Тутунсиз ва мазутсиз иссиқхоналар: Ўзбекистон олимларидан инновацион ечим
Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари иссиқхоналарни ҳеч қандай ёқилғи ишлатмасдан иситиш имконини берувчи технологияни тақдим этишди.
Батафсилкимларнинг калтабинлиги заҳмини тортмоқда?
«Мен ҳали ўқувчиман, опажон...»
Шифокор қўшнимиз Назира опа ишхонасидаги воқеани айтиб берди:
— Бугун бир қиз қабулимга кирди. Тиббий текширувдан сўнг унинг икки ярим ойлик ҳомиласи борлиги маълум бўлди. «Табриклайман, яқинда она бўларкансиз», дедим унга бу хушхабарни тезроқ етказишга ошиқиб. Одатда бундай хушхабарни эшитган аёлнинг юзи ёришиб, хурсандлигидан ўзига сиғмай кетарди. Унда эса бундай бўлмади. Кўзига ёш олди.
— Нима бўлди? — дедим унга. У индамай кўз ёшларини артишга тушди. — Турмуш ўртоғингиз борми?
— Ҳа... — дея олди қиз зўрға.
— Никоҳдан ўтганмисиз? Тўйингиз бўлганми? — у яна кўз ёшини арта-арта бош ирғади. — Унда нега йиғлайсиз?
Қиз жавоб бермади. Ўзини тутолмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушди. Ёнига бориб, елкасидан қучдим. Тинчлантиришга уриндим. Бир пиёла сув тутдим. Қиз ўзини босиб олиб, бир лаҳза жим қолди. Кейин зўрға оғиз очиб, «Мен ҳали ўқувчиман, опажон!..» деганча елкамга бош қўйиб яна йиғлаб юборди...
«Янга, дарсга яна кечикдингиз»
Санобар пойтахтимизнинг коллежларидан бирига қабул қилинганида ўқишни катта иштиёқ билан бошлади. Келажакда ўқитувчи бўлишни орзу қилгани учун ҳамма фанларни пухта ўзлаштирар, бор меҳрини дарсларга бағишларди. Биринчи курсни тугатар-тугатмас совчилар кела бошлаганида қатъий рад этган эди: мен ҳали ўқишга кираман!
Аммо иккинчи курс энди бошланган пайтлар эди. Коллеждан қайтган Санобарни онаси қарши олди. «Қизим, сени турмушга бердик. Тўй ҳам бир ой ичида бўлар экан. Бувинг шуни илтимос қилди. Коллежингни ҳам Оҳангаронга кўчирамиз...» Ғишт қолипдан кўчган, ҳар қанча қаршиликнинг энди фойдаси йўқ эди...
Тўйдан сўнг Санобар ўша тумандаги коллежда ўқишини давом эттира бошлади. Лекин негадир синфдошлари уни доим «янга» ёки «келин» деб аташарди. Бу масхараомуз гаплар шундоғам янги оила, янги муҳит, бегона одамларга мослашолмай юрган қизга катта руҳий таъсир ўтказди. Янги оиласида, ўқишида, қолаверса, турмуш ўртоғи билан бўлаётган икир-чикир гап-сўзлардан сабр косаси тўлай деб турган қиз учун яқинда ўзининг она бўлиши ҳақидаги гап кўнглига сиғмагани табиий эди...
Ҳа, баъзан ёшлар бирон нохуш ҳолатга йўл қўйишса, буни уларнинг ғўрлигига йўямиз. Аммо оқ-қорани ажрата оладиган, катта ҳаётий тажрибага эга ота-оналар норасида фарзандининг эртанги кунини тўғри режалаштира олмай, аччиқ хатога йўл қўйишини нима билан изоҳлаш мумкин?.. Наҳотки, орзу-ҳавасимизнинг рўёби бир ёки бир нечта инсоннинг юзини ерга қаратиб, умрини зардобга айлантиришгача бориб етса?.. Наҳот, фарзандларимизнинг саломатлиги, тенгдошлари қаторида таълим-тарбия олиши, болалик, ёшлик завқини тотишидан осонгина воз кечиб, умр савдоси оқибатни ўйламасдан, шошма-шошарлик билан ҳал этилса?..
Фарзандларнинг келажаги калта ўйлаб ҳал қилинадиган масала эмас, албатта. Қиз болаларнинг — бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буни тўғри англаб етмаётганлар эса орамизда ҳали-ҳануз учраб турибди.
Мазкур мавзу юзасидан турли соҳа вакилларининг фикри билан қизиқдик.
Пушаймонликдан наф йўқ
Наргиза ТОШБЕКОВА, Булунғур туман халқ таълими бўлими хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси:
— Аёл зиммасида улкан масъулият турганда бугун коллеж ё лицейда таълим олаётган мурғак қизни турмушга бериб, уни таълим-тарбиядан узиб қўйиш аслида болага нисбатан катта адолатсизликдир.
Мана сизга бир мисол. Қўшни маҳалламизда истиқомат қиладиган бир уддабурон, аълочи коллеж ўқувчисини узатишди. Қиз ҳам андиша билан ота-онасининг раъйига қарши бора олмади. Натижада, у уй-рўзғор ишларига ўралашиб, ўқишда бир қанча қийинчиликларга дуч келди. Бу, ўз навбатида, орзулари олам-олам бўлган қизнинг умидларини чил-чил синдирди. Оилада, қуда-андалар ўртасида бўлаётган гап-сўзлардан ота-она ташвишда. Ўйламай қабул қилинган қарордан пушаймонлик энди ҳеч қандай наф бермайди…
Қизларимизни миллий қадриятлар руҳида, бугунги кун нафаси билан уйғунлашган ҳолда тарбияласак, ҳуқуқий ва тиббий саводхонлигини ошира олсак, уларнинг касб-ҳунар эгаллашига шароит яратиб берсакгина оилаларнинг арзимас сабаблар билан бузилиб кетишининг олдини олган бўлармидик.
Ўйламай босилган қадам
Гулчеҳра МИНГБОЕВА, психолог:
— Тажрибамда кўп кузатганман, турмушга чиқиб ўқиётган қизларнинг дарсда иштироки, тайёргарлиги, ўзлаштириши, ҳатто хулқ-атворида ҳам ўзгариш сезилади. Шундай ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда улар кўпинча ҳеч нарсага улгуролмаётгани, тез чарчаб, толиқиб қолаётганидан шикоят қилади. Шунинг оқибатида яна кимдандир дакки ё танбеҳ эшитиш улар руҳиятига қаттиқ таъсир қилади. Энг ачинарлиси, улар «ҳеч ким мени тушунишни истамаяпти», деган хаёлга келиши саломатлиги ва бошқа муносабатларда ҳам тушкунлик, норозилик, ортиқча асабийлашиш каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
Менимча, эрта ёшда турмуш қуришдан олдин ота-она ҳам, турмуш қураётган йигит билан қиз ҳам психолог ёрдамида ана шундай жиддий масалаларни атрофлича ўйлаб кўриши зарур. Акс ҳолда, ўйламай қўйилган биргина қадам бир умрга етадиган нохушликка сабаб бўлиши мумкин.
Буни ўзлари танламайди
Мухтабар СОЛИҲОВА, 2-Республика тиббиёт коллежи директори ўринбосари:
— Олдин коллежимизда ҳар йили 70-80 нафар ўқувчи-келинлар бўларди. Эндиликда ўқувчи-қизларимизнинг таълим олиб, касб-ҳунар ўрганишига алоҳида эътибор қаратилиб, ғамхўрлик кўрсатилаётгани натижасида бу кўрсатгич анча камайди. Масалан, ўтган ўқув йилида бу кўрсаткич деярли икки баравар камайиб, 44 нафарга тушди. Лекин буни ҳали-ҳануз батамом йўқота олганимиз йўқ. Афсуски, турмуш қуриб, ўқишга қатнаётган қизлар коллежимизда ҳозир ҳам бор.
Баъзан ота-оналар кимнингдир шунчаки ҳою ҳавасини баҳона қилиб, тўй бошлаб юборади. Ҳамма нарса тайёр бўлиб, тўй куни белгилангандан кейин эса таклифнома кўтариб келади. Улар на маҳалла билан, на таълим даргоҳи билан бир оғиз маслаҳатлашади. Энди тасаввур қилинг, бундай тўйни тўхтатиб бўлармиди?..
Менимча, ўқувчи-қизларимизнинг ўзига қўйиб берса, улар бир пайтнинг ўзида ҳам эр, ҳам қайнона-қайнота, ҳам ўқишдаги устоз-мураббийлар қовоғига қараб яшашни танлашмаган бўларди. Фақат ўзлари бу муаммони тўғри баҳолай олмаган айрим ота-оналаргина қизларининг ёш умрини хазон қиляпти.
Она ва бола учун жиддий хатар
Дилафрўз УЛУҒХЎЖАЕВА, умумий амалиёт шифокори:
— Ўн етти-ўн саккиз ёшли қизларнинг организми жуда мўрт ва улар оила қуришга, оналикка тайёр бўлмайди. Эрта турмуш оқибатида қизларимизнинг туғруқ жараёнига тайёр бўлмаслиги ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ кўнгилсизликларга олиб келиши тиббиётда ўз исботини топган. Аёл тўла балоғатга етгач, фарзанд кўриш учун етарли меъёрдаги захирани тўплай олиши зарур. Ҳомила она вужудидан озиқланади. Ўзи учун етарли озиқ миқдорини тўплай олмаган организм ҳомиладорлик даврида турли нохуш ҳолатларни бошдан кечиради. Бунинг оқибатида, ҳатто, келажакда она ва болада сурункали касалликлар пайдо бўлиши ҳам мумкин.
Қизларни эрта ёшда узатиш тиббий жиҳатдан она ва бола саломатлигига жиддий хатар туғдиради.
Камайишига эришиляпти, лекин…
Маҳфуза МИРБОБОЕВА, Юнусобод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси:
— Афсуски, баъзи ҳолларда бизнинг ўзбекона тутумимизга кўра, никоҳланиш борасидаги муаммоларни икки ёш эмас, уларнинг ота-оналари келтириб чиқаради. Айрим ота-оналар 17 ёшли қизининг никоҳини қайд қилиш учун бизга мурожаат қилишади. Уларга қонун бўйича шундай қилиш мумкинлигини, лекин қизнинг жисмоний-физиологик ва психологик ҳолатини ҳисобга олиб, бу масалани яхшилаб ўйлаб кўриш ва шошилмасликни маслаҳат берамиз. Бу ишнинг оқибатларини имкон қадар тушунтирамиз. Аммо айрим ота-оналар гапларимизни назар-писанд қилишмайди. Ахир, ўн саккиз ёшга кирмаган қиз ҳуқуқий жиҳатдан ҳам ҳали бола ҳисобланади. Шу ёшдаги қизини турмушга узатиб, кейин афсусланиб, ажраштириш пайига тушган ота-оналар ҳам йўқ эмас.
Маҳфуза Мирбобоеванинг маълумот беришича, 17 ёшда никоҳи қайд этилган қизлар пойтахтимизнинг биргина Юнусобод туманида 2014 йилда 13 нафарни ташкил этган бўлса, 2015 йилга келиб бу кўрсатгич қарийб тўрт баравар камайган. Аммо бу рақамнинг нолга тушмагани калтабин ота-оналар орамизда ҳамон борлигидан дарак беради. Аслида эса, инсон, унинг тақдири, келажаги билан боғлиқ камчиликлар биргина бўлса ҳам кўп. Соғлом она ва бола тамойили, соғлом зурриёд, миллат генофонди масаласи бевосита қизларнинг турмуш қуриш ёши билан узвий боғлиқ эканини инобатга олсак, бола ёшидаги қизларни турмушга узатиш — айрим ота-оналар калта ўйлаганидек, ҳар кимнинг шахсий иши эмас! Аксарият ҳолларда оиладаги маънавий муҳитга дарз кетса, ана шу қўрғоннинг етакчиси эртани кўра олмаса, турли муаммолар пайдо бўлаверади. Уларни ечиш эса бутун жамият зиммасига тушади...
P.S. Ушбу мақолани тайёрлаб уйга қайтаётган куним шифокор қўшнимиз Назира опани учратиб қолдим. Шошиб кетаётган экан, базўр салом-алик қилдик. Айтишича, Санобарни шошилинч реанимация бўлимига олиб келишибди...
Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да...
Шаҳноза РАЖАБОВА,
«Оила даврасида» мухбири
Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари иссиқхоналарни ҳеч қандай ёқилғи ишлатмасдан иситиш имконини берувчи технологияни тақдим этишди.
БатафсилЎзбекистон Экологик партияси томонидан Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида Қарши шаҳрида Ўзбекистон Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан «Соғлом турмуш тарзи ва мусаффо табиат – узоқ умр гарови!» мавзуида аёллар экофоруми ўтказилди.
БатафсилБугунги кунда жаҳон сиёсати янги воқеликлар ва ўзаро тенг манфаатлар майдонига айланмоқда. Геосиёсий жараёнлар тобора мураккаблашиб, минтақавий хавфсизлик, иқтисод ва экология соҳаларида глобал ҳамкорликнинг аҳамияти ортмоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё минтақасининг дунё харитасидаги ўрни ва роли алоҳида аҳамиятга эга.
Батафсил