Ҳар йили муборак Рамазон ойида қилинадиган хайрли амаллар кўпчиликка маълум. Аммо уларнинг моҳияти-ю ҳикматидан бохабар бўлмаганлар ҳам йўқ эмас.
Аслида бу ойда қилинадиган ҳар бир иш ҳикматдан холи эмас. Бир қарашда эътиборсиздай туюлган амаллар алал-оқибатда катта-катта фойдалар, афзалликлар, савоблар касб этишимизга сабаб бўлади. Бироқ қилаётган амалларимиз моҳиятини ўйлаб кўрмасдан, айрим билимсиз кимсаларга тақлидан кўр-кўрона эргашиш ортидан баъзи бир хатарлар ҳам келиб чиқиши мумкин.
Ҳар бир ишни тафаккур билан бажариш, унинг асл моҳиятини ўрганиш динимизнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Рамазонда биз билиб-билмай қиладиган айрим ишларнинг ҳақиқати ҳақида юртимизнинг бир қатор олимлари қуйида тегишли кўрсатмаларни баён қилишди.
Хулқ зийнатли бўлса...
Анвар қори ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:
— Рамазони шариф — йилнинг энг хайрли мавсуми. Бу ойда қиладиган амалларимиз бизни ёмонликдан йироқлаштириб, яхшиликка етаклаши зарур. Афсуски, айрим кишилар рўза тутишни фақатгина кундузи ейиш-ичиш ва айрим эҳтиёжлардан тийилиш деб тушунишади. Аслида, рўза воситасида қалбимиз гуноҳ қилишдан ҳам тийилиши шарт. Акс ҳолда, рўзадан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.
Тижоратчи ўзи рўзадор бўла туриб, уч-тўрт сўм устида каззоблик қилса ёки рўзадор бўла туриб, зиммамиздаги бошқаларнинг ҳақига бепарволик қилсак, ўз манфаатимиз учун ўзгалар дилини ранжитсак, рўзадорликнинг чинакам фойдасидан баҳраманд бўла оламизми?
Ёмонликлардан четланиш ҳамда яхши амалларга одатланиш Рамазонда бироз осон кўчади. Сабаби инсоннинг икки душманидан бири — шайтон — бу ойда кишанбанд қилинади. Иккинчи душманимиз нафс эса, ожизланиб қолади. Уни жиловлаб, тизгинга солиб олиш осон кечади. Шунинг учун Рамазон турли ёмон одатлардан воз кечиш ҳамда яхшиликларни бошлаш ва бу йўлда бардавом бўлиш мавсумидир.
Рўзадор инсон Рамазондан онадан янги туғилгандай гуноҳлардан покланиб чиқиши керак. Агар хулқ-атворимизни тўғриламасак, бундай бахт-саодатга эриша олмаймиз.
Зарар етказишдан сақлайди
Маъмуржон ЭРКАЕВ, исломшунос:
— Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. Рўза ҳақидаги оятнинг охирида: «Шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз», дейилган. Оятдаги «шояд» сўзи «албатта» маъносидадир. Яъни, «Албатта (рўза сабабли) тақволи бўласиз», маъносини ифода қилмоқда.
«Тақво» сўзи араб тилида «сақланмоқ», «эҳтиёт бўлмоқ» маъноларини англатади. У «виқоя» сўзидан олинган бўлиб, озор ва зарар берадиган нарсадан тўсишни англатади. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Тақво — Оллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш», — деган экан. Бундай сифатга эга бўлган кишиларнинг мукофоти — жаннат.
Тақволи инсонлар ўзи, атрофдагилар ва жамиятга зарар етказадиган ишларни қилмайди. Бу нарса жамиятда тартиб-интизом, ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшаш каби инсоний фазилатлар юзага келишига сабаб бўлади.
Рўзадор ихтиёрий оч қолиб, эҳтиёжмандларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиб, доимо уларга яхшилик қилиш кераклигини ҳис қилиб туради. Натижада, жамиятда тенглик юзага келади.
Ифторлик эстафета эмас
Одилхон ИСМОИЛОВ, Шайxонтоҳур тумани бош имом-хатиби:
— Рамазон бошқа ойлар каби оддий ўтиб кетмаслиги керак. Айниқса, бу ойда қариндош-уруғ, яқинлар ва қўшни-маҳалладошлар ҳолидан хабар олиб, улар билан доимий яхши муносабатда бўлиш зарур. Аслида бу ишни йил бўйи қилиш керак. Имконини топганлар моддий тарафдан, бошқалар яхши муомала, очиқ чеҳра ва табассум, икки оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам одамлар қалбига хурсандчилик киритишлари, ён-атрофидагилар кўнглини тоғдек кўтариши мумкин.
Рамазонда кимўзарга ифторлик қилиш ўрнига эҳтиёжмандларга хайру саховат кўрсатиш афзалдир. Аслида ифторликнинг энг яхшиси ҳақдорларга таом бериш ва уларни либос билан таъминлашдир.
Ҳадисларнинг бирида: «Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади», дейилган. Рамазон иссиқ кунларга тўғри келган маҳалда бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта нарса. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. У ҳам бўлса ифторлик маросимларида исрофгарчилик ва дабдабага берилиш иллатидир. Ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан, исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиш шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади. Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда.
Рамазон тақво ойи, Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан фойда йўқ. Устига-устак, бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжга чиқади. Бу ишга ҳам меҳмонга ҳақдор кишиларнинг таклиф қилинмаслиги сабаб бўлади. Ифторликка келган бадавлат кишилар меҳмоннинг дидига, меҳмон кутиш санъатига, бойлиги ва дастурхонга нималар қўйишига қараб унга баҳо бериб кетишади. Бу кейинчалик омма ичида гап-сўз бўлади. Ифторлик қилаётган одам ҳам мана шу жиҳатни ёдда тутиб, нима топса, дастурхонга қўяди. Одамларни рози қилиш, уларнинг кўнглини олиш пайида бўлади. Агар етим-есир ва муҳтожлар меҳмонга чақирилса, улар қорни тўйгани учун бир хурсанд бўлса, бой-бадавлат кишилар уларга меҳр кўрсатгани учун икки баробар хурсанд бўлади. Оллоҳ ҳам мана шундай ифторликдан рози бўлади.
Ҳар амали ҳикматдир
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси:
— Рамазон ойи бизга ўз фойдамизни эмас, бошқалар манфаатини кўзлаб яшаш кераклигини ўргатади. Бу ойда қилинадиган ҳар бир амал ўзига хос ҳикматдан холи эмас. Масалан, ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик тавсия қилинган. Бу ишда кўп ҳикмат бор. Зеро, Оллоҳ рўзани инсонга очликни ҳис қилиб туриши учун жорий қилган. Кундузи бироз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш, биринчидан, рўзанинг ҳикматига зид, иккинчидан, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин.
Кундузини уйқу билан ўтказиш ҳам рўзанинг савобини кетказади. Чунки, кўп ухлаш билан киши умрини зое ўтказган бўлади, хусусан, Рамазон ойида савобли амаллар билан машғул бўлиш ўрнига, уни ғафлатда ўтказиш айни нодонликдир. Лекин кечаларни бедор ўтказиш ниятида кундузи бироз дам олса, зарари йўқ.
Рамазон ойи азалдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Қурби етганлар, яъни биринчи навбатда саломатлиги имкон берадиганлар рўза тутишлари билан бир қаторда моддий имкониятлари борлар ёлғиз кишилар, боқувчисини йўқотганлар, талабалар ва бошқа ҳожатмандларга ёрдам тариқасида закот берадилар. Бирон бир сабаб билан ораларида гина-қудурат пайдо бўлганлар бу ойда бир-бирларини афв этадилар, беморларга, етим-есирларга алоҳида эътибор ва меҳр-мурувват кўрсатишади.
Ғуломжон БОБОЖОНОВ
тайёрлади.