Узоқ йиллар давомида бутун халқнинг назарида бўлган инсонлар ҳақида шунчаки фикр билдириб бўлмайди. Сабаби, ҳар биримизнинг зиммамизда тарихий ҳақиқатларга содиқлик масъулияти бор. Мен узоқ йиллар давомида бир нечта ташкилотларда ишлаб, Ислом Каримов билан учрашганман, суҳбатлашганман.
Ўтган асрнинг 80-йилларида хизмат сафари юзасидан Қаршига бордим. Ўша пайтлари Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига раҳбар этиб тайинланганига уч-тўрт ой бўлган эди. Янги раҳбарнинг хонасида бўлган қисқа суҳбатда мен Қашқадарёга келишимдан мақсад, вилоят босмахонаси янги биносини жиддий камчиликлар билан топширишгани ва бунинг оқибатида босма машиналарни ишлатишда муаммо пайдо бўлгани ҳақида айтдим. Энг ёмони, бу ишчилар соғлиғи учун хавф туғдириши, аммо на қурилиш ташкилоти раҳбарлари ва на уларнинг фаолиятини назорат қилувчи органлар ходимларини топиш имкони бўлганидан вилоят раҳбари ҳузурига ёрдам сўраб кирганимни билдирдим. Ислом ака мени диққат билан тинглаб, албатта ёрдам беришга ваъда қилди.
— Масалани жойида ўрганишингиз яхши, чунки айрим маҳаллий раҳбарлар камчиликларни хаспўшлашга ҳаракат қилишади. Газеталаримизнинг мазмуни ва босма сифати талабдан узоқ. Шунинг учун сиздан ҳам бизга ёрдам беришни сўрайман, — деди у киши.
Эртаси куни Ислом Каримов билан яна бир марта суҳбатлашдик. Мен Баҳористон ва Муборакдаги маҳаллий матбуот нашрлари таҳририятлари ва босмахоналардаги аҳвол билан танишмоқчилигимни айтдим. Ислом Абдуғаниевич шу куни Шаҳрисабз ва қатор бошқа туманларга бориб, халқ билан учрашишни режалаштиргани ҳақида гапириб туриб, жойларда аҳвол яхши эмаслиги, кўпларнинг эри, фарзанди, қариндошлари «пахта иши» баҳонасида қамалгани, одамларнинг кайфияти бузилганини ташвиш билан тилга олди. «Биз уларнинг дардини тингламасак, муаммоларини ўрганиб, мушкулини енгил қилмасак, қандай раҳбар бўламиз», — деди.
Собиқ Марказ томонидан юборилган «десантчилар» хўжайинлик қилаётган ва гдлянчилар тўдасининг қатағони давом этаётган бир вазиятда бу гаплар очиқ айтилаётганидан, тўғриси, ҳайратда эдим ўшанда.
Ислом Каримов ана шундай ғайриинсоний ҳаракатларга жасорат билан қарши чиқди. Бунинг учун катта юрак керак экани, ноҳақ танқид, тазйиқ ва таъқиблардан қўрқмаслик талаб этилишини ўша даврни бошдан кечирганлар яхши билишади. Ислом Абдуғаниевич халқ манфаатлари йўлида ўзини аямайдиган, сўзи ва иши бир раҳбар бўлгани учун, тўқиб чиқарилган «пахта иши», «ўзбеклар иши» ижрочилари билан очиқ курашни Қашқадарёда раҳбар бўлган пайтидан бошлади. Кўплаб муштипар оналар, ғам-ғуссадан эзилган аёллар ва фарзандларнинг дуосини олишга муяссар бўлди.
Одамлар ҳақида доимо қайғуриш, уларнинг дарди билан яшаш бу инсон учун ҳаётий зарурат эканига бир йиғилишда гувоҳ бўлгандим. Барча вилоятлар раҳбарлари иштирок этган мажлисда бошқарувни ихчамлаштириш баҳонасида Ўзбекистоннинг маъмурий ҳудудларини бирлаштириш тўғрисидаги қарор ижроси муҳокамага қўйилди. Анишчев, Романовский, Огарок, Сатин кабилар раёсатда ўтирган йиғилишда бирон эътироз билдириш у ёқда турсин, чиқиб гапиришнинг ўзи осон эмас эди. Анишчев мазкур қарорнинг нақадар ўринли ва фойдали эканини таъкидлаб, бошқаларнинг фикрини сўраганида кўпчилик орасидан фақат бир киши таклиф этилаётган ўзгаришларга қарши чиқди. Бу Ислом Каримов эди.
— Республика маъмурий ҳудудларини бирлаштириш тўғрисидаги лойиҳа, — деди Ислом ака ўрнидан туриб. — Тошкентдаги ишхоналардан чиқмасдан, жойлардаги реал аҳволни ўрганмасдан, жамоатчилик билан маслаҳатлашмасдан ишлаб чиқилган. Масалан, бизнинг вилоятимиз Сурхондарё билан бирлаштирилса, узоқ қишлоқларда яшаётган кишиларнинг, зарурат туғилганида, вилоят марказига бориб келиши қийинлашади. Йириклашган маъмурий ҳудудларни бошқариш ҳам мураккаблашади. Одамларга ортиқча қийинчиликлар туғилади. Шунинг учун «етти ўлчаб, бир кес», деган халқ мақолига мувофиқ иш қилиш лозим, деб ўйлайман, — деди қатъият билан.
...1991 йил 31 август. Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилди. Аммо давлат мустақиллигини ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий жиҳатдан тўлдириш мураккаб жараён эди. Ислом Каримов халқимизнинг тарихий тажрибаси ва илғор давлатларнинг ижобий амалиётини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда тоталитар-маъмурий тузумдан бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш стратегиясини ишлаб чиқди ва уни амалга оширишни ташкил этди.
Ислом Абдуғаниевич ўтиш даврининг оғирлиги, энг аввало, халққа, оддий кишиларга тушишини теран идрок этар эди. Шу боис ҳам ишчи ва хизматчиларнинг маоши, талабаларнинг стипендияси, пенсия ва нафақаларни инфляция даражасига қараб ошириб бориш, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз кексаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ аҳолисининг яшаши учун қулай шароит яратиш ва шунга ўхшаган кўплаб бошқа масалаларни ҳамиша биринчи ўринга олиб чиқар эди.
Собир ҚУРБОНОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент
Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?
🕔09:12, 23.10.2025
✔11
Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
Батафсил
1 октябрдан нималар ўзгаради?
🕔15:41, 03.10.2025
✔55
Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил
Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда
🕔10:47, 11.09.2025
✔125
Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?
Батафсил