Фарзанд дунёга келди. Унинг туғилиши қалбларда янги орзу, умид ва келажакка ишонч уйғотди. Барча эзгу ниятларнинг амалга ошиши, оиланинг шаъни энди шу фарзанднинг маънавий камолоти билан узвий боғлиқ. Бу масъулиятли вазифа эса ўз-ўзидан ота зиммасига анчагина вазифаларни юклайди. Уларни адо этиш учун баъзан инсон умри қисқалик қилиши мумкин.
Отанинг бир фарзандни вояга етказиши шунча машаққат талаб қилганда, бутун юртга, халққа бошчилик қилишнинг юкини тасаввур этиш қийин эмас, албатта. Эндигина барпо бўлган мустақил юрт кишиларининг ўзлигини англатиш, ҳаётда, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топиши жуда оғир ва машаққатли йўл. Ўзбек халқининг бундай оғир дамларида том маънода етакчи керак эди. Инсонларнинг қаддини кўтариш, қадрини тиклаш, ўз ортидан етаклаб, унутилаёзган қадриятларига юз тутиш, кўп асрлик тарихга эга элни узоқ ва оғир уйқудан уйғотиш Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг чекига тушди.
Мустабид ҳаёт кечираётган, мустабид тузумнинг аччиқ азобидан азият чекаётган халқ, ҳатто ўзи етиштирган нонини ҳам ўзганинг қош-қовоғига қараб, сўраб еяётган бир вақтда Ислом Каримовнинг юртга раҳбар бўлиб келиши ўзбек халқи ҳаётида кутилмаган бурилиш ясади. Юрт, мамлакат, ҳар бир фуқаронинг тақдири бутунлай ўзгариб кетди. Инсонларнинг эрки ўзига қайтди. Бу қадам ҳақиқатан халқимиз учун хосиятли қадам бўлди, дейиш мумкин.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганининг эртасигаёқ, яъни 1989 йилнинг 24 июнида ҳукумат мажлисида «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди», деб ўз фикрини дадил баён этди. Мамлакатни ривожлантириш бўйича кўп йиллик билим ва тажрибасини ишга солишга киришди.
Ислом Каримовнинг ўша мураккаб даврдаги таржимаи ҳолига атоқли адиб Чингиз Айтматов сиёсий ва психологик нуқтаи назардан жуда тўғри баҳо берган эди: «Қайта қуришдан кейинги ушбу беқарор ва нотинч даврда у Ўзбекистон жамиятида барқарорлик ва ишончни қарор топтирди, халқ олдига миллатни ўз кўз ўнгида улуғлайдиган катта мақсад ва вазифаларни қўя олди».
Маънавий бўшлиқни миллий қадриятлар тўлдирсин
Мустақиллигини эндигина қўлга киритган мамлакат ҳаётида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар кўлами жуда катта эди. Ислом Каримов халқнинг ижтимоий аҳволи, мамлакат иқтисоди, шу билан бирга, маънавият ва ўзликни англаш масалаларига алоҳида эътибор берди. У ўзининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида бу ҳақда шундай дейди: «Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади...» Ҳа, халқнинг маънавиятини юксалтириш билан унинг турли ёт ғояларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашни бу инсон ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Зеро, жамиятни инқирозга олиб келадиган асосий сабаблардан бири ҳам маънавий бўшлиқ эканини чуқур англаб етиб, буни бартараф этишга киришди.
Ҳалол ризқнинг баракаси бўлак
Давлат раҳбари сифатида ҳар бир фуқарони ҳалол меҳнат билан яшаш, мардлик, саховат ва камтарликка чақирди. Инсонларнинг ҳалол турмуш кечириши уларнинг оиласида, рўзғорида қут-баракани кўпайтириши, саховат эса халқнинг ўзаро аҳил ва тинч-тотув ҳаёт кечириши, табиийки, жамиятда соғлом маънавий муҳитнинг шаклланишига хизмат қилишини тушунтириб берди. Ҳалоллик — инсон ҳаётидан рози яшаши, қалби ва юраги осойишта бўлиши, виждони пок ва руҳий барқарорликка эришишини чуқур таҳлиллар орқали изоҳлади. Шунингдек, шахс маънавиятининг ажралмас қисми саналган диний эътиқод масаласини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Инсоф, адолат, бағрикенглик каби тушунчаларни ўзида жам қилган муқаддас динимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашдаги аҳамиятига алоҳида урғу берди.
Халқни маънавий комилликка чорлаш, унинг турли қирраларини тўлиқ тавсифлаб бериш учун, аввало, инсоннинг ўзи маънавий баркамол ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлиши керак. Унинг ҳар бир асари, маъруза ва нутқидаги таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, мураккаб тушунчаларни ҳам оддий одамлар тушунадиган, содда тарзда асл моҳиятини очиб бериши фикрларининг қийматини янада оширади.
Ўзликка қайтиб яшаш бахти
Зиммасига катта сиёсий масалаларни адо этиш вазифасини олган давлат раҳбарининг халқ оғзаки ижоди намуналарининг аҳамиятини очиб беришга эътибор қаратиши замирида қандай мақсад бор? Бу саволни бежиз ўртага ташламадик. Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида тилга олинган «Алпомиш» достони ватанпарвар, ҳақгўй бўлишга, юртимиз ва оиламизни қўриқлашга, дўсту ёримизни, ор-номусимизни турли тажовузлардан ҳимоя қилишга ўргатиши ҳақида сўз боради. Муаллиф аслида, ўтган асрнинг 50-йилларида миллатчилик руҳидаги асар сифатида қатағонга учраган бу достон илгари сурган ғоялар бугунги таҳликали ва бутун дунёда маънавий кураш авж олиб бораётган бир даврда халқнинг ўзлигини англаш, маънавий иммунитетини мустаҳкамлашдаги муҳим қўлланма эканини тушунтириб берган. Кўриниб турибдики, бир жойимизни оғриқ безовта қилса, давони кўчадан эмас, аввало, ўзимиздан қидиришимиз керак. Ҳар қандай маънавий жароҳатга шифо бера оладиган меросимиз борлигини доимо ёдда сақлаш эртанги кунимизни янада нурафшон этади. Биз буни Биринчи Президентимиз Ислом Каримовдан ўргандик, десак, хато бўлмайди.
Соғлом оила — мамлакат барқарорлиги демак
Оила тутуми, фарзанд тарбияси масаласи ҳаммани ҳам бирдай қийнайди. Тажрибали, ёши катта инсонларнинг ўгитига муҳтожлигимизни кўп марта тушуниб етганмиз. Шундай вақтда ота-онамиз ёки бобо-бувимизнинг маслаҳатлари кор келади. Бу борада Ислом Каримов давлат раҳбари, юртнинг улуғи бўлиб ўз фарзандларига гўдакни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оиланинг мустаҳкамлигини таъминлашини кўп гапиргани бежиз эмас. «Оила соғлом экан, жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарордир», деган фикрлари билан бу масалага ҳар бир фуқаро жиддий эътибор қаратиши, юрт равнақига шу орқали муносиб ҳисса қўшишига урғу берган.
Халқимизнинг бир болага етти маҳалла ота-она, деган ҳикмати бор. Бу шарқона қараш замирида инсонларнинг ўзаро аҳиллиги, тотувлиги ўз ифодасини топган. Мустақиллик йилларида Ислом Каримов чинакам қадриятлар маскани бўлган маҳалла ҳаёти билан боғлиқ удум ва анъаналарни қайта тиклаш, уларнинг замонавий шарт-шароитларда фаолият олиб боришига бежиз эътибор қаратмади. Ахир айтишади-ку, Ватан — остонадан бошланади, деб. Оила, маҳалла фаровон турмуш кечирса, жамият ҳам барқарор бўлади. Мана шу ҳақиқатларни юзага чиқарган Биринчи Президентимиз танлаган йўл нақадар тўғри эканини бугун ҳаётимизда кўриб, гувоҳи бўляпмиз.
Навқирон авлод
Ота-она фарзандига ҳатто тикон зиён-заҳмат етказишини истамайди. Келаётган хавф-хатарни олдиндан ҳис қилиб, имкон қадар уни ҳимоялашга интилади. Бола ортида ана шундай ота-она борлигини ҳис қила олсагина кўнгли тўқ бўлиб улғаяди, ҳаёти тўкис бўлади.
Оғир ўтиш даврида халқимиз Ислом Каримовга ўз отасидек суяниб, унинг меҳридан куч олиб яшади. Ҳам раҳбар, ҳам юртнинг отасидек ўз фуқароларига ғамхўрлик кўрсатган Биринчи Президентимиз ўшанда устимизга қуюндек ёпирилиб келаётган глобаллашув ва маънавий таҳдидлар хатарини энг биринчилардан бўлиб илғади: «Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади».
Халқи, юртининг равнақи учун шунчалар жонкуярлик кўрсатган бу инсон ҳақиқий маънода ўзбекнинг меҳрини қозона олди.
...Сўзимиз аввалида тилга олганимиз — дунёга келган гўдак, мана, йигирма олти ёшли билаги кучга тўлган навқирон йигит бўлди. Бугун унинг ўз олдига қўйган аниқ мақсадлари бор. Бугун уни бутун дунё танийди. Ташлаётган шахдам қадамлари ёрқин келажак сари бошлаётгани рост. Ўша порлоқ келажак эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бир умр орзу қилиб, шу йўлда тиним билмай меҳнат қилган, умрининг энг сўнгги дақиқасигача бағишлаган манзил-маёқдир.
Халқимизни бошида кўтарган бу зотни халқимиз ҳам мудом эъзозлайди. У инсоннинг хотираси қалбларда мангу барҳаёт.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири