга ўзи учун маъқул кўрган нарсаларнигина раво кўриш мазкур қалб хасталигини муолажа қилишда яхши самара беради.
Мақсад — инсонни ҳамиша ўз измида ушлаб турувчи омилдир. Шу сабабли унинг қандай бўлиши кўп жиҳатларда ҳаётда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мақсади бошқаларга қасд қилиш бўлган киши ўз ҳаётидаги энг муҳим ишларни қўлдан бой бериши тайин.
Содиқжон ҲАМРОЕВ