Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БИР СИҚИМ ТУПРОҚ ҚАДРИ

ёхуд етмиш йилдан сўнг топилган ўзбек жангчиси қабри

«Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди».

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

 Ўзбекистон Республикаси Президенти

БИР СИҚИМ ТУПРОҚ ҚАДРИ

90 йиллар охири

— Онажон, сизни бир Ҳажга олиб бориб келай...

— Умрингдан барака топ, болам! Яхшиси, бобонгнинг қайси юртларда қолиб кетганини билиб бер, қабрини топ. Ётган жойидан бир сиқим тупроқ олиб келсанг, менга шунинг ўзи катта Ҳаж. Отам — армоним!

«Онам сўнгги пайтларда бобомни (отасини) ёдга олиб, қабридан олинган бир ҳовуч тупроқ исини туйиш энг катта армони эканини кўп такрорлайди. Аммо рўзғор ташвиши, турли юмушлар сабаб, онамнинг бу истагини рўёбга чиқара олмаётганинимдан эзилардим...» дейди Бахтиёр ака.

1938 йил

Бекободлик Дўстмурод ота хонадонида тўнғич фарзанд — қиз дунёга келди. Аммо қизалоғининг ҳидига тўймасдан, қирқ биринчи йилда урушга кетди.

Баҳор онанинг фарзандларига кўп бор сўзлаб беришича, Дўстмурод ота ўз даврининг илмли кишиларидан бўлган. Ўттизинчи йилларда пойтахтда таълим олган. Туман бош ҳосилоти бўлиб ишлаган.

Сўнгги хат

1943 йил. Дўстмурод ота хатида яраланиб Бокуда — госпиталда эканини ёзган. Кўп ўтмасдан, сўнгги хатнинг ҳовури совимай, изидан «қора»си келди. Баҳор она бу хатни кўрмаган. Отасининг қаерда ҳалок бўлгани, қаерга кўмилганини ҳеч ким билмайди. Ундан қолган бир дона оқ-қора сурат сиймоси ҳамда онаси, қариндош-уруғлари айтиб берган хотиралар билан яшаб келади.

Хотира китоби

Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонларча ҳалок бўлган юртдошларимиз тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Хотира китоби» Бахтиёр акада умид уйғотди. Ундан бобоси тўғрисидаги илк маълумотларни топди: «Яхшиликов Дўстмурод, 1912 йилда туғилган, 1943 йилда Краснодар ўлкасида ҳалок бўлган».

Энди туман, қишлоқ ва қабристон номини аниқласа бўлди.

Умид — Подольскдан

Бу осон кечмади. Турли ташкилотларга тинимсиз сўровномалар юбориш, электрон ёзишувлар, кутиш ва йиллар керак бўлди.

Ниҳоят, Россия мудофаа вазирлигининг Москва вилояти Подольск шаҳрида жойлашган марказий архивидан қимматли маълумотлар: Дўстмурод отанинг совет армияси 417-ўқчи батальонида хизмат қилгани, 1943 йилда Краснодар ўлкасида кечган жангда ҳалок бўлгани ва Петровка (Петровская) районидаги (ёки қишлоқ номи) оммавий қабрда дафн этилгани ҳақидаги хабар олинди.

«Петровка»лар

Аммо бу ўлкада Петровская номи билан аталадиган жой битта эмас экан. Афсуски, уларнинг барчасига ёзилган сўровномалар бесамар кетди. Бахтиёр ака Google Maps дастури ёрдамида интернетдан барча Петровка номли шаҳар ва қишлоқларининг яқинидаги қабристонларни ўрганди. Аммо дафн этилганлар рўйхатида у излаётган фамилия топилмади. Йиллар ўтаверди...

2012 йил. Кўнгиллилар

«Ищу дедушку — погибшего на войне . Якшиликов Дустмурад. Уроженца Узбекской ССР, Ташкентской области, Бекабадского района. Умер 1943 году в Краснодарском Крае, село Петровская или Петровка. Хотел уточнить адрес его могилы. Заранее большое спасибо!»

Бахтиёр ака ушбу хатни интернетда тасодифан топган, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни қидириш Форуми (kremnik.ru) сайтига юборди. Ушбу сайт урушда бедарак кетганларни, ҳалок бўлганларни топиш бўйича фидойи кўнгиллилар гуруҳи экан. Минглаб кўнгиллилар Дўстмурод отани қидиришга тушишди. Маълумотлар алмашишди. Фидойилар ёрдамида Дўстмурод Яхшиликов номи Краснодар ўлкасида жанг қилган, ўша пайтда ҳаёт бўлган ветеранлардан ҳам суриштирилди.

2013 йил. Дусанарт

15 август. Кўнгиллилар форумидан яна хат келди. Ниҳоят узоқ қидиришдан сўнг гуруҳнинг фаолларидан бири Хатира Мансуровна Дўстмурод ота қабрини  топганди. Хатда у тўғрисида барча маълумотлар бор:

«... Номер записи: №52810330. Яхшелихов Дусанарт. Место рождения:... Беговатский р-н, с/с Калининский. Последнее место службы: 417-стрелковая дивизия. Причина выбытия: убит. Дата выбытия: 13.04.1943г. ...». Ушбу маълумотлар Россия мудофаа вазирлиги марказий архивининг 58-фондидан олингани қайд этилган. Кўнгиллиларнинг узоқ бекободлик бир ўзбек ота учун ҳатто, марказий архивгача кириб бориши, фамилияларни биттама-битта солиштириб, қидириб топиши бу — фидойилик, миллатидан, юртидан қатъи назар, ҳар бир жангчига улуғ эҳтиром туфайли инсонларни бирлаштирган чексиз кучдир!

Бахтиёр ака нима учун салкам ўн йилдан буён бобосини топа олмаётганини англаб етгандек бўлди: ахир ҳужжатларда Дўстмурод — Дусанартга айланиб қолганди.

Бундан ташқари, Хатира Мансуровна Дўстмурод ота ҳалок бўлгани қайд этилган, ранги ўчиб, сарғайиб кетган ҳужжат нусхасини ҳам юборганди. Бир варақ қоғозда 19 та аскарнинг шахси ҳамда уларнинг 1943 йили 13 апрель куни «Отруб №7» ҳудудида (Отруб — 1906-1916 йилларда крестьянинларга берилган хусусий ер майдони) ҳалок бўлгани ёзилган. (Кейинчалик отанинг қабрини топишда вафот этган санаси катта роль ўйнади). Шунингдек, унда ҳалок бўлганларнинг манзили ҳамда яқинларидан бирининг шахси: бирининг турмуш ўртоғи, иккинчисининг ота ёки онаси исм-фамилияси келтирилган. Буни англагандек бўлдик. Улар «қора» хат қўлига етиб бориши керак бўлган жангчининг яқинлари эди. Дўстмурод отанинг турмуш ўртоғи «Яхшелихова Хачабур» деб ёзиб қўйилган. Аслида Хачабур бу — Хосият экан.

«Отруб №7»

«Отруб №7» манзили Краснодар ўлкасидаги бирорта Петровская номи билан аталувчи ҳудуддан чиқмади. Қидириш бошқа туманларда ҳам давом этди. Ниҳоят, «Отруб №7» ўлканинг Славянск райони ҳудудидаги, урушдан кейин номи ўзгарган жой экани аниқланди. Шундан сўнг, «Петровская» — бу Славянск районининг эски номи экани ҳам келиб чиқди. Бахтиёр ака ўн йил бобоси қабрини «Петровка»лардан қидириб чалғиганини  билди.

2014 йил. Анастасиевка

Славянск райони архивида Бахтиёр акани эшитиб, унга Россия тарихчи-архивчилар жамиятининг Славянск-Кубань шаҳри бўлими раҳбари Дмитрий Александрович Решмет билан учрашишни маслаҳат беришди.

Дўстмурод отанинг қабрини топишда Д.Решметнинг ҳиссаси катта бўлди. У тўпланган маълумотларни ўрганиб, Бахтиёр акани тумандаги Иккинчи жаҳон уруши тарихи музейига бошлаб борди. Музейда сақланаётган ҳарбий хариталарда 417-ўқчи батальонининг қайси санада қаерда жанг қилгани, кўрсаткичлар ва кичик байроқчалар ёрдамида аниқ-тиниқ белгиланганди. Ҳужжатларда 417-ўқчи батальоннинг 13 апрель куни қақшатқич жангга киргани, унда 987 нафар аскар ҳалок бўлгани ва оммавий қабрга кўмилгани қайд этилган. Харитада қабр жойи ҳам кўрсатилган. «Отруб №7» ҳозирда Анастасиевка қишлоғи, деб аталар экан. Эллигинчи йилларда оммавий қабр шу қишлоққа кўчирилиб, хотира мажмуаси барпо этилган.

Бахтиёр ака оммавий қабрни ҳам, хотира мажмуасини ҳам ўз кўзи билан кўрди. Қуръон тиловат қилди. Бобосининг тупроғини келтирди.

«Эй, ўзбек!..»

Ота қабри тупроғини кўзига тўтиё қилиб мунгли йиғлаган саксонни қоралаган онам сиймоси ҳеч қачон кўз олдимдан кетмайди, — дейди бекободлик Бахтиёр Абдукаримов. — Уламолар маслаҳати билан қишлоғимизда бобомга рамзий қабр қўйдик. Онам тупроқнинг бир қисмини рўмолчасига ўраб, доим ёнида олиб юрди. Бунга қаршилик кўрсатмадик. Билмадим, балки бу ярим кўнглига малҳам бўлгандир.

Биласизми, Славянск районида автобусдан тушиб, такси кутар эканман, бир ҳайдовчи келиб, шинам ва арзонроқ меҳмонхонага олиб бориб қўйишни таклиф қилди. Важоҳати бошқача. Оёғим тортмаса-да, таксига ўтирдим. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик. Миллати арман экан. Ўзбекистондан келганимни, мақсадимни айтдим. Шунда у машинани бирдан тўхтатди. Мен томонга ўтиб, шахт билан эшикни очди ва «Туш!..» дея буйруқ берди. Капалагим учиб кетди. Бегона юрт. Шунда: «Эй, ўзбек!», дея бирдан қучоқлаб олди. «Бобосининг қабрини қидириб келадиган одам ҳам бор экан-да?! Йигирма йиллик таксичилик давримда бир чечен, бир ўзбек келдинг», дея елкамга қоқди. Такси пулини ҳам олмади.

— Урушда ҳалок бўлган яқинларининг қабри қаердалигини билмайдиганлар ҳали кўп, шундай эмасми?

— Ҳа. Балки қидириб, топа олмаганлар ҳам анчагинадир. Бунга ҳужжатлардаги хатоликлар ҳам сабаб, деб ўйлайман. Айтганча, оммавий қабрда кўплаб ўзбекистонлик юртдошларимизнинг исмига кўзим тушди. Балки уларни ҳам фарзандлари излаётгандир. Нима бўлганда ҳам яқинларимизни қидиришдан тўхтамаслигимиз керак.

* * *

P/S. Шу ўринда ўзбек жангчисининг қабрини топишда ёрдамини аямаган Россия мудофаа вазирлиги марказий архиви мутасаддиларига, Хатира Мансуровна ва Дмитрий Решметга миннатдорлик билдирамиз.

 

Бахтиёр ҲАМИДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар