Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

МАЙДА «ОЛДИ-БЕРДИ»ЛАР

катта иллатларга етаклайди 

Бирор идоранинг эшигини тақиллатиб борар эканмиз, аввало, ишимиз тезроқ битишини истаймиз. Бунинг учун хоҳлаб-хоҳламай кимнингдир чўнтагига «атаганимиз»ни солиб ўрганиб қолганмиз. Аслида манфаат юзасидан бериладиган уч-тўрт сўмнинг зарари йўқдек туюлади. Лекин…

МАЙДА «ОЛДИ-БЕРДИ»ЛАР

 

Жамиятдаги муносабатлар тизими бир-бири билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, биз кўрадиган манфаат бошқаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик зарур. Бу иллатнинг янада чуқур илдиз отишига қайсидир маънода «ҳисса қўшаётганимиз» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрамизми?

«Қўл ҳақи» ниқоби билан

— Оилавий поликлиникага тиббий маълумотнома сўраб чиққандим, — дейди Марҳабо АВЕЗОВА. — Шифокор қабулига кириш учун анча навбат кутишимга тўғри келди. Мендан кейин келган беморларни ҳамшира фамилиясини ўқиб, чақириб олиб кириб кетаверди. Уч-тўрт кишининг навбатсиз кириб чиққанидан тоқатим тоқ бўлди-да, шарт эшикни очдим. Шу пайт бир аёлнинг шифокор чўнтагига пул солаётганига кўзим тушди. Муаммонинг асл сабаби нимада эканини кейин тушундим. Шифокор ҳатто нима мақсадда келганимни айтганимда ҳам бепарволарча қараб, ҳамшираларга «ёрдам бериб юборинглар», деб хонадан чиқиб кетди. Ҳамширалар бўлса, маълумотнома қоғозини қўлимга тутқазиб, «10-15 нусхада кўпайтириб келинг», дейишди. Малол келса-да, ишимни битириш илинжида ёнимдан пул сарфлашга мажбур бўлдим.

Айрим шифокорларнинг беморга қилаётган беписандларча муносабатига уларнинг тамагирликка ружу қўйиши, ҳар кимдан нимадир манфаат кутиши сабаб бўлаётгани жуда ачинарли ҳолат. Бу муаммони ўрганиш мақсадида бир-иккита тиббиёт муассасаларидаги кўз шифокори, отоларинголог, терапевт ҳузурида бўлдик. Улар «қўл ҳақи», деб узатганимизни индамай олиб қолишди. Ҳатто бир шифокор ҳеч нарса бермай чиқиб кетаётганимизни кўриб, ўн беш минг сўраб олди. Фақатгина дерматолог биз раҳмат айтиб столида қолдирган ўн минг сўмни қайтиб қўлимизга тутқазди. Шунда ҳали ҳалол ва виждонли инсонлар борлигидан кўнглимиз кўтарилди.

— Аслида «қўл ҳақи» қимматли вақти ва кўз нурини сарфлаб меҳнат қилган тикувчи, уста ёки мардикорнинг хизмат ҳақидир, — дейди Зангиота тумани «Сортепа» МФЙ маслаҳатчиси Мақсуда МУСАЕВА. — Улар кўпинча олдиндан келишмай, кимнингдир ишини бажариб бергандан сўнг берилган «қўл ҳақи»га рози бўлиб кетаверишган. Азалдан ота-боболаримиз «хизматингни қилган кишининг ҳақини пешона тери қотмасдан бергин», деб уқтириб келишган.

Баъзан бемор соғайиб, шифокор сўрамаса ҳам кўнгилдан чиқариб нимадир илинади. Шунда унинг «мени бир дуо қилинг, бошқа ҳеч нарса керак эмас», дегани икки томонни рози қилади. Аслида шифокор халққа кўрсатган беминнат хизмати учун, белгиланган маошни олади. Тамагирлик эса ўша кишига нисбатан нафратни пайдо қилади. Бемор одам ёнидаги пули ҳисоб-китобли бўлса ҳам, мажбурликдан беради.

Онг мажруҳ бўлса

Маҳалла идорасига маълумотнома, тавсифнома олиш учун тез-тез мурожаат қиламиз. Кўпинча керакли ҳужжатни олгач, масъул ходимнинг «атаганингизни ташлаб кетарсиз», деган гапидан сўнг ноилож чўнтак кавлаймиз.

Айни шу масала юзасидан Тошкент вилоятининг айрим маҳаллаларига бордик. Бундай ҳолатнинг сабабини суриштирганимизда, маҳалла раиси ва маслаҳатчилари қоғоз ва бошқа канцелярия маҳсулотлари таъминотида муаммолар борлигини сабаб қилиб кўрсатишди. Уларнинг айтишича, маҳаллада кўрсатиладиган хизматларнинг барчаси бепул, аммо имкони бор фуқаролардан ҳомийлик ёрдами сўрашар экан. Кам таъминланган ёки боқувчисини йўқотган кишилар бундан мустаснолигини қайта-қайта такрорлашди. Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларнинг кўрсатган холис ёрдами уларнинг ишини янада енгиллаштираётган экан.

Бу борада фуқароларнинг фикри билан қизиқдик. Улар ҳар сафар маҳаллага бирор ҳужжат сўраб чиққанда, ходимларнинг қоғоз учун пул сўрашларини айтишди. Доимий одат тусига кириб қолган бу олди-бердига одамларнинг ўзи ҳам кўникиб қолганини рад этиш қийин.    

— Аввало, бу муаммони бартараф этишни маҳалладан бошлашимиз керак, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид КЎЧИМОВ. — Маҳалла мутасаддилари кўрсатган хизматига ҳақ сўраб турганда, бошқалардан нима кутиш мумкин? Бу иллат одамларнинг онгига ҳам сурункали касалликдай ўрнашиб олган. Шундай экан, тарбияни ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳозир пул бермагандан сўраб олишга кўпчиликнинг ҳадди сиғмаяпти. Агар биз бу салбий одатни тўхтатишга уринмас эканмиз, яна аслига қайтиши ҳеч гап эмас. Ҳаётимизда кенг миқёсда олиб борилаётган ривожланиш, тартиб-интизомга ундовчи ҳаракатга ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Тамагирлик инсон маънавиятига путур етказади, нафсига эрк бериб, очкўзлик, оқибатсизлик, бир-бирига бўлган муносабатларни бузади. Унинг асорати маълум доирага эмас, бутун тизимга, мамлакат тараққиётига таъсир кўрсатади. Маҳаллада бошланса, туман ва вилоятга чиқади. У вақтида суғуриб ташланмаса, чуқур илдиз отади.

Баъзан тамагирга нисбатан атрофдагиларнинг муносабатини кўриб ҳайрон бўламан. Иши осон битишини ўйлаб, бу ҳолатни қониқиш билан қабул қилишади. Айниқса, таълим соҳасида тамагирликка йўл қўйиш фарзандларимиз онгини мажруҳ қилиш билан баробар. Уларда «пулсиз ишим битмайди», деган хулосанинг пайдо бўлиши жамиятнинг фожиаси. Бундай ҳолатларни кўрганда бонг уришимиз керак. Уларга чора кўрадиган қонун, мутасадди ташкилотлар бор, деб лоқайдликка берилишнинг оқибати аянчли.

Ўрганган кўнгил...

— Аввалроқ онамнинг нафақасини олиш учун қишлоқдаги почта бўлимига борган эдим, — дейди бир танишим. — Раҳмат айтиб, энди чиқиб кетмоқчи бўлганимда, ортимдан айтилган «ойингиз икки-уч минг бериб кетарди, сиз ташлаб кетмайсизми?», деган гапдан тўхтаб қолдим. Уйга келиб онамдан бунинг сабабини суриштирсам, бир марта пул бермагани учун нафақаси анча кечикиб кетганини айтди...

Буни нима билан изоҳлаш мумкин? Нуронийларнинг кўнгли бўшлигидан фойдаланиб, ўрганган кўнгли ўртанаётган бундай кишилар ўз виждони олдида қандай жавоб беради?

— Ҳар бир инсон ўзи масъул бўлган вазифасини ҳеч кимдан ҳеч нарса тама қилмасдан, сидқидилдан адо қилиши керак, — дейди Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Ислом УБАЙДУЛЛАЕВ. — Аслида масъул кишиларнинг жамиятда бажарган ҳар бир иши учун муайян иш ҳақи белгиланган. Айрим соҳаларда эса хизмат кўрсатувчи билан мижознинг ўзаро келишуви асосида ҳақ тўланади.

Қайсидир хизмат эвазига берилган нарсани олишнинг хатарли тарафлари кўп. Бунинг учун ўз ҳақи ёки ўз ўрнида берилган ҳадя бўлиши керак. Ҳадя — бирор кишига ҳеч бир ғаразсиз бериладиган нарсадир. Тамагирлик билан бошқаларнинг қўлига қараб яшашни касб қилиб олиш инсонни меҳнатсиз пул топишга ўргатиб, боқиманда қилиб қўяди. Бу эса жуда хатарли иллатдир.

Баъзан арзимасдек кўринган нарсалардан катта-катта муаммолар юзага келишини ўйламаймиз. Буни англаб етиш учун бироз мушоҳада қилиб кўриш керак, холос. Қайси соҳа вакили бўлмайлик, виждонимиз олдида пок бўлиш учун ўзимизни тарбиялаб боришимиз зарур. Оиламиз ва фарзандларимиз учун тиним билмай меҳнат қиляпмизми, уларга ҳалол луқма едириш кераклигини ҳам унутмаслигимиз шарт.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔8

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар