ёхуд чумолига жо бўлган ҳикмат
«Нима сабабдан биз кўпроқ оила ва унда юз берадиган муносабатларга эътиборли бўламиз? Нима учун оилада ўзимизни яхши, бахтли ҳис этсак, ишимиз ҳам юришгандек, омадимиз чопгандек бўлади?»
Республика «Оила» илмий-амалий маркази ходими, оила масалалари бўйича тажрибали психолог Феруза Акрамованинг юқоридаги мулоҳазалари ҳар бир кишини жиддий ўйлаб кўришга ундайди. Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг бахтга бурканиши ҳам ёки заҳар-заққумга айланиши ҳам мана шу қўрғонга боғлиқ. Хўш, бунга сабаб нима?
Аслида оила ҳаётимиздаги энг азиз даргоҳ экани шубҳасиз. Лекин буни ким қай даражада идрок эта оляпти?
Яқинда чекка бир ҳудуддан таҳририятимизга мурожаат хати келди. Унда келинчак турмуши бузилиб, ҳаёти барбод бўлиб, икки фарзанди билан кўчада қолиб кетаёзганини ёзиб, ёрдам сўрабди...
Масалани атрофлича ўрганиб чиқдик. Мухбиримиз воқеа жойига бориб, шу ишга алоқадор ҳар бир киши билан алоҳида суҳбатлашди. Икки томон ҳам ўзини мутлақ ҳақ деб билиши, иккинчи томонни эшитишни истамаслиги, маҳалла-кўй ва бошқа масъулларнинг бу мунозара билан бир неча йилдан бери шуғулланишлари иш бермаётгани аянчли эди. Агар ёш оила ажрашиб кетса, ўртада икки норасида тирик етим қолиши аниқ...
Дунёдаги ҳеч қайси қонун-қоида лоақал биргина гўдакни ота-она меҳридан бебаҳра қолдиришга арзимайди. Энг мукаммал ҳаёт тарзи ҳам болага ўзининг ота-онаси кўрсатадиган меҳрни туҳфа этолмайди. Кези келганда бир боланинг тирик етим қолмаслиги учун бошқа барча манфаатлар ортга чекинади.
Шу нуқтаи назардан ёндашилса, келиннинг ношуд ва эпсизлиги ёхуд куёвнинг бошқа аёлларга ҳавасмандлиги болаларни тирик етимликка маҳкум қилишга сабаб бўлолмайди. Олиб борилган тезкор чоралар, ўринли тушунтиришлар орқали қисқа вақт ичида сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Куёв томон барбод бўлаётган оилани қайта тиклашга қарор қилди. Ўз пуштикамаридан бўлган икки фарзандни етимчага айлантириб, кўчада қолдириш кимга ҳам бахт берарди...
Аслида ўртада ажрашиш учун жиддий бир сабаб йўқ. Ҳаммаси оддий бир тушунмовчилик орқасидан юзага келган. Агар ҳар икки хонадоннинг катталари, маҳалла-кўй, қолаверса, шу ишларга масъул бўлган маслаҳатчилар ўз вазифасига астойдил киришса, муаммо осонликча ҳал бўлади.
Орият бўйдан баланд
«Қизимнинг турмуши ўхшамаяпти, — дейди Вобкент туманидан таҳририятга хат йўллаган мухлисимиз. — Нима бўлганда ҳам мен унинг ажрашиб кетишидан хавотирдаман. Тўғри, кейинчалик у яна оила қуриб, ҳаётини изга солиб олиши мумкин. Лекин мен зиёли инсон сифатида «қизи ажрашган экан», деган гапдан эл орасида қандай қилиб бош кўтариб юраман...»
Ҳа, оила биз учун никоҳ воситасида боғланган икки кишининг шунчаки биргаликдаги турмушигина эмас. Бир хонадон ёки бир уруғнинг шаъни, ҳурмати, обрў-эътибори, қўйингки, ҳаётидаги энг муҳим қадрият ҳамдир. Фарзандининг турмуши ўхшамагани сабабли боши хам бўлган, қадди эгилган, эл орасида юролмай қолган, ҳатто шу шармандалик орқасидан қаттиқ сиқилиш натижасида бир умрга татигулик оғир хасталикка чалинган одамлар орамизда йўқ эмас. Бир оиладаги нотинчлик ота-она, буви-бобо, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйнинг хотиржамлигига путур етказиши шубҳасиз.
Шукрки, бизда оилани муқаддас деб билиш ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган азалий қадрият сифатида яшаб келаётир. Бу таомилни аждоддан авлодга олиб ўтиб, изчил тарғиб қилиш учун давлат ва нодавлат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилаётгани ҳам қувонарли. Лекин бу оила борасида ҳамма ишни бажариб қўйдик, дегани эмас. Қадриятларимиз ҳақида қайғуриш бир нафас танаффус билмайдиган узвий жараён.
Оилани муқаддас деб билиш, уни қадрият даражасида англаб етиш жаҳон миқёсида бугун бир қадар эътиборсиз қолаётгани ҳақиқат. Биргаликдаги турмуш, инсон наслини давом эттириш, фарзандлар истиқболи ва бахт-саодати учун меҳнат қилиш худбинлик, ўткинчи кайф-сафо, оний лаззат, масъулиятдан қочиш, ҳой-ҳавасларга ортиқча гирифторлик каби носоғлом назар ва ноўрин ҳаёт тарзининг қурбонига айланиб боряпти. Бунинг оқибатида турмуш қуришни истамаслик, оилага фақатгина оддий жуфтлашиш истаги деб қараш, ихтиёрий равишда фарзандсиз ҳаёт тарзини танлаш каби ўнлаб иллатлар кундан кунга кўпаяётгани ҳам рост. Айрим давлатларда ажримлар, ҳатто етмиш фоизни ташкил қиляпти. Ажримдан сўнг ота-онанинг бетизгин хоҳишлари қурбонига айланаётган миллионлаб норасидалар ҳар йили тирик етимлар сафига қўшиляпти. Яна булар ҳисобига ижтимоий-сиёсий нотинчликлар туфайли ота-онасидан, оиласи ва бошпанасидан айрилган болалар ҳам қўшилса, жаҳонда ҳар йили неча миллион бола оила бағридан қўним тополмай, ота-она меҳрига ташналикда, ўксик ва хастаҳол кун кечираётгани аён бўлади. Оилага шунчаки кўнгилхушлик деб қараш, турмуш муносабатларида ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмаслик, орзу-ҳавасини ҳамма нарсадан устун қўйиш аслида инсонийликдан анча йироқ ҳолатлар эмасми?
Атрофимизда инсондан бошқа жониворлар ҳам жуфт-жуфт, гала-гала, туркум бўлиб яшаяпти. Масалан, турналар ўз галасидаги биттагина турнани ҳам ёлғиз ташлаб кетишмайди. Полапонларини эса, асло! Барча мавжудотдан олий ва мукаррам саналган инсонга эса баъзан ана шу жондорлар ҳам ўрнак бўлмоқда.
Энг катта таҳдид
Мутахассисларнинг аниқлашича, дунё бўйича қайд этилаётган ажримларнинг энг асосий сабаблари — ёлғиз яшашни афзал билиш, хиёнат ва бегоналашув, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик, бепуштлик ёки фарзанд кўришни истамаслик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорлик, бир-бирига ишончсизлик... Бугун булар сафидан компьютерга қарамлик, бир жинслилар орасидаги муносабатлар каби янги иллатлар ҳам жой эгаллай бошлади. Тобора ривожланиб бораётган виртуал тармоқ кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиддий муаммоларни ҳам олдимизга қўя бошлади. Бир жинслилар орасидаги муносабатнинг айрим давлатларда расман тан олиниши, қонун билан ҳимояланиши, ҳатто рағбатлантирилиши эса оила муқаддаслигига рахна солувчи, инсоният наслини қуритувчи, одамзотнинг соғлом табиатини емириб тугатувчи энг катта таҳдид бўлиб бормоқда.
Жар ёқасидаги ҳаёт
Европанинг кўпгина давлатлари неча йиллардан бери туғилиш камлиги туфайли аҳоли сони камайиб кетаётганидан хавотирга тушмоқда. Агар вазият шундай давом этаверса, яқин юз йил ичида ҳатто айрим халқлардан саноқли кишиларгина қолиши тахмин қилинмоқда. Бу оиланинг таназзулини очиқ-ойдин кўрсатадиган илмий мулоҳазалар. Бундан эллик-етмиш йил олдин йўл қўйилган жиддий хатолар бугунга келиб аянчли тус ола бошлади. Ўнлаб мамлакатларда оила деб аталадиган муқаддас қадрият жар ёқасига келиб қолди. Буларнинг барчаси оилавий ҳаётда мустаҳкам, асосли, умумэътироф этилган аслий анъана ва асосларга таянмаслик оқибатидир.
«Ислом динига амал қилувчилар орасида ажримлар анча камлигини эътироф этишимиз керак, — деб ёзади бу борада йирик тадқиқотлар олиб борган Татьяна Рублева электрон нашрлардан бирида чоп этилган мақоласида. — Балки бунинг боиси талоқ ҳуқуқи фақат эрларда бўлгани учундир? Чунки дунёда «характеримиз тўғри келмади», деб оиласини барбод қилаётганлар кун сайин кўпайиб боряпти...»
Дарҳақиқат, оила борасида ўзининг кўп асрлик мустаҳкам иродасига эга ҳудудларда нохуш ҳолатлар нисбатан кам кўзга ташланади. Бугун Португалия 67 фоиз ажримлар билан дунё рўйхатининг бошида турган бўлса, бу кўрсаткич Эстонияда 58, АҚШда 53, Россияда 51 фоизни ташкил этяпти. Ўзбекистон бу рўйхатнинг охирги ўринларидан бирида экани (8 фоиз) халқимизнинг оилага муносабати анча қувонарли эканидан далолат беради.
Қўрғонга қаратилган ҳужум
Мутахассисларнинг аниқлашича, бугунги кунда инсоният бошига улкан фалокат тарзида ёғилаётган оммавий хатарлар асорати муқаддас оила тушунчаси йўқ бўлганда бўй кўрсатади. Жумладан, охири муқаррар ўлим бўлган ОИТСга йўлиқишнинг асл негизи ҳам оилани, оилавий муносабатларни оёқости қилиш оқибатидир. Шунингдек, бузғунчи экстремист-террорчи гуруҳлар ҳам ҳали оила қурмаган ёки оилавий муаммолар гирдобига тушиб қолган кишиларга биринчи навбатда хўрак ташлаяпти. Жондан азиз фарзанди кўзидаги бир томчи ёш залворини ҳис қила олмаган бадбин ва манқурт кимса худкушга айланиб, бутун инсониятни хатарга қўйяпти. Янги фитналарнинг жуда кўпчилиги оила қўрғонига штурм қилишни кўзлаётганини инкор этиб бўлмайди.
Чумолидан ўрнак
...Ўз тўпидан ажратиб қўйилган чумоли ҳар қанча қулай шароитда бўлса ҳам шерикларисиз узоққа боролмас экан. Шериклари — унинг оиласи. Чумолига жо бўлган бу ҳикмат бошқа бир ҳақиқатнинг юзини очади. Оиладан айро қолдирилса, инсоният ҳам ҳар қанча зўр бўлса-да, юксалиши, тараққий этиши, узоққа бориши маҳол...
Ислом УБАЙДУЛЛАЕВ