Аёлдаги бу кайфият жамият равнақига хизмат қилади
«Келин бўлиб тушганимдан буён қиладиган ишим фақат кир ювиш, овқат қилиш, болаларга қараш... Кун бўйи тиним билмаганингга яраша оила аъзоларингдан раҳмат эшитсанг ҳам алам қилмайди. Турмуш ўртоғимнинг «нима ҳам қилардинг, супур-сидирдан бўлак юмушинг бўлмаса», деган гапи юрагимга наштардек ботади. Баъзида менинг ҳам бошқалар каби бирор жойда ишлагим, жамиятда ўз ўрнимни эгаллагим келади. Балки шунда қилаётган меҳнатимнинг қадрига етишармиди?..»
Психологларнинг фикрича, уйда ўтирган аёлда жамиятнинг ва ижтимоий муносабатларнинг фаол иштирокчисига айланиш хоҳиши кучли бўлади. Уларнинг кўпчилигидаги руҳий тушкунлик, ўзини ҳеч кимга керак эмасдек ҳис қилиш туйғуси оила ва жамият учун ҳам катта фожиа. Бундай пайтда аёлнинг оила аъзолари унинг дардини ҳис қилиши жуда муҳим. Улар аёлнинг зиммасидаги оила ва жамият учун энг фойдали вазифа — фарзанд тарбиялаш эканини қилаётган муносабати орқали тушунтира олиши керак.
— Бу муаммонинг юзага келиш ўчоғи оила, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви бош мутахассиси Омина АРИПОВА. — Маҳалла маслаҳатчилари имкон қадар яқинларининг эътиборига муҳтож, ўзига ишончи пасайиб кетган аёллар билан ишлашга ҳаракат қилади. Аммо бундай жиддий масалаларда мутахассис йўл-йўриғига муҳтожмиз. Шундай вақтларда Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларида ташкил этилган Аёллар маслаҳат марказига мурожаат қиламиз. У ердаги малакали психологлар тушкунликка тушиб қолган аёл ва унинг оила аъзолари билан ойлаб иш олиб боришади. Уларнинг кўпчилигида оилавий муҳитни ўзгартиришга эришдик.
Аёл киши ўзини қийнаётган муаммоларини бошқаларга айтиб анча енгил тортади. Агар бу муаммога ечим топишнинг имкони бўлса, нур устига нур. Шу мақсадда 2014 йилдан буён мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Аёллар маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Марказнинг асосий фаолияти хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тиббий ва ҳуқуқий соҳадаги саволларига жавоб топиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, оилавий муносабатлар барқарорлигини сақлашга қаратилган. 2015-2016 йилларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Олмазор ва Учтепа туманларидаги марказларга 15 минг 724 нафар хотин-қиз мурожаат қилиб, уларнинг 6 минг 356 нафари турли муаммоли масала бўйича ёрдам сўраган. 5 минг 693 нафар шахсга услубий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, 2 минг 368 нафар фуқаронинг муаммоси ижобий ҳал этилди.
— Мурожаатлар турлича, қизиқарли, кутилмаган ва ҳатто ташвишли, — дейди Шайхонтоҳур тумани Аёллар маслаҳат маркази психологи Муаззам РАҲМАТУЛЛАЕВА. — Кўпинча оғир хасталикка чалинган ёки аста-секин тузала бошлаган аёллар саломатлигини психологик жиҳатдан тиклашга умид қилиб келишади. Йигирмадан ортиқ онкологик касаллик билан оғриган беморлар билан ишладим. Улардаги ички қўрқув ва тушкунликни маълум маънода бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, ҳомиладорлар фарзандини соғлом дунёга келтириш борасида маслаҳат сўраб келишади. Ёш оналарга боласини дарсларга қандай қизиқтириш мумкинлиги, қўшимча машғулотларга йўналтириш борасида тавсиялар берамиз. Ҳатто оиласини сақлаб қолиш, турмуш ўртоғи билан муроса қилишда кўмак сўраб келаётган эркаклар сони ҳам анчагина. Фарзандлари ажрашиш арафасида турган ота-оналар уларни яраштириш мақсадида ёрдам истаб келяпти.
Ҳа, агар оилада аёл ўз ўрнига эга бўлса, ҳаётидан рози яшаса, бу шу хонадоннинг фаровон турмуши демакдир. Шунда у фарзандларини ҳам меҳр билан тарбиялайди. Жамият равнақи учун муносиб ҳисса қўшади.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
Обод маскан мусаффо муҳитдан бошланади
🕔11:43, 20.08.2026
✔84
Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо қадрияти. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий тараққиёт йўлидан дадил бориш, юртимизни бунёдкорлик ва фаровонлик масканига айлантириш имконини берди.
Батафсил
Меҳрга интилган беозор жонзотлар
🕔16:33, 06.08.2026
✔258
Мушуклар қулоқларини 180 даражагача айлантира олади, уларнинг эшитиш қобилияти эса инсонникидан камида беш баравар юқори.
Батафсил
«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф
🕔13:25, 20.07.2026
✔443
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
Батафсил