...Атрофни қоп-қора тутун қоплади. Бир зумда ҳамма ёққа қип-қизил қон сачраб, музга сингиб кетмоқда. Туйқус осмонда пайдо бўлган самолётнинг зарбидан қочиб қутилганлар ҳам оғир ярадор эди. Милтиғига тираниб, жонини чангаллаб ўтирган Фазлиддин рўпарасида пайдо бўлган шарпани ҳатто илғамади ҳам. Ҳаммаси тамом, «Ой бориб, омон қайтгин», дея кузатиб қолган муштипар онасини бошқа кўрмайди...
Ҳа, Иккинчи жаҳон урушининг бу ёвуз манзараси ҳали-ҳамон қалбларни титратмоқда. Орамизда бу урушдан жабр кўрмаган ёки унинг зиёни етмаган хонадон кам. Қанчадан-қанча йигитларимиз гўшанга кўрмай, урушнинг қурбонига айланган...
Қор ўрада жон сақлаб...
Абдуғаффор Абдураҳимов бугунги тинчлик ва осойишта кунлар қадрини бошқача ҳис этади. Чунки у ўша даҳшатларни ўз кўзи билан кўрган — Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Отахон уруш хотираларини қуйидагича эслайди.
— Эндигина йигирмага тўлган вақтим, урушга чақирув қоғози келди, — дея сўз бошлади Абдуғаффор ота Абдураҳимов. — Ота-онам мени олиб қолишга кўп ҳаракат қилишди. Сабаби, акам ҳам бу пайтда уруш оловининг ўртасида жон олиб, жон бериб, йигитлик бурчини адо этаётган эди. Лекин мен унамадим. Уларнинг кўз ёшини оқизиб, маҳалладаги ўзим тенги ўртоқларим билан урушга отландик.
Поездда бир неча кун юргач, бизни Чкаловга туширишди. У ерда бироз тайёргарликдан ўтдик. Шу ерда ўзбекистонлик аскарларни ҳар тарафга олиб кетишди. Мен тушган гуруҳ Саратовга бир неча кун пиёда боргач, у ерда ҳам урушга тайёргарлик кўрдик.
Ниҳоят, 1943 йил урушга кириб, дивизиямиз билан жарларда, тоғларнинг бағрида махсус ўралар қазидик. У ерда совуқдан аранг жон сақлардик. Ҳар икки соатда бизга бириктирилган постда қўриқчиликка чиқар эдик. Совуқда жон сақлашнинг ўзи бўлмасди. Олов ёқсак ҳам таъсири унча сезилмасди, чунки совуқ жуда қаттиқ эди. Шу азобда бир неча кун қолиб кетдик. Бир куни кечаси бизни уруш бўлаётган жойга олиб кетишди. Шундагина урушнинг аянчли манзарасига гувоҳ бўлдим. Ҳаммаёқ мурдаларга тўлиб кетганди. Тинимсиз ўқ товуши эшитилиб турибди. Замбараклардан катта бинолар нишонга олиниб, ўққа тутилган. Самолётлар осмондан ўқ ёғдиряпти. Гуруҳимиз билан ағдарилган машина орқасига яшириниб, пайт пойлаб, ҳужумга ўтамиз. Бироз отишмадан сўнг, яна жойимизни ўзгартирамиз. Бир метр баландликдаги қорда машина очган изларга яшириниб, душманга зарба берамиз...
Тўрт ой шу зайлда ўтди.
Кунларнинг бирида вайрон қилинган қишлоққа кириб бордик. Замбараклар зарбидан қишлоқ бутунлай ҳароб аҳволга келиб қолган экан. Мурдалар ҳар ёқда сочилиб ётибди. Ўша ерда тошкентлик ўртоғим Фазлиддинни кўриб қолдим. У қонга беланиб чалажон бўлиб ётган экан...
Тўсатдан яна отишма бошланиб қолди. Отишмада ўнг қўлимга ўқ тегди. Шерикларим мени паналаб, госпиталга жўнатишди. Афсуски, қўлим тузалмади. Шу боис 1943 йилнинг июнь ойида урушдан қайтиб келдим.
Урушда қийналиб юрибмиз десам, бу ердагиларнинг аҳволи ҳам бизникидан қолишмас экан. Қишлоқдаги ҳамма юмуш хотин-қизлар ва болаларнинг гарданида. Ҳеч ким ҳаётидан нолимай, урушдаги аскарлар учун туну кун меҳнат қиларди. Бир бурда нон топиш учун кечасию кундузи тинмаслик керак. Шу йўл билан бир амаллаб жон сақлаш мумкин эди.
Урушдан қайтгач, колхозда табелчи бўлиб ишлай бошладим. Уруш тугагач, ҳайдовчиликка ўқидим. Уйландим. Етти фарзандни ўттиз йил ҳайдовчилик қилиб, ҳалол едириб-ичириб, вояга етказдим. Шукр, бугун барчаси ўзидан тинчиган. Икки фарзандим нафақа ёшида.
Ҳалол меҳнат меваси
Урушдан сўнг Абдуғаффор ота энди оғзи ошга етиб, роҳат-фароғат кўраман деганида, аввал тўнғич ўғлидан, сўнгра, эндигина қирқ ёшни қаршилаган қирчиллама кенжа ўғлидан айрилиб қолди...
— Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмасин экан, — дея сўзида давом этади Абдуғаффор ота. — Урушда қўлим яраланиб, ишга яроқсиз бўлиб қолгани мени бир эзарди. Фарзандларим мендан олдин бу дунёни тарк этгани жуда оғир зарба бўлди менга. Лекин ўзимни йўқотмадим. Барига сабр қилдим. Шукр, бугун набиралар, эваралар қуршовида иззат-икромда ўтирибман. Юртбошимиз биз уруш қатнашчилари учун яратиб бераётган имтиёзларни эшитиб, хурсандчилигим икки ҳисса ортяпти.
Абдуғаффор ота мусибатларни мардонавор енгиб ўтди. Ҳаётда ўз олдига қўйган эзгу мақсадлардан бир зум бўлса-да оғишмади. Курашди. Охир-оқибат, меҳнати юзага чиқди. Элда, маҳалла-кўйда ҳурмат қозонди.
— Бу кунлар ўз-ўзидан бўлган эмас, бунинг қадрига етиш керак. Уруш пайтларида бундай кунларни орзу қилиш у ёқда турсин, ҳатто, тасаввур ҳам эта олмасдик. Баъзида ҳаётдан нолиб юрган кишиларни кўрсам, ғазабим қайнайди. Ахир, тинчлик-осойишталик даврида яшаяпмиз. Биз бир бурда нон топаман деб кечасию кундузи тинмасдик. Ҳозир ҳамма нарса муҳайё. Уруш вақтида қалин қорни ковлаб, совуқда аранг жон сақлаганмиз. Оч қолган вақтларимиз музлаб ётган карамни ўн-йигирма аскар тенг баҳам кўриб еганмиз. Буларни ҳозиргиларга айтсанг, худди эртак эшитаётгандек бўлади. Аслида ҳеч нарса ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Ҳаммасига инсон фақат ва фақат меҳнат билан эришади. Мен айтаётган гаплар баландпарвоз эмас. Бу кунларга етиш йўлида не-не йигитлар жон олиб, жон беришди. Бунинг қадрига етишимиз шарт.
Отахон оғир тин олди. Бирдан гапдан тўхтаб, ўйга толди...
...Фазлиддин шу хаёлда таслим бўлди. Бир пайт рўпарасида тўхтаган шарпа исмини айтиб уни чақирди. Ёрдам бериш илинжида турган аскарга қаради-ю қотиб қолди. Дастлаб кўзларига ишонмади. Яхшилаб қаради. Бу аскар маҳалладоши Абдуғаффор эди.
Фазлиддин Абдуғаффор туфайли ота-онаси бағрига қайтди...
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Оила даврасида» мухбири
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔11
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил