Энди ҳар бир бола мактабгача таълим муассасасига бора олади…ми?
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Чимқўрғон қишлоғида яшовчи Насиба Гусемованинг уч нафар фарзанди бор.
Насиба опа қайнота-қайнонаси билан бирга яшайди. Турмуш ўртоғи қурилиш соҳаси бўйича вилоятнинг турли ҳудудларида ишлаб келади. Табиийки, даромад ҳам бирдек бўлавермайди. Улар катта фарзандини тумандаги 16-мактабгача таълим муассасасига беришган. Иккинчи фарзанди ҳам аллақачон тўрт ёшга кирган бўлса-да, уни боғчага юборишга имкони бўлмаётган эди...
Президентимизнинг яқинда қабул қилган янги қарори Насиба опа каби болаларини мактабгача таълим даргоҳига юборолмаётган ота-оналар учун имкониятлар эшигини очди. «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда аҳолининг турмуш даражасини инобатга олиб, Республикамизнинг айрим ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловининг миқдори 50 фоизгача камайтирилди.
Бундай имконият берилган ҳудудлар рўйхатида Яккабоғдан ташқари Қашқадарёнинг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон ва Ғузор туманлари; Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан; Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманлари ҳам бор.
«Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам биз мактабгача таълим тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу борада катта ишларни бошладик. Агар шу ишни пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз қийин бўлади», деган эди Президентимиз ўтган йили 19 октябрь куни Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича бўлиб ўтган йиғилишда. Албатта, Ватан равнақига ҳисса қўша оладиган етук кадр бўлиш учун, аввало, билим пойдевори болаликдан қўйилиши керак. Боланинг ўз вақтида таълим олишига унинг оиласидаги шароит, вазият тўсиқ бўлмаслиги лозим.
Мазкур қарор ана шу масалада ижобий ечим бўлиб хизмат қилади.
Тарбиячининг маоши қанчага ошди?
— Яқинда ўғлимни уйимиз ёнидаги мактабгача таълим муассасасига бергандик, — дейди Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқаро Турдинисо Парпиева. — Лекин боламнинг руҳиятида жиддий ўзгаришлар сезилди. Болам инжиқ ва йиғлоқи бўлиб қолди. Боғчага бормайман, деб хархаша қилди. Кўника олмаётгандир, деб бошида эътибор қилмадик. Лекин орадан уч-тўрт ҳафта ўтса ҳам унда ижобий ўзгариш бўлмади. Кейин билсам, боғчадаги ўрта махсус маълумотга эга тарбиячи болалар билан ишлашда етарли малакага эга эмас экан.
Албатта, ҳар бир боланинг мактабгача таълим муассасасига боргани яхши. Аммо дунёқараши эндигина шаклланишни бошлаган болажонни фақат малакали мутахассисгина муносиб тарбиялай олади. Ота-она ҳам жажжи нуридийдасини ишончли қўлда бўлганини ҳис этсагина хотиржам бўлади. Болага берилган озгина нотўғри тарбия ёки салбий муносабат унинг руҳиятида жиддий нуқсон келтириб чиқариши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам мактабгача таълим муассасаларини малакали, олий маълумотли кадрлар билан таъминламасдан туриб, болаларни боғчаларга тўлиқ жалб қилишнинг имкони йўқ.
Бироқ ҳар қандай малакали ходим ўз меҳнати муносиб рағбатлантирилган жойдагина ишлашни истайди. МТМларда ишлаётган ходимларнинг маоши эса уларни қаноатлантирмаслиги мумкин. Президентимиз жорий йил 14 февраль куни Мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишга доир мажлисда МТМ ходимларининг савияси, билими ва тажрибаси масаласига алоҳида тўхталиб, тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг табиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи ўрта-махсус маълумотга эга эканини афсус билан таъкидлади. «Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади», деди мамлакатимиз раҳбари.
Юқоридаги қарор эса бу масалага муносиб ечим бўла олди, дейиш мумкин. Қарорда: «2018 йил 1 мартдан бошлаб — мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари — 30 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда — 30 фоизга, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари — 20 фоизга, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари — 10 фоизга табақалаштириб оширилиши» белгилаб қўйилди.
Пойдевор мустаҳкам бўлса...
Мақсад аниқ бўлгач, унга томон йўллар очилаверади. Эндиликда мактабгача таълим тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифалари қаторига олиб чиқилди. Соҳани ислоҳ қилиш Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйичи Ҳаракатлар стратегиясида аниқ белгилаб қўйилди. Тизимни ислоҳ қилишга доир қатор қонун ҳужжатлари кучга кирди. Болаларнинг овқатланиши, дам олиши, ишончли мутахассислардан таҳсил олиши учун имкониятлар яратилмоқда. Мана, ҳатто бу борада ота-оналарнинг шароити ҳам ҳисобга олиниб, алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ҳар бир болани мактабгача таълим муассасасига қамраб олиш, унга жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия бериш, бу жараёнга алоқадор барча шароит ва имкониятларни яратиш бу — нафақат бир оилада вояга етаётган биргина фарзанд, балки мамлакатимизнинг буюк истиқболи учун қайғуриш, келажагимиз учун бугундан пухта тайёргарлик кўриш деганидир.
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА тайёрлади.
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔11
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил
1 октябрдан нималар ўзгаради?
🕔15:41, 03.10.2025
✔55
Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил