ёхуд тушкунлик, умид ва ҳаракат
Коллежни тамомлабоқ, турмушга чиққан бир дугонам билан тез-тез хабарлашиб турамиз. Фарзандлари анча катта бўлиб қолган. Уларни ўқишга, турмуш ўртоғини ишга кузатиб, кун бўйи уйда ёлғиз зерикиб ўтиради. Унинг руҳиятидаги тушкунлик, ўзини кераксиздек ҳис қилиш кайфиятини кўриб, инсон нима биландир банд бўлиши керак экан, дея ўйлайман доим. Яқинда унга тикувчилик, гилам тўқиш каби юмушларни касаначилик йўли билан уйда бажариш мумкинлигини тушунтирганимда, қувониб кетди.
Орадан кўп вақт ўтмай, дугонам якка тартибдаги тадбиркор сифатида тикувчилик қилишни бошлади. Шу соҳада ўқиб, малакасини ҳам оширди. Ёнига икки нафар ишчи олиб, бир-биридан чиройли либослар тикмоқда...
Ҳа, инсон борки, вақтини мазмунли ўтказиш, атрофдагилар ва жамият учун фойда келтиришни истайди. Айниқса, аёллар нисбатан ҳаракатчан ва тиришқоқ бўлади. Янги ғоялар устида ишлаш, ижодкорлик борасида ҳам улардан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп.
Юртимизда аҳолининг қарийб 51 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳозирда иқтисодиётнинг турли тармоқларида, бошқарув ва ишлаб чиқариш соҳасида 62 фоиздан ортиқ аёллар ишламоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, шу орқали ишсизлик муаммосини ҳал қилиш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар билан таъминлашга кўмаклашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузасида кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа улушини янада ошириш кераклигини таъкидлаб келмоқда.
Марказий банк маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 апрелига қадар тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,5 фоиз кўп, қарийб 680 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиздаги минглаб аёлларнинг ўз мустақил бизнеси, даромад манбаига эга бўлиши ва турмуши фаровонлашишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бошдан ўтказган табиб
Тадбиркорлик — осон иш эмас, албатта. Уни йўлга қўйиш, яхши натижаларга эришиш учун катта билим керак. Ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган киши бу борада муваффақиятга эришиши қийин. Айниқса, аёллар тадбиркорлиги юртимизда энди ривожланиш босқичида эканини инобатга олсак, уларга йўл-йўриқ кўрсатадиган, тўғри маслаҳат берадиган кўмакчи зарур.
— Қўлимда икки-учта ҳунарим бор, — дейди Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Зулфия НИШОНОВА. — Тикиш-бичиш, сартарошлик ва пазандаликка бошқача меҳр қўйганман. Агар имкони бўлса, шу соҳаларни қишлоғимиз ёшларига ўргатиш учун кичик ўқув курси ташкил этардим. Аммо бу борада йўл кўрсатадиган, қонун-қоидани ўргатадиган маслаҳатчи тополмаганим учун бироз иккиланиб турибман. Ҳужжат ишларини юритиш, банкдан кредит олиш, ишни самарали йўлга қўйиш бўйича илк тушунчаларни олиш учун махсус курслар ташкил этилса яхши бўларди. Ўйлайманки, юртимизда мен каби ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги аёллар кўплаб топилади.
Ҳақиқатан ҳам бугун кенг тарғиб этилаётган тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур билим ва кўникма талаб этилади. Бу борада тажрибали инсонлар ва мутасадди ташкилотлар кўмагидан фойдаланиш яхши самара беради.
— Маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ишлари жуда суст, — дейди ЎзЛиДеП Ижроия қўмита аъзоси, «Капитал транс» компанияси бошқарувчи раиси Мухлиса АКРОМОВА. — Чекка ҳудудларимизда яшайдиган ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги аёлларга ёрдам беришимиз зарур. Бунинг учун аввало, тадбиркорлар ўз ортидан интилиши ва қизиқиши бор аёлларни эргаштириши керак. Янгилик яратишга ҳаракат қилаётганларни ёнига олиб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашса, нур устига нур бўларди. Қолаверса, маҳалла мутасаддилари бу масалага катта эътибор қаратиши лозим. Шунда кўплаб ижтимоий муаммолар, жумладан, ажримлар ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олди олинган бўларди.
Халқимизда бошдан ўтказган табиб, деган гап бор. Хўш, бу масалада тадбиркорнинг фикри қандай? Унинг муваффақиятга эришишида қандай жиҳатлар муҳим аҳамият касб этади?
Юқори Чирчиқ тумани Тадбиркор аёллар уюшмаси раиси Гулруҳ Эргашева 2014 йилда коллежни тамомлаб, яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида банкдан кредит олади. Ташландиқ бинони таъмирлаб, маиший хизмат турларини ташкил этади. Бугун унинг корхонаси аҳолига сартарошхона, овқатланиш шохобчаси, келинлар либосларини ижарага бериш, тикув цехи каби маиший хизматларни кўрсатиб келмоқда. Унинг ўн беш нафар кишини иш билан таъминлаб, коллеж битирувчилари учун амалиёт ўташга ҳам шароит яратиб бераётгани юртимиз равнақига қўшаётган муносиб улушидир. Гулруҳнинг келажакдаги режалари жуда улкан. Тез орада абитуриентларни кириш имтиҳонларига тайёрлов курсларини йўлга қўймоқчи.
— Тадбиркорликни ташкил этиш бўйича ёшларимиз ўрганиши керак бўлган жиҳатлар жуда кўп, — дейди Гулруҳ Эргашева. — Айримлар ишни бошлаб олишади-да, биринчи тўсиққа дуч келиши билан тўхтатиб қўйишади. Фақат ҳаракат қилиб, астойдил меҳнат қилган инсонгина бизнесини давом эттира олади. Бунинг учун сабр ва матонат керак.
Муаммоларга ечим излаб
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор вазифалари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг IV йўналишидаги ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида илк бора «Жамиятнинг ривожланишида хотин-қизлар тадбиркорлигининг ўрни» шиори остидаги I Республика тадбиркор аёллар форуми бўлиб ўтди. Унда аёлларнинг тадбиркорлик соҳасида дуч келаётган муаммолари ва таклиф-истаклари ўрганилиб, бу борада мутасадди ташкилотларга керакли таклифлар киритилди. Қолаверса, тадбиркор аёллар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликда фаолият олиб боришда бир-бирига кўмаклашиш учун шарт-шароитлар яратиб берилди.
Форумга Самарқанд вилояти Нарпай туманидан ташриф буюрган Ҳамида Юсупова ўз тажрибаси ва кўникмаларини иштирокчилар билан ўртоқлашди. 2002 йилда 12 гектар ерда фермерлик фаолиятини бошлаган Ҳамида опа бугунги кунда 64 гектар майдондан баракали ҳосил олаётгани шу соҳа бўйича эндигина иш бошлаган аёлларнинг умид ва ишончини янада мустаҳкамлади. Дастлаб, иш бошлашдаги қийинчиликлар, техника етишмовчилиги, ҳатто, ходимларга маош тўлашнинг кечикиб кетган ҳолатлари ҳам тадбиркорнинг ҳаракатларини сусайтиргани йўқ. Оила аъзолари, фарзандлари билан бирга барча муаммоларга ечим топди. Ер майдони кенгайгани сари экин турини ҳам кўпайтириб борди. Секин-аста кредит асосида зарурий техникаларни харид қилди. Бугунги кунда 40 нафар ходимни иш билан таъминлаб, халқ учун керакли маҳсулотлар етказиб бераётган бу фермер хўжалигида пахта, ғалла, пилла ва бир неча полиз экинлари етиштирилмоқда. Ҳатто, иссиқхона шароитида лимон кўчатлари ўстирилмоқда. Қишин-ёзин даладан бери келмайдиган бу тадбиркор энди ўзи етиштирган маҳсулотларни экспорт қилиш ниятида.
Халқ бой бўлса, юрт фаровон бўлади. Инсонлар ўтаётган умридан рози яшайди. Бунинг учун юртимизда яратиб берилаётган шароитлар кўлами эса жуда кенг. Биздан талаб этиладигани фақат бундан унумли фойдаланиш, ўз имкониятларимизни яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларига йўналтириш, холос.
Ёрқиной ЭРНАЗАРОВА,
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси,
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири