Буни ким нимага сарфламоқда?
«Бугун шифокор қон босимим жойига тушгани ва энди бемалол газета ўқишим мумкинлигини айтди».
Бир вақтлар ён дафтаримга қайд этиб қўйганим бу аломат гапни АҚШнинг собиқ президентларидан бири Роналд Рейган айтган. Илгари шу иқтибосга ҳар кўзим тушганда шундай ўйлардим: етти ёшдан етмиш ёшгача кишилар тонгни газета ўқиб қарши олса, қандай яхши! Хаста одам соғайса, соғ одам фикрласа, тафаккур қилса, уйғоқ қалб билан ўз меҳнати ва ғоялари орқали жамиятнинг тараққиёт тегирмонини юргизишга ҳисса қўшса. Кейин фикрим ўзгарди: э, тўхта, дедим, балки бу иқтибосда тамомила бошқача гап айтилгандир? Эҳтимол, унда Ғарб журналистикасига хос манзара — газеталарнинг ўткир тиғи, ўқиган одамнинг қон босимини ошириб юборадиган даражадаги тилли-жағли хусусияти ҳақида гап бораётгандир? Назаримда, мана шу фикр мантиқлироқдай туюлади.
Гапни бежиз узоқдан бошламадик. Ғарб журналистикаси деганда оғзидан бол томиб гапирадиганлар бугун ўзбек матбуоти ҳақида ҳам ижобий гаплар айтмоқда. Сабаби, кейинги пайтда мудраётгани сезилаётган матбуотимиз, ҳайбаракаллачиликка ўрганган телевидение анча жонланиб қолди. Таҳлилий, танқидий, жонли материаллар кўпайди. Тезкорлик ошди. Айниқса, хабар ва янгиликлар беришга ёндашув ўзгараётгани сезиляпти.
Хўш, бу шароит тақозоси туфайлими ёки... Бугун мамлакатимизда жуда катта шаҳд, жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президент илгари сураётган ташаббуслар, соҳалар ва раҳбарлар олдига қўяётган аниқ талаблар туфайли ҳаёт меъёримиз ҳам ошяпти, соҳаларда ҳар куни қандайдир йирик ўзгариш бўляпти. Матбуотимизнинг ғилдираги ана шу жараён туфайли ҳам тезроқ айланмоқда, гўё.
Бу борада ҳамкасб, устоз журналистлар қандай фикрда?
Дақиқада ўқиладиган нашрлар
— Деярли ҳар куни кундалик ва ҳафталик нашрларни бир қур кўздан кечираман, — дейди таниқли журналист, «XXI аср» газетаси Бош муҳаррири Норқобил ЖАЛИЛ. — Улар орасида... «бир дақиқада ўқиладиган» (машҳур шоирларимиздан бирининг изоҳи) ва бир соат ўқиса (улар, афсуски, кам) арзирли газеталар ҳам бор. Қувончли жиҳати, кейинги беш-олти ой ичида газеталарда баҳоли қудрат «янги давр руҳи» сезиляпти. Лекин бугунги давр одами кутаётган, талаб қилаётган даражада фаолият кўрсата олмаётганимиз, ўзгариш, янгиликлардан ортда қолаётганимиз ҳақиқат.
Кўп кузатяпман: кейинги пайтда, айниқса, зиёлилар орасида ким қандай китоб ўқияпти, деган савол-жавоблар атрофида баҳс-мунозаралар бўляпти. Менимча, китобхонлик даражаси, мутолаа маданиятини кимнинг қанча китоб ўқигани билан эмас, аксинча, қандай китоб ўқигани билан белгилаш керак. Демак, яхши китобни танлаб ўқийдиган одам ўқишли, маърифий нашрларга ҳам ана шундай мезон билан ёндашади. Ва топган пулини охири-адоғи йўқ ёлғон-яшиқ сериаллар ва ўқувчиларимиз дидини чархлаш ўрнига уни ўтмаслаштиришга «хизмат» қилаётган, энг ёмони, эр хотинидан, ота боласидан, қайнона келинидан яширибгина варақлаётган ҳар хил мавзудаги семиз-ориқ газеталарга сарфламайди. Улар жиддий, танқидий-таҳлилий материаллар чоп этадиган, фикрлашга чорлайдиган нашрларни танлайди.
Ҳар нашрнинг ўқувчиси бор
— Ҳар гулнинг ифори бошқа, деганларидек, газета ўқиш борасида ҳар кимнинг ўзига яраша қизиқиши, диди бор, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети кафедра мудири, журналист Назира ТОШПЎЛАТОВА. — Ахир, ҳозир мамлакатимизда кам эмас — кўп эмас салкам 700 дан зиёд нашр чоп этилади. Демак, ўқувчиси борки, шунча газета-журнал чиқяпти. Бу нашрлар ҳукуматники бўладими, ихтисослашган ёки хусусий бўладими, бундан қатъи назар, ўз ўқувчисига эга. Энди нашрларнинг орасида қайси бири кўп ўқилади ёки кам деган масала хусусида гап кетганда, матбуотни кузатиб борувчи бир журналист сифатида ҳозирги пайтда «Жамият», «Ҳуррият», «Правда Востока», «Китоб дунёси», «Оила даврасида», «Оила ва жамият», хусусий нашрлардан «Доктор-пресс», «Даракчи», «Сўғдиёна» газеталари кўпрок ўқиляпти, деб айта оламан.
Муассис муаммосини ҳал қилиш шарт
Бугунги матбуотимиз, унда кузатилаётган тенденциялар, мавжуд муаммолар ҳақида гап кетганда нималар дея оламиз?
— Жамиятдаги сиёсий бошқарув тизими шакллангач, яъни қонун чиқарувчи, суд ва ижро ҳокимияти анъанага киргач, ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан сўнг оммавий ахборот воситалари «тўртинчи ҳокимият» сифатида эътироф этила бошланди, — дейди «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон ТОШЕВ. — Фақат глобаллашув жараёнидагина бу ҳокимиятнинг салоҳияти бутун борлиғи билан майдонга чиқди. Ҳамкасбларимиз ОАВни «Жамиятнинг санитари», «Давлат билан халқ ўртасидаги кўприк», «Жамият кўзгуси» деганда унинг айрим вазифаларини тилга олишган, холос. 1913 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий «Газета миллат тилининг софлиги учун курашмоғи лозим», деган эди. Таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов эса «Газета — ақл қайроғи, дил қийноғи, сўз қаймоғи», деб таърифлаган.
Бу ифодаларни битта «маърифат» сўзи билан изоҳлаш мумкин. Чунки ҳар бир ахборот ҳам аслида маърифат. У шууримизни маълумот билан бойитиш баробарида унга муносабат уйғотади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, «тўртинчи ҳокимият»нинг асосий вазифаси ахборот тарқатиш ва фикрлашга, мулоҳаза билдиришга ўргатишдир.
ОАВнинг эркинлигига ҳам мантиқан ёндашмоқ зарур. Негаки, ҳар қандай сиёсий куч ҳам кимгадир, нимагадир хизмат қилади. ОАВнинг эркинлиги, аввало, унинг кимга, қайси ташкилотга қарашида эмас, балки газета нашри муассис ёки таъсисчи фаолиятини ёритиш баробарида ўша муассис ишига халақит қилаётган иллатларни ёзиши унинг муассис сиёсатига қарши эканини билдирмайди.
Аксинча, муассис газетада кўрсатилган камчиликларни тузатиш орқали ўз обрўсини оширади. Минг афсуски, айрим раҳбарлар масаланинг ана шу нозик томонини тушунишни исташмаяпти.
Ахборот олиш манбалари кундан кунга кўпаймоқда. Соҳада суяги қотган журналист сифатида фаолиятимизни янада жонлантириш учун бугун бир қатор вазифаларни ҳал қилиш зарур деб ҳисоблайман. Хусусан, ҳар бир идора, ташкилот ва йирик корхонада жамоатчилик билан ишлаш (ахборот) хизмати ташкил этилиши лозим. Гарчи «Давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда бу талаб қўйилган бўлса-да, молиявий манба йўқлигидан улар номигагина ташкил этилган ёки ўша идоранинг нўноқ ходимига юклатилган.
Фармон Тошевнинг айтишича, муассис билан ижодий жамоа ўртасидаги шартномани тубдан янгилаш лозим. У нашр мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Умуман, журналистикада ғарбона бошқарув тизимига ёпишиб олмасдан, ўзимизга хос анъаналарни жорий этиш зарур. Журналистика — ҳудудсиз давра. Унда иккита фикр бир-бирига тўғри келмайди. «Ҳар кўнгил розини айтур, неки бор имконида». Ҳа, маҳоратни баҳолашда ҳам ҳар кимнинг ўз мезони бор. Демак, ана шу мезон тарозисининг бир палласида милллийлик, эл-юрт манфаати тош босиб туриши керак.
Муваффақияти — 20 соат ишлашида
— «Тўртинчи ҳокимият» мақомини кўтариб юриш, бу рутбани оқлаш осон эмас, — дейди Kun.uz сайти ходими, журналист Отабек МАТНАЗАРОВ. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилганидан ҳамда давлат амалдорларидан халққа янада яқинроқ бўлишни талаб этганидан сўнг, ОАВда кўтарилаётган ҳар бир муаммоли ҳолат эътиборсиз қолаётгани йўқ. Буни Кун.uz мисолида ҳам кўриш мумкин. Назаримда, ОАВ ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда ҳам ўз вазифасини бажара оляпти. Буни сўнгги вақтларда қатор вазирлар, юқори лавозимли мулозимларнинг журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказаётганидан ҳам англаш мумкин. Аммо соҳада ўзига хос камчиликлар ҳали ҳам бор. Хусусан, давлат ташкилотлари матбуот хизматларидан маълумот олишда баъзида мураккабликлар юзага келади. Умид қиламизки, бу ҳолатлар ҳам тез фурсатда ўз ечимини топади.
Бугунги ахборот тарқатиш эстафетасида қандай қилиб етакчиликни қўлга киритиш мумкин? Албатта, бунда тезкорлик биринчи ўринда туради. Сиз маълумотни энг биринчи бўлиб берсангиз ва ўша хабар аниқ далиллар асосида ёзилса, бу ўқувчиларни ўзига жалб этишда энг асосий ўринни эгаллайди. Кун.uz сайти, таъбир жоиз бўлса, кунига 20 соат ишлайди. Яъни, журналистларимиз тинмай меҳнат қилишади. Сайтимиз Ўзбекистон ва жаҳон ҳаётига оид энг сўнгги хабарларни доимий равишда биринчилардан бўлиб бериб боришида айнан шу омил ҳал қилувчи ўринга эга.
Ҳа, соҳамизнинг ички муаммо ва камчиликлари бугун бўлмаса, эртага албатта ечилади. Бироқ бир жиҳат борки, у ҳеч қачон ОАВнинг эътиборидан четда қолмаслиги керак: давр шиддати, дунёда юз бераётган талотўплар, глобал ахборот маконидаги курашлар, мафкуравий урушлар... Барчаси кўз ўнгимизда, ёнгинамизда бўляпти. Матбуот ана шундай мураккаб шароитда холис, тезкор, миллий манфаатларга мос фаолият юритсагина ўз мавқеини, ўқувчининг олтинга тенг ишончини сақлаб қола олади.
Жасур КЕНГБОЕВ