Бу ёшларнинг ташвиши бизга бегона эмас
Фарзандини олис сафарга кузатган она хавотирини тасвирлаш жуда мушкул. Онаизорга дилбанди, жигарбандининг соғлиғи, нима еб-ичаётгани ҳақидаги ўй-хаёллар сира тинчлик бермаслиги аниқ. Ҳолидан доим бохабар бўлиб тургиси келади. Ҳеч нима она меҳр-муруввати ва ғамхўрлиги ўрнини боса олмаслиги эса, бор гап.
Волидасини минг хавотиру ҳадикларга солиб, олис юртларда пул топиш илинжида юрган ёшлар кам дейсизми?! Майли, ишлаган, меҳнат қилган яхши. Аммо буни кўнгил хотиржамлиги, яқинлар меҳридан мосуво яшашга алмаштириш шартмикан? Ишдан қайтиб, оила даврасида, бир пиёла чой устида қурилган ширин суҳбатдан чарчоқлар буткул унут бўлади. Аслида бундай бахтдан бебаҳра яшаётган ёшлар ҳам шу Ватан фарзандлари, юрт келажаги ва миллат давомчиларидир.
Бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар фақат бағримизда ўсиб-унаётган фарзандларимизни эмас, балки мусофирликда ўқиб-ишлаб юрган йигит-қизларимизни ҳам қамраб олишни назарда тутади. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, бир қатор вазирлик ва идоралар, Дин ишлари бўйича қўмитасининг масъул ходимлари, санъаткорлардан иборат делегация тузилди. Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуронбоев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида расмий ва норасмий меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган Ўзбекистон ёшлари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашди.
Ўн кун давом этган учрашувлар чоғида делегация аъзолари Новосибирск, Москва, Астрахань, Санкт-Петербург каби шаҳарларда бўлиб, ҳамюртларимиз билан суҳбатлашди. Ўзбекистонлик ёшларнинг бу ташрифни узоқ кутгани улар кўзларидаги ҳаяжон ва қувончдан шундоқ сезилиб турарди.
— Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, у ердаги ёшларимизнинг шароитини ўрганиш ва уларни қийнаётган муаммоларига ечим топишга кўмаклашиш эди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши халқаро бўлим мудири Миродилла АЛИМБАЕВ. — Учрашув уларнинг кўнглини тоғдай кўтарди. Ўзбек ёшлари бизни худди ўз яқинидек кўриб, самимий суҳбатлашишди. 10 нафар ёшларимиз йил охирига қадар юртга қайтиш ниятида экан.
Бизни ўйлантирган масала эса, айрим ёшларнинг ўз тақдирига бепарво бўлиб, хорижга кимгадир эргашиб боргани бўлди. Тил билмаслиги, ҳатто уйга қайтиш учун ҳужжатлари йўқлигидан қийналиб юрганларни ҳам учратдик. Мутасадди ходимлар ёшларимизнинг шу каби муаммоларига ечим топишда кўмаклашишди.
Келгусида Жанубий Корея ва Қозоғистон Республикасига ҳам сафар уюштириб, у ердаги ўзбекистонлик ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиш режалаштирилган.
Ҳар бир хайрли иш, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Делегациянинг ташрифи ҳам кўпгина ёшларимиз қалбида янги истак ва ғояларни пайдо қилди. Шундайлардан бири Неъматулло Истамовдир.
— Ўзим деновликман, — дейди Неъматулло ИСТАМОВ. — Ёшим йигирма бешда. Шу кунга қадар Санкт-Петербург шаҳрида ишлардим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида ўзимнинг бизнес-лойиҳам ҳақида гапириб бердим. Анчадан буён юртимизда қурилаётган намунали уй-жойлар учун бетон маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйиш ниятида эдим. Делегация аъзолари ҳозирда юртимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида гапириб, ундан мен ҳам фойдаланишим мумкинлигини айтишди. Бу қалбимда катта умид ва ишонч уйғотди. Шу сабаб 10 ноябрь куни хориждан қайтиб келдим. Биринчи қўйган қадамим — Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо бўлдим. Ҳозир бизнес-лойиҳам устида ишлаяпман. Келажакда ўз тадбиркорлик фаолиятим билан юртимиз равнақига ҳисса қўшишни қатъий мақсад қилдим.
Анчадан буён йўлига кўз тикилган фарзанд ниҳоят уйига қайтди...
Бундай вақтда онанинг қувончини сира тасвирлаб бўлмайди. Она еттинчи осмонда парвоз қилади... Аслида бизни авайлаб-ардоқлаб вояга етказган ота-онамизга кўнгли хотиржам, меҳримизга қониб яшаш бахтини бериш инсоний бурчимиз эканини унутмайлик. Қолаверса, бир оиланинг бағри бутунлиги неча-неча кўнгилларни хушнуд этади. Сирасини айтганда, кўнгил тўқлигида ва хотиржамликда гап кўп. Бу эса, ўз навбатида, жамият ҳаётида ижобий натижаларни кўрсатаверади.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил