Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Пул ўзингиз- никидир, аммо... Ресурслар – ҳамманики

Яқинда интернетда ўқиб қолдим. Маълумотларга кўра, исрофгарчилик туфайли жаҳон иқтисодиёти ҳар йили қарийб триллион доллар зарар кўрар экан. Рақамлар даҳшатли-а? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ана шу рақамлар ортида нима турибди?

Пул  ўзингиз-  никидир, аммо...  Ресурслар – ҳамманики

Сизу бизнинг чек-чегарасиз ҳою-ҳавасларимиз эмасми? Беҳисоб табиий ресурсларни одамзот ўзининг тийиқсиз эҳтиёжларини қоплашга сарф этаётгани эмасми?..

Умумовқатланиш жойлари: ошхона, кафе, ресторанларда, оилавий дастурхонимизда, айниқса тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай бонг урмоқдамиз. Аммо, кибру ҳаво эгалари «Сарфлаётган бўлсам – бу ўзимнинг пулим, ўзимнинг топган-тутганим, ўзимнинг мулким», – дея эътироз билдирадилар.

Тўғри, пул ўзингизники, аммо, шу керагидан ортиқча сарфлар, меъёрини билмаслик ёки дабдабали тўй деб сарф қилинаётган, беҳудага исроф бўлаётган электр энергияси мамлакат энергия тизимининг бир қисми-ку. Энергия дарёлардан олинади. Дарёларнинг эгаси сизми? Дарёни сиз яратганмисиз? Дарёлар пулингизга бунёд бўлганми?..

Тоғларга тушган қорлар сувга айланади. Тоғларга қалин қорлар ёғмай қўйди. Йилдан-йилга чўлланиш кучаймоқда. Тоғларни қор билан қоплашга пулингиз етадими?

Сарфланаётган ёқилғилар-чи? Пулингиз билан ер ости бойликларимизни қайта тиклай оласизми?

Бир кунлик тўй ўтгач, бир неча соат ичида айниб қоладиган ноз-неъматларнинг дастурхонга келгунича боғбонлар озмунча меҳнат қилганми? Биргина нон ва нон маҳсулотлари тандирга, печларга киргунича сарф бўладиган меҳнатни кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Бир қоп уннинг нон бўлгунича қилинадиган заҳматни ҳисоблаб чиқайлик.

Чиқиндига улоқтирилаётган сабзавотлар, мевалар, нонлар керагидан ортиқ сотиб олингани ва моғор босиб, қуртлаб кетгани, эскиргани учун ташлаб юборилмоқда-ку ахир!

Биргина буғдой униб чиққач уни асраш учун олимлар, деҳқонлар нималардан эҳтиёт бўлишини, бу учун қанча билим, салоҳият, қолаверса асаб кетишидан огоҳмизми? Буғдой униб чиққач ғаллазорларда буғдой трипси деган ҳашорат пайдо бўлади. У Ўзбекистондаги барча ғаллазорларга мўри-малахдек ёпишади. Бу зараркунанда ғаллада бошоқланиш даври бошланиши билан пайдо бўлади. Личинкалар бошоқ қобиғи ичига кириб, қобиқ ва гул ширасини, кейинчалик дон ширасини сўриб озиқланади. Ўсимликлар дағаллашиб, донлар пишиб, ҳосил йиғим-теримга яқинлашганда личинкалар озиқланишни тугатиб тупроққа тушиб кетади. Кейинги йил ҳосилини кутади.

Мана шу зараркундадан буғдойни ҳимоя қилиш учун фермерлар дала майдонларида озумунча меҳнат қилишмайди. Қанча заҳар ютиб ҳосилни асрайди. Ҳар бир препарат учун давлатнинг қанча маблағи сарф бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

Биргина ғалла экинига 500 дан ортиқ турдаги зараркунандалар зарар етказиши мумкин экан. Улар экинларнинг бутун вегетация даврида илдизи, пояси ва генератив органларини зарарлайди. Улар ҳосилнинг сифатига ва миқдорига салбий таъсир қилади. Энг хавфли жиҳати, бу зараркунандалар ҳар қандай иқлим шароити ва ўсимлик турларига мослашиб, ғалла экилган майдонларда тезликда кўпайиб, ривожланар экан.

Айни ҳосил етилиб турган пайтида пайдо бўладиган зараркунандалар билан курашиш ҳали давом этмоқда. Бу препаратлар устида минглаб олимларимиз ўқув майдонларида, лабораторияларда, илмий текшириш институтларида, академияларда тажрибалар ўтказмоқда.

Ҳа, биз «пул ўзимники», деб ресурсларни исроф қилгунга қадар ҳам мамлакатнинг иқтисоди мана шундай кўзга кўринмас йўқотишларга дуч келади. Аслида Ўзбекистон иқлими зараркунандаларнинг ривожланиши учун жуда қулай бўлиб, кўпгина турлар бу ерда бир неча авлод бериб ривожланади. Ширалар, ўргамчаккана, олма мевахўри, шарқ мевахўри ва бошқалар шулар жумласидан. Олма, ўрик, анор, узум, олхўри, олча, гилос, ёнғоқ каби меваларнинг сархил ҳолда бозорларга келгунича парваришидаги саъй-ҳаракатлар, то бозорга етгунича транспортларда зарарланмаслиги ва етказиб бериш хизматларини ҳисобласак, қанчадан-қанча азиз инсонлар меҳнатини менсимаётганимиз кўриниб турибди.

Юртимиз аҳолиси йилига қарийб бир миллион нафарга ўсиб бормоқда. Ер ва сув манбалари чекланган.

Ички бозор барқарорлигини омилкорлик ва ҳосилдорлик орқали таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда. Ҳар йили мамлакатимизда 5 миллион гектарда экинлар етиштирилади. Шундан 2 миллион гектардан зиёд ерга мева-сабзавот, картошка, дуккакли ва полиз маҳсулотлари экилади.

Президентимиз ноқулай об-ҳаво шароитларида деҳқонлар зарарининг олдини олиш бўйича топшириқ берган эди. Шунга мувофиқ хорижий мутахассислар билан бирга «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг қабул қилиниши деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий ҳимоясини таъминлади.

Ўзбеклар қадимдан эртасини ўйлаб иш тутадиган халқ. Бугун-чи? Бугун эртамизни ўйлаяпмизми? Биз ўтиб кетгач 10 йил, 50 йил ёки 100 йилдан сўнг авлодларимиз қандай яшайди? Биз ота-боболаримиздан омонатга олган еримиз, ҳавомиз, сувимизни уларга қандай аҳволда қолдирмоқдамиз?

Ҳар куни уйимиз яқинидаги чиқиндихонларда катта-катта қутиларда нон ва нон маҳсулотлари уюлиб ётганига кўзимиз ҳам ўрганиб қолган. Оила давраси дастурхонида мазали таомлар кўплигидан охиригача ейилмай тўкиб юборилишини одатий ҳол деб биламиз.

Кафе, ресторанларда бир неча таомга буюртма бериб, дастурхонда буюртманинг 30 фоизи ортиб қолса, бепарво ташлаб кетамиз. Гарчи биздан қолган қолдиқни бошқалар ҳам емаслигини биламиз. Биз кўзи очликка йўл қўйиш билан бирга, ҳамманинг ҳақи бўлган қанча-қанча табиий ресурсларни исроф қиляпмиз ахир.

Бир-биридан чиройли кўп қаватли уйлар ёнида қурилган чиқиндихоналарга ҳар куни, ҳар соатда бепарволигимиз туфайли чириб қолган мева-сабзавотлар, айнаган овқатлар, ҳали суви қочмаган пишириқлар, қандолатчилик маҳсулотлари тонна-тонналаб кириб келаётганига нима дейсиз? Исрофгарларнинг боши камбағалликдан, қарздан, надоматдан чиқмайди, деб бежиз айтмаган ота-боболаримиз. «Уйингдаги идиш ярқираб, тоза турмас экан, уйингда барака бўлмайди. Қайси уйнинг ошхонасида айниган овқат ҳиди келса, ўша уйдан барака узоқлашади. Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан» деган ҳикматли гаплар ҳам шунчаки ўйлаб топилмаган.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. БМТ ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидлаяпти. Зеро, идеал ҳолатда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари барчани озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш ва одамлар учун рисоладагидек даромад манбаини яратиб беришга қодир. Боз устига, бундай ҳолатда инсон манфаатлари йўлида ҳам қишлоқ хўжалиги ривожланади, ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ижроси таъминланади.

Нега башарият фаровонлиги ва келажагига хизмат қилувчи мана шундай нуфузли ташкилот бу борадаги нуқтаи назарларни янгилаш ғоясини илгари сурмоқда?

Чунки табиатга бефарқ муносабат, унга антропоген таъсирнинг кучайиб бориши, исрофгарчиликлар оқибати чигаллашмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу 2 млрд кишига етади. Уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Беш ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлимнинг 45 фоизи айнан тўйиб овқат емаслик натижасида келиб чиқаётир. Ҳозирги кунда ҳар йили 3,1 нафар бола айнан шу сабаб ҳаётдан кўз юммоқда.

Биз ердан узоқлашяпмиз. Қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг катта иш берувчи тармоқ бўлиши билан Ўзбекистонда ҳам бу соҳа энг қулай иш ўрни ҳисобланади. Бугун курраи замин аҳолисининг 40 фоизи айнан шу соҳа орқали тирикчилик қилади. Бу қишлоқлардаги ер тилини биладиган оилалар учун даромад келтирувчи ва бандликни таъминловчи асосий манбадир.

Яқинда БМТ томонидан соҳада яна бир ташаббусга қўл урилди. Яъни озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига қарши курашиш бўйича глобал кампания эълон қилинди. Бу ҳам айнан озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилади. Ушбу тузилманинг Атроф-муҳит бўйича ташкилоти (ЮНЕП) маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 1,3 млрд тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юборилар экан.

«Қотган нон. Бир ёғи чириган олма. Моғор босган пишлоқ. Бундай маҳсулотлар билан нима қилиш керак? Кўпчилик уларни ташлаб юборади. Дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқинди идишларида ётади. Жаҳон иқтисодиёти бундан ҳар йили қарийб триллион доллар зарар кўряпти», – де­йилади БМТ маълумотларида.

Азиз юртдошим, яшил иқтисодиётдан яшил тараққиёт сари интилаётган юртимизда ҳар бир тишлам нон, қултум сув кимнинг заҳмати эвазига эканини унутмайлик. Аҳолининг овқатланиш моделини яхшилаш мақсадида соғлом овқатланиш маданияти тарғиботини кучайтиришга ҳиссамизни қўшайлик.

Неъматларни исроф қилишдек мантиқсиз дабдабабозликларга чек қўйишда бир-биримизга камарбаста бўлайлик!

 

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган маданият ходими




Ўхшаш мақолалар

Табиатни асраш  орқали инсонни асраш мақсадининг рўёби

Табиатни асраш орқали инсонни асраш мақсадининг рўёби

🕔15:58, 26.06.2025 ✔46

Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот марказида инсон, унинг саломатлиги, фаровон ҳаёти, фарзандларининг келажаги ва шубҳасиз, уни ўраб турган табиат турибди.

Батафсил
Сирти ялтироқ  вагонлардаги «шароит»данкўпчилик нега норози?

Сирти ялтироқ вагонлардаги «шароит»данкўпчилик нега норози?

🕔16:15, 19.06.2025 ✔78

Йиллар ўтгани сайин ҳар бир соҳа замон талаблари даражасида ривожланиб бормас экан, одамларнинг турли эътирозлари ва танқид­ларига дуч келаверади. Сўнгги йилларда Ўзбекис­тон темир йўллари тизими ҳақида ана шундай фик­рлар бот-бот айтилмоқда.

Батафсил
Қуруқ ҳисобот билан қувурга  сув келмайди

Қуруқ ҳисобот билан қувурга сув келмайди

🕔17:09, 12.06.2025 ✔84

Бир томондан, расмий ҳисоботларга қараса­нгиз, Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда улкан натижаларга эришилган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар